Дунё биринчилигининг иккинчи куни юнон-кураши бўйича беллашувлар давом эттирилди. Аҳамиятлиси, кеча курашга киришган уч классигимиздан икки нафари финалгача барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионлиги учун гиламга чиқиш имкониятини қўлга киритди. 

45 килограмм вазнда курашаётган Шаҳзод Рўзиохунов 1/4 финалда озарбайжонлик Ҳусейн Савадовни 11-3, 1/2 финалда руминиялик Ионут Мереутани 9-0 ҳисобида доғда қолдирди. Бугун у олтин медаль учун беллашувда украиналик Евген Поковбага қарши гиламга чиқади. 

51 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Айтжан Халмаханов 1/8 финалда Амаре Фетене (Исроил) 4-1, 1/4 финалда Вадат Гасимли (Озарбайжон) 12-4, 1/2 финалда эса Анри Хозреванидзе (Грузия) устидан 8-0 ҳисобида устун келди. Унинг бугун жаҳон чемпионлиги учун кечадиган финал учрашувидаги рақиби Муҳаммадризо Голами (Эрон) бўлади.   

Афсуски, 71 килограмм вазндаги терма жамоамиз аъзоси Амиршоҳ Ваҳобов 1/16 финалда украиналик Максим Радикка имкониятни бой (0-9) бериб қўйди. 

Эслатиб ўтамиз, Италияда ўтаётган спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини 2 та бронза медали билан бошлаган, хусусан, юнон-рум курашчиларимиз Хуршидбек Нормуҳаммадов ва Беҳруз Барноев рақибларини мағлуб этиб, терма жамоамизга мусобақадаги дастлабки медалларни тақдим қилганди. 55 килограмм вазн тоифасидаги курашчимиз Хуршидбек Нормуҳаммадов бронза медали учун кечган баҳсда япониялик рақиби Кохаку Каназавани 5:4 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Беҳруз Барноев (65 кг) озарбайжонлик Али Ализодадан 9:3 ҳисобида устун келди.