Янги Ўзбекистондаги энг катта ислоҳотлардан бири, шубҳасиз, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар бўлди. Дастлаб «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» жорий этилиб, аҳолининг муайян қатламига зарур кўмак берилди. Бугунга келиб, бундай қўллаб-қувватлов янги босқичга олиб чиқилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу агентликнинг эътиборга молик ишларидан бири психологик ёрдамнинг жорий этилишидир.

Инсон руҳан тетик бўлса, ҳар қандай тўсиқни ишонч билан енгиб ўтади. Шу маънода, психологик кўмакни ижтимоий ҳимоянинг таянч устуни, десак муболаға бўлмас. Хўш, жамиятимизда психологик кўмакка қанчалик эҳтиёж бор эди? Уни тўғри ва самарали ташкил этиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Шу каби саволларга жавоб топиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими, психолог Бобур Абдуллаевга юзландик.

— Ижтимоий ҳимоя тизимида психологик кўмак доим долзарб бўлган. Келинг, аввало, халқаро тажриба ҳақида тўхталсак. Масалан, Германия, Буюк Британия каби давлатларда 1970 йиллардан бери ижтимоий ҳимоя тизимида психологлар фаолияти йўлга қўйилган. Яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг онги, хулқ-атвори, салбий эмоцияларини ижобий томонга ўзгартириш бўйича жуда катта ишлар қилинган. Бу жараён ўзини оқлаган. Адашмасам, 2024 йилда Германияда 23 миллион одамга ижтимоий хизмат кўрсатилган. Эътиборлиси, уларнинг деярли ҳаммасига параллель равишда психологик кўмак берилган. Бу нафақат бизнинг юртда, ҳатто ўша ривожланган мамлакатларда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар психологик ёрдамга эҳтиёж сезишини кўрсатади. Қандай зарурат бор эди, деган саволингизга мана шу факторнинг ўзи жавоб бўлади.

Энди психологик ёрдам қандай фойда беради, деган савол жавобига тўхталсак. Хизматнинг бу тури инсонга ички имконият­ларини очиб беради. Ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар руҳиятида босим бўлади. Улар ўзининг салоҳияти, ички ресурсларини билмайди ёки тўғри бошқара олмайди. Чунки қийинчилик туфайли ўзини таҳлил қилиб кўрмаган бўлади. Психологик ёрдамнинг асосий вазифаси инсонга ўз имкониятларини танитишдир.

Бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида фаолият юритаётган 300 дан зиёд психолог ўз олдига аҳолининг кучли жиҳатини кўрсатиш, ҳаётга, эртанги кунга қизиқишини уйғотиш, қарор қабул қилишдаги кўникмасини шакллантириш, оилавий муносабатларни тўғри йўлга қў­йиб, фарзанд тарбиясидаги камчиликларини бартараф этишни мақсад қилиб қўйган. Агар оилаларда мана шу муаммолар бўлмаса, деярли барча ижтимоий масала ечим топади. Бундан ташқари, агентлик психологлари имконияти чекланган шахс­ларнинг потенциали ва кучли жиҳатини аниқлаб, ижтимоийлашуви, касб эгаллаши, даромад топиши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қиляпти.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дас­тури ижросини таъминлаш учун халқаро тажрибани ўргандик. Ўша тажрибани миллий муҳитдан келиб чиққан ҳолда ҳаётга татбиқ этяпмиз. Аввало, камбағалларнинг хулқ-атвори билан шуғулланиш, кучли жиҳатини аниқлаб, ўзининг ресурси билан жамиятга мослашувчанлигини таъминлаш борасида ишлаяпмиз. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги дастур ижроси бўйича «Фаровон оила» тренинг дастурини йўлга қўйди. Унинг дастлабки босқичларидаёқ яхши кўрсаткичларга эришдик.

Масалан, илк саъй-ҳаракатни ўтган йил охирида Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида бошлаган эдик. Ушбу жараёнда асосий эътиборни инсонларнинг ҳис-туйғуларини бошқариш, оилавий муносабатларни яхшилаш, жамиятдаги мулоқотни тўғри йўлга қўйишга қаратдик. Шунда инсон тезроқ ижтимоийлашади. Агар одамда салбий эмоциялар кучли бўлса, ижтимоий изоляцияга тушиб қолса, ҳаётдаги мақсадларини ҳам унутади. Бу психологияда стигмация дейилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли орасида бундай ҳолат табиий равишда кўп кузатилади. Шу боис, уларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб иш тутяпмиз.

Келинг, аниқ натижаларни билиш учун ҳаётий мисолларга тўхталсак. Масалан, ўзимни ҳайрон қолдирган ҳолат Тошкент вилоятида содир бўлди. Бир фуқаро (исмини сир сақласак) шу вақтгача уй олиш борасида давлат идораларига жуда кўп мурожаат қилган. Бошқача айтганда, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган.

Фуқаро бир хонали уйда яшайди. Ижтимоий ҳолати ҳам шунга яраша. Унинг психологиясида катта уйга эга бўлсам, муаммоларим енгиллашади, деган қараш ўрнашиб қолган. Шу боис, ҳокимлик текин уй билан таъминласин, дейди. У билан суҳбатлашиб, оиласи билан яқиндан танишдик. Оилада турмушдан ажраб келган қиз, ўғил ва неваралар бор. Яъни оиласида меҳнатга лаёқатли инсонлар етарли. Ўзининг имконияти чекланган, ногиронлиги сабаб нафақада. Лекин ўзи ҳам меҳнатга, тикувчилик қилиб пул топишга лаёқатли. Ушбу фуқаро ва оиласи билан ишлаш жараёнида уларнинг ҳаётий қадриятларини, иқтисодий кўникма ва ­билимларини шакллантиришга эътибор қаратдик. Кучли жиҳатларини кўрсатиб беришга уриндик.

Яна бир жиҳат шуки, оилада низо бор экан. Масалан, она-бола муносабати мўътадил эмас. Бу бевосита психологик ­муаммо. Яъни мулоқот кўникмаси йўқлиги учун оилада тарқоқлик вужудга келган. Ногиронлиги бор она, турмушдан ажрашган қиз ва уйга эгалик қиладиган ўғилнинг кичкина бошпанада жойлашиши... ҳолатни тасаввур қиляпсизми?!

Хуллас, улар билан бир ой шуғулландик. Натижада фуқаро фарзанд тарбиясидаги хатоларини англади. Уларнинг барчаси ўзаро мулоқотдаги камчиликларини тушунди. Бутун оила мақсадга эришишида уларнинг ҳар бири қандай вазифага эга экани, ким нима қилиши кераклигини англаб етди. Натижада оила даромадини ошириб, субсидия асосида уй олиши мумкинлигини тушунди. Шу тариқа битта оилада ҳамжиҳатлик пайдо бўлди. Бу энг муҳим фактор. Оила аъзоларининг ҳар бири кам бўлса ҳам даромад топади. Умумий мақсади — уй олиш. Аммо ўша ҳамжиҳатлик йўқлиги сабаб аёл тинимсиз давлат идораларидан уй сўраб келган. Психологик ёрдамдан сўнг ўғил ҳам, турмушдан ажраб келган қизи ҳам, ҳатто ногиронлиги бўлган она ҳам ишлаб, пул йиғиб уй оладиган бўлди. Иш самарасини билиш учун ушбу фуқаронинг фикри билан қизиқдик. «Шунчалик ҳолатга тушиб қолган эканманки, ўзимнинг кучли жиҳатларимни билмаган, фарзандим билан муносабатни ҳам тўғри йўлга қўя олмаган эканман. Ваҳоланки, унга меҳр бериб, меҳр олишим керак экан. Оиламизда тинчлик ҳукм сура бошлади. Бу бевосита соғлиғимга, набираларим тарбиясига ижобий таъсир қиляпти. Олдимга мақсад қўйдим: фарзандларимга таълим бериб, мактабда яхши ўқишига ҳаракат қиламан. Дарс­ларини кузатиб бораман. Умид қиламанки, улар оиламизга катта муваффақиятлар олиб келади», деди. Бу — битта оила билан бир ой шуғулланганимиз орқали эришилган натижа. Шунчаки гаплар эмас, аниқ илмий асосда олиб борилиб, оиланинг ҳар бир ­аъзоси билан алоҳида шуғуллангач, эришилган натижа. Энди тасаввур қилинг: жамиятда бундай оилалар қанча? Мана шунинг ўзиёқ бугун ижтимоий ҳимоя тизимида психологик ёрдам қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

Шу ўринда аниқ рақамларга мурожаат қилсак. Масалан, ўтган йилда психологларимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож 36 минг 343 кишига хизмат кўрсатган. Булар орасида воя­га етмаганлар ҳам бор. Яна бир жиҳат: хизматдан фойдаланганларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этади. Яъни 29 минг 946 аёл ва 6397 эркак психологик ёрдам олган.

Бу рақамлар жорий йилда олдимизга жуда катта вазифалар қўяди. Савол туғилади: нега эркаклар аёлларга нисбатан кам мурожаат қилган? Бунга эркакларнинг ёрдамга муҳтож эмаслиги сабабми ёки бош­қа омиллар борми? Ёки аёлларни қийнаётган, уларгагина хос муаммолар нимадан иборат? Бундай саволларга тахминий жавобларимиз бор, албатта. Аммо реал тажриба яна янги қирраларни очиши, биз билмайдиган жиҳатлар бўлиши мумкин. Шу боис, ушбу хизматларни мамлакатнинг барча ҳудудида амалга ошириб, фуқароларнинг руҳий ҳолати, психологик ёрдамга эҳтиёжини ҳар томонлама таҳлил қилиб бормоқдамиз.

— Психологик ёрдамга муҳтож одамлар қандай аниқланади?

— Аввало, фуқаролар бизга ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз ёки бевосита ўзи яшаётган ҳудуддаги ижтимоий хизмат ходими орқали мурожаат қилиши мумкин. Бунда шахснинг мурожаати сир сақланиши кафолатланган.

— Лекин ҳамма ҳам мурожаат қилавермайди. Бизда дардини ичига ютиш, ўтиб кетади деб юриш одати бор...

— Айнан шу сабаб ҳар бир маҳалладаги ижтимоий ходим ва психолог чамбарчас боғланган. Битта тизимда яхлит ишлаш йўлга қўйилган. Яъни ижтимоий ходим маҳаллаларда юрганда аҳолини жиддий ўрганади, кузатади. Одамлар орасида психологик ёрдамга муҳтожларни аниқлайди. Ижтимоий ходимлар бирламчи психологик кўникмага эга бўлгани учун буни мулоқот жараёнида аниқлаши мумкин. Сўнг улар профессионал психологларни тўғридан тўғри ўша хонадонга йўналтиради. Яъни фуқаро психолог қабулига эмас, мутахассис ёрдамга муҳтож одамнинг олдига боради.

Психологик кўмак муайян муддат талаб қилади. Шу сабаб, мутахассис шунчаки бориб, вазиятни кўриб қайтиб келмайди. Ҳолатига қараб, ўша оила, шахс билан бир-икки ой шуғулланади. Кейин натижага тўла ишонч ҳосил қилиш учун шахсни олти ойгача кузатади. Ўрни келганда халқимизга хос бир жиҳатни айтиб ўтиш керак: биз психологик ёрдамни бир оз нотўғри тушунамиз. Шунинг учун уни четлаб ўтишга ҳаракат қиламиз. Шу боис, ижтимоий ходимлар мазкур контингентни аниқлаб бериши жуда муҳим. Ҳа, ишимизда ижтимоий ходим аниқловчи, ­йўналтирувчи, мониторинг қилувчи вазифасини ўтайди.

Яна бир гап: ижтимоий муаммога йўлиққан оилага нафақат тиббий, психологик, балки ҳуқуқий ёрдам ҳам бир вақтнинг ўзида кўрсатилади. Масалан, шахсда ўзига ишонч уйғотиш, оилавий муносабатларни яхшилашида психологлар ёрдам берса, келишмовчиликнинг ҳуқуқий оқибатлари ёки ҳокимликдан кутилаётган ёрдам қанчалик асосли эканини ҳуқуқшунослар тушунтириб беради. Яъни битта оиланинг ижтимоийлигини таъминлаш учун яхлит тизим ишлайди. Мақсад шу оилани мураккаб вазиятдан олиб чиқишга қаратилган. Янги Ўзбекистоннинг қиёфаси қаерда кўринади, десангиз, шуларни айтиб бергим келади. Бу том маънода инсон қадрига, уни улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.

— Бу ерда асосий вазифа барибир ижтимоий ходим зиммасида қоляпти. Ижтимоий ходим контингенти кўпайиб кетаверишидан хавотир олмайдими? Масалан, нуқул муаммоли оилалар ҳақида хабар бераверсам, маҳалламда кўрсаткич ёмон бўлса, ишим салбий кўринади деб ҳолатни яшириш кузатилмайдими?

— Йўқ, олдимизга рақамлар ортидан қувиш эмас, натижага эришиш вазифаси қў­йилган. Шу сабаб, ижтимоий ходим қанча кўп муаммони аниқласа, шунча яхши ишлаяпти деб биламиз. Шунинг учун хизмат турлари кўпайтирилиб, жойларда ходимларга эҳтиёжни қоплаш борасида ҳам агентлигимиз тинимсиз изланиш олиб бормоқда.

— Демак, қанча кўп бўлса, шунча яхши.

— Ҳа. Ҳозиргача нафақа олиб келган, аммо ногиронлиги бўлмаган кўплаб шахс­ларни аниқладик. Айни пайтда ижтимоий кўмак олмаган, лекин ёрдамга муҳтожлар ҳам топилди. Буларнинг барчаси ижтимоий ходимларнинг маҳаллама-маҳалла юргани сабаб аниқланди. Масалалар ҳал этилди. Мақсадимиз — шундай инсонларни топиб, тезроқ жамиятга қўшиш, ижтимоийлашувини таъминлаш, спортга, ишга жалб этиш.

Ижтимоий ходим нафақат иш бажарувчи, балки инсонлар руҳияти, ҳаётини, демак, жамиятни ўзгартиришга катта ҳисса қўшадиган шахс. Бу ҳар бир ходимга жуда катта масъулият юклайди. Бу ­масъулият статистик рақамлардан қочишга эмас, ишлашга, қандай оғир қатламда бўлмасин, шахснинг ижти­моийлашувини таъминлашга қаратилган.

— Ҳозир ишлаётган психолог кадрларнинг малакаси қай даражада? Истаймизми-йўқми хориж тажрибасини ўрганамиз. Уни ўзимизга мослаштириш қандай кечяпти?

— Тўғри савол бердингиз. Биз халқаро тажрибани ўрганамиз. Чунки бошқалар бу жараёндан ўтган. Айни пайтда ушбу тажрибани ўзлаштиришимиз, миллий муҳитга мослашимиз зарур. Бу борада ўрганишлар олиб боряпмиз. Илмий ишлар қилиняпти. Ўйлашимча, қисқа муддатда жуда катта илмий асос яратиб оламиз. Чунки агентлик тизимида ишлаш истагидаги психологлар сони кунма-кун ошиб бормоқда. Бир гал Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида битта ўринга 75 нафаргача номзод ариза топширди. Бу — кучли рақобат, шунга яраша малакали кадрларни саралаб олиш имкони, дегани.

Номзодлар билан суҳбат чоғида, аввало, бу тизимга қизиқиш юқори экани маълум бўлди. Улардаги қизиқиш фақат иш топиш, яхшироқ маош эмас, балки ривож­ланиш, ўз касбининг устаси бўлиш истаги билан боғлиқлиги кишини қувонтиради. Чунки психолог кўпроқ одамлар билан ишлаши, турфа жараёнларни кўриши, аҳолининг ҳар хил қатламини ўрганиши керак. Бизнинг тизим айнан шу имкониятни бергани учун психологлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида ишлашни истайди. Улар бу ерда инсонларга яхшилик йўлида хизмат қилиб, профессионал кўникмасини оширади. Шунга таяниб айтдимки, яқин келажакда аҳолига психологик ёрдам бериш борасида жуда катта мактабга эга бўламиз.

Ижтимоий хизматлар миллий агентлиги тизимидаги психолог ходимлар доим малака ошириш курсларида ўқиб, билим ва кўникмасини мустаҳкамлаб боради. Масалан, ўтган йил охирида халқаро экспертларни чақириб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан қандай ишлаш, уларга қай йўсин консультация бериш, ижтимоий ходим, шу тизимдаги психолог қандай касбий ва шахсий компетенцияларга эга бўлиши кераклиги борасида тренинглар ўтилди.

Бундан ташқари, психологларнинг билим ва кўникмаси мунтазам мониторинг қилиниб, ҳар чоракда психологлар кўрсатаётган хизматлар баҳолаб борилади. Шу орқали ҳудудлар бўйича қайси тоифадаги ишлар кўпроқ кузатилаётган бўлса, мутахассисларни ўша тенденция бўйича кўпроқ ишлашга йўналтирамиз. Бунинг учун махсус малака ошириш институтимизда модуллар ишлаб чиқилган. Барча психолог онлайн кабинети орқали кириб, ундан фойдалана олади. Қисқаси, ҳам учрашувлар, ҳам кейс менеж­мент орқали мутахассисларимизнинг малакасини мунтазам ошириб боряпмиз. Шу орқали ўзимизнинг кучсиз жиҳатларимизни аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Натижада психологларимизда профессионал ўсиш кузатиляпти.

— Жамиятимизда асосан қайси тоифада психологик ёрдамга эҳтиёж кўпроқ?

— Статистикамизга кўра, асосий ишимиз имконияти чекланган инсонлар билан боғлиқ. Улар билан нафақат индивидуал, балки оиласи билан ҳам ишлаймиз. Яъни ногиронлиги бўлган шахс билан тўғри муносабат ўрнатиш, қандай қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақида оила аъзоларига тушунча берамиз. Чунки тажрибамизда ногирон фарзандига «Бу ногирон, фақат эрталаб овқат еса, кечки пайт ухласа бўлди», деб қараганларга ҳам дуч келдик. Ногиронлиги бўлган шахсга қараш ҳам муайян кўникма, билим талаб қилади. Шунинг учун зарур ҳолатда оилалардаги психологик муҳитни яхшилашга ҳаракат қиламиз, муносабатларни ўргатамиз. Шунингдек, бошқа йўналишларимиз ҳам бор. Васийликнинг ижтимоийлашуви, оғир касалликка учраганларга хасталикни енгишда кўмаклашиш, оилавий низолар, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш шулар жумласидан. Умуман, барча тоифадаги инсонларга ички имкониятини очиб бериб, ижтимоийлашувида кўмаклашиш, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш энг долзарб вазифамиз.

Бу борада ҳам ютуқларимиз бор. Масалан, Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи аёл 2 фарзандидан воз кечиш арафасида турган эди. У билан ишлашимиз натижасида болалар оилада сақлаб қолинди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги юртдошларимизга бепул психологик ёрдам бериб, оилаларни, жамиятимизни «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган ғоя атрофида бирлаштириш йўлида хизмат қилишга бел боғлаган.

«Янги Ўзбекистон» мухбири

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ суҳбатлашди.