Илк натижалар
Бугун республикамизнинг 11 та жазони ижро этиш муассасасида 18-30 ёш оралиғидаги 300 дан ортиқ маҳкум инглиз тили ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганмоқда. Қисқа муддат — беш ой давомида қўлга киритилган дастлабки натижаларнинг ўзиёқ лойиҳанинг нақадар самарали эканини кўрсатмоқда.
Лойиҳа доирасидаги машғулотлар 2026 йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида бошланганди. Тест синовлари ва оғзаки суҳбат орқали саралаб олинган 311 маҳкум ўтган давр мобайнида хорижий тил ҳамда компьютер саводхонлиги курслари бўйича интенсив таҳсил олди.
Инглиз тилининг “А1” даражаси ва “Компьютер саводхонлиги” курслари бўйича якуний назорат ўтказилди. Натижалар тингловчиларнинг 88,6 фоизи инглиз тили, 79,5 фоизи компьютер саводхонлиги бўйича бошланғич билимларни муваффақиятли ўзлаштирганини кўрсатмоқда.
Энг юқори натижалар Қашқадарё ва Навоий вилоятларида қайд этилди: Жумладан, Қашқадарёда инглиз тилининг “А1” даражасини ўзлаштириш 96,6 фоизни, компьютер саводхонлиги бўйича эса 98,3 фоизни ташкил этди. Навоийда бу кўрсаткич мос равишда 98,9 ҳамда 87,5 фоизга тенг бўлди.
Маҳкумларнинг билим даражаси уларга дарс берган мутахассислар томонидан аниқланмайди. Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жараёнга алоҳида экспертлар жалб қилиниб, назорат синовлари махсус платформада ҳар ойда ўтказиб келинмоқда. Жазони ижро этиш муассасалари орасида 100 фоизли натижага эришилганлари ҳам бор. Хусусан, Қизилтепадаги 5- ҳамда Қаршидаги 3-колонияларда иккала курс бўйича ўзлаштириш 100 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар тингловчиларнинг таълимга нақадар жиддий ёндашаётганини ҳамда ушбу лойиҳани келажагини ўзгартириш йўлидаги чинакам имконият сифатида қабул қилаётганини кўрсатади.
Президентимиз ташаббуси билан бошланган хайрли иш
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 24 февраль куни Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ўтказилган мулоқотда жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши муҳимлигини таъкидлаб, “Иккинчи имкон” умуммиллий лойиҳаси бошланишини эълон қилган эди. Шу йилнинг 27 март куни эса бу борада Президентимиз қарори қабул қилинди. Қарор икки мақсадга: озодликка чиққан инсон ишсиз ва таянчсиз қолмаслиги, шунингдек, такроран жиноят содир этилишининг олди олинишига қаратилган. Бу лойиҳа биргина хато сабаб инсон келажагига нуқта қўйилмаслиги керак, деган эзгу ғояга асосланган. Чунки ҳақиқий адолат фақат жазолашда эмас, балки инсонга тўғри йўлга қайтиши учун имконият беришда намоён бўлади.
“Иккинчи имкон” лойиҳаси дастлаб пилот тарзида учта ҳудудда бошланган бўлса, 2027 йилдан республикамиздаги барча жазони ижро этиш муассасаларини тўлиқ қамраб олади. Энг муҳими, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган, адашиб жиноят кўчасига кирган инсонларни жамиятга тўлақонли қайтаришга, бу орқали уларнинг келажагини яхшилашга қаратилган бундай комплекс реабилитация тизими нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида мутлақо ягона ташаббусдир.
Аслида, озодликдан маҳрум этилган шахсларга АT ва рақамли соҳаларни ўргатиш халқаро тажрибада жуда кам учрайди. 2014 йилда Калифорниядаги Сан-Квентин қамоқхонасида бошланган “The Last Mile / Code.7370” лойиҳаси маҳкумларга дастурлашни ўргатиш бўйича дунёдаги энг машҳур нодавлат дастур ҳисобланади. АҚШ тажрибаси асосида Буюк Британияда “Code4000” лойиҳаси юзага келган ҳамда Австралия, Франция, Чили ва Янги Зеландия каби давлатларда ҳам айрим муассасаларда синов тариқасида қўлланилган.
