Қўққисдан берилган зарба собиқ иттифоқ таркибидаги барча халқларнинг матонати туфайли қайтарилди ва ғалаба билан якунланди. Уруш йилларида халқларнинг табиий яқинлашуви, дўстлиги ва ҳамкорлиги мустаҳкамланди. Айниқса, ўзбек халқи уруш йилларида қадриятлари, меҳнатсеварлиги туфайли фронтда ҳам, фронт ортида ҳам фаол иштирок этиб, бутун инсоният тарихида номини абадиятга муҳрлади.

Ўзбек жангчилари нафақат Европа, балки Осиё халқларини ҳам душмандан озод этишда қатнашди. Фронтларда душман аскарларини тор-мор келтирган мард ўғлонларимиз ва жасур қизларимиз юксак мукофотлар билан тақдирланди. 1941 йил июнидан 1945 йил майигача мукофот ва рағбатлантириш тизими сезиларли ўзгариб, 10 га яқин орден ҳамда 20 дан ортиқ медаль таъсис этилган.

Дастлабки тадқиқотларга кўра, урушда қозонилган ғалаба натижасида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан 120 минг, Қирғизистондан 42 мингдан ортиқ, Тожикистондан 50 мингга яқин, Туркманистондан 19 мингга яқин жангчи мукофотланган. Айнан уруш йилларида 120 минг ўзбекистонлик жангчининг орден ва медаллар билан мукофотлангани халқимиз жасоратига берилган муносиб баҳо бўлди.

Сўнгги йилларда Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини чуқурроқ ўрганиш ҳамда янги тарихий маълумотларни илмий муомалага киритиш мақсадида янги тадқиқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, охирги уч йилдаги илмий изланишлар натижасида жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган ўзбекистонликларнинг сонига ойдинлик киритилди. Янги маълумотларга асосан 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Шунингдек, Италия, Англия, Франция, Польша, Венгрия каби мамлакатларнинг орденлари билан тақдирланган ҳамюртларимиз бир неча минг кишини ташкил этгани маълум бўлди.

Буюк ғалабага улкан ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳали-ҳануз юртимизда ардоқда. Ўзбекистондаги янги авлод боболарининг уруш йилларида кўрсатган сўнмас жасорати, она Ватанга меҳр-муҳаббатини қалбида сақлаб, фронт йўлларини босиб ўтганлар хотирасини миннатдорлик билан ёдда сақлайди. Жумладан, ҳар йили 9 майнинг Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиши давлатимиз томонидан бу кунга алоҳида эътибор берилаётганининг далилидир. Бугун фронт жангчилари билан бирга фронт ортида машаққатли меҳнат қилган фахрийларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида уруш иштирокчилари ва қатнашчиларига ҳар йили оширилган миқдорда мукофот пуллари берилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига шаҳар атрофида ҳаракатланиш учун темир йўл, сув ва автомобиль транспортларида бепул юриш ҳуқуқи белгиланган.

— Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади, — деди давлатимиз раҳбари куни кеча пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташрифи чоғида.

Айниқса, сўнгги йилларда урушда фахрийларини рағбатлантириш ҳамда эъзозлаш борасида катта илмий ва амалий ишлар бажарилди. Жумладан, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари, тарихий-бадиий экспозицияларни қамраб олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Булар барчаси халқимизнинг ёвузликка муросасизлиги, доим адолат ва тинчлик тарафдори бўлгани, ватанпарварлар номи ҳеч қачон унутилмаслигини билдиради.

Диёржон АБДУЛЛАЕВ,

Урганч давлат педагогика институти

ректори вазифасини бажарувчи,

тарих фанлари доктори, профессор