Бундан бир неча йил олдин банкдан кредит олиш мақсадида фуқаролар бир қанча бюрократик тўсиқларга дуч келган бўлсалар, бугунги кунда биргина шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан хам онлайн тарзда кредитни расмийлаштириш мумкин. Худди шундай, хизматларни кўрсатувчи банкларга муқобил бўлган микрокредит ташкилотлар хам кўпайиб бормоқда. Ўз навбатида ушбу хизматларнинг сони ортиб бориши параллель равишда қарз олди-бердиси билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувидаги банклар ва бошқа кредит ташкилотлари фойдасига қарздорликни ундириш билан боғлиқ ижро ишларининг салмоғи ортиб бормоқда. Шу сабабли хам фуқароларимизда тўлов интизоми тушунчасини шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Зеро бир томондан кўрсатилаётган кредит хизматларидан фойдаланиш фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш, ўз-ўзини банд қилиш ва бизнесни ривожлантириш учун ижобий таъсир кўрсатиши билан бир вақтда бошқа томондан тўлов интизомига риоя қилинмаслиги уларнинг молиявий аҳволларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кредит хизматларидан фойдаланишда молиявий саводхонлик муҳим омил ҳисобланади. Ҳар ойлик харажатларни режалаштириш ва ушбу режаларда ойлик кредит тўловларига хам маълум миқдордаги пул маблағларини ажратиш орқали тўлов интизомига риоя қилишга эришиш мумкин.

Юқорида келтириб ўтилган тавсиялар қарз ундириш масаласи Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувига ўтгандан кейин хам ўз долзарблигини йўқотмайди. Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди. Ушбу муддатнинг ўтказиб юборилганлиги, мазкур қонуннинг 771-моддасига асосан ижро йиғими қўлланилишига сабаб бўлади. Амалдаги қонунчиликка асосан асосий қарздорлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача бўлган ижро ишларида ундириладиган сумманинг 5 фоизи миқдорида, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаридан ортиқ бўлган ижро ишларида ундириладиган сумманинг 2 фоизи миқдорида ижро йиғими ундирилиши назарда тутилган.

Шунингдек, ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорлик белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра бартараф этилмаслиги қарздорларнинг қўшимча жаримага тортилишларига хам сабаб бўлиши мумкин. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қарздорликни ўз вақтида бартараф этиш фуқаролар хамда юридик шахсларни бир қанча қўшимча харажатлардан сақлаб қолиши мумкин.

Қуйида келтириладиган мисоллар билан ҳам тўлов интизомига риоя қилишнинг ижобий томонларини яққол кўрсатиб бериш мумкин.

Бюронинг Миробод туман бўлими иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ойбеков Баҳромдан (исм фамилиялар ўзгартирилган) ундирувчи “TBC BANK“ акциядорлик тижорат банки фойдасига 6.834.607 сўм қарздорлик ундириш белгиланган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида ушбу қарздорлик белгиланган ихтиёрий муддат мобайнида тўлиқ тўланган ва қарздорга нисбатан ҳеч қандай қўшимча ундирувлар амалга оширилмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Турсунов Илҳомжондан (исм фамилиялар ўзгартирилган