Учрашувда А.Султанов икки мамлакат ўртасида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Ягона электр тармоғидаги ўзаро ҳамкорлик доирасида электр энергетика соҳасида частоталарни назорат қилиш хизматлари, транзит хизматлари, шунингдек, электр энергиясини етказиб бериш масалалари кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига табиий газ етказиб бериш, газни чуқур қайта ишлашга асосланган Ўзбекистон маҳсулотларини, жумладан, полиэтилен, полипропилен, техник мойларни экспорт қилиш каби йўналишларда мамлакатлар ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиряпти.
«Ўзтрансгаз» АЖ ва «ИТСА» АЖ ўртасида табиий газни Қозоғистон ҳудуди орқали ташиш бўйича имзоланган шартнома муваффақиятли амалга ошириляпти.
Мамлакатимизга Қозоғистондан нефть анъанавий усулда олиб келиняпти.
Учрашувда икки мамлакат Энергетика вазирлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда уни янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаб олдилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.