Хорижда бу каби дастурлар одатда нодавлат ташкилотлар томонидан чекланган тарзда ўтказилса, Ўзбекистонда “Иккинчи имкон” лойиҳаси Президентимиз қарори асосида миллий даражада, республикадаги жазони ижро этиш муассасаларини тўлиқ қамраб олган ҳолда ўтказилмоқда. Лойиҳада қатнашиб, билим ва кўникмаларни муваффақиятли ўзлаштирган битирувчиларни кафолатланган иш билан таъминлаш мамлакатимизда юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Айни шу жиҳатларига кўра, “Иккинчи имкон” лойиҳасини бемалол дунё миқёсида ўхшаши йўқ деб айтиш мумкин.
Энг муҳим маълумотлар
“Иккинчи имкон” лойиҳаси 18-30 ёшдаги маҳкумларга мўлжалланган бўлиб, унга ўта оғир жиноятларни содир этмаган, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этган, илк бор қамалган маҳкумлар жалб қилинади. Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этган шахсларнинг лойиҳада иштирок этишига қатъий рухсат берилмайди.
Ўқув машғулотлари 8-12 ойлик интенсив дастурлар асосида ташкил этилиб, курсларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга эгаллаган касби бўйича республика миқёсида тан олинадиган электрон шаклдаги тегишли малакавий сертификатлар топширилади.
Дастур доирасида маҳкумларга 12 ой давомида инглиз тили (A1-B2) пухта ўргатилади. Бундан ташқари, ўқув режасидан “Компьютер саводхонлиги”, “Компьютер сервиси ва тармоқ технологиялари”, “Soft skills”, маълумотлар таҳлилчиси, маркетплейсларда тадбиркорлик қилиш кўникмасини шакллантириш бўйича курслар ўрин олган.
Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги
“Иккинчи имкон” лойиҳаси тўлиқ “UNICON-SOFT” МЧЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, давлат бюджетидан маблағ талаб этилмайди. Ўқитувчилар иш ҳақи, ўқув хоналарини жиҳозлаш (компьютер жамланмаси, электрон доскалар, ўқув мебели ва ҳоказо) ва методик адабиётлар билан таъминлашдан тортиб, маҳкумларга керакли оддий дафтар ва ручкагача — барча ташкилий ва моддий харажатларни компания ўз зиммасига олган.
2026 йилнинг 29 август куни ИИВ Жазони ижро этиш департаменти, “UNICON-SOFT” МЧЖ, Ватан университети, “MAAB Innovation” ва “SZS Trucking” компанияси ўртасида имзоланган меморандумлар доирасида Ватан университети ҳар йили лойиҳанинг энг муваффақиятли битирувчисини 100 фоизли грант асосида 4 йил бепул ўқитиш ташаббусини илгари сурди.
“Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги биринчи расмий ҳамкори бўлган “MAAB Innovation” компанияси компьютер саводхонлиги ва инглиз тилини яхши ўзлаштирганлар учун маълумотлар таҳлили бўйича махсус дастур бўйича бепул ўқитиш истагини билдирди. “SZS Trucking” компанияси эса ҳар йили инглиз тилини яхши ўзлаштирган битирувчиларни қисқа курсларда ўқитиб, ўзига ишга қабул қилиш таклифи билан чиқди.
Буларнинг барчаси “Иккинчи имкон” умуммиллий реаблитация лойиҳаси амалда ҳар бир маҳкумнинг келажагини яхши томонга ўзгартиришга қаратилганини кўрсатади.
Энг муҳими, жазони ўтаб озодликка чиққан йигит-қизлар энди кўчада қолмайди, иш излаб сарсон бўлмайди — улар лойиҳа доирасида эгаллаган замонавий билим ва касблари ёрдамида даромадли касб эгасига айланишади ва муносиб ҳаёт кечириш имконига эга бўлади. Бу эса уларнинг жамиятга мослашишига, такрорий жиноятлар камайишига хизмат қилади.
Дилёр ҒАНИЕВ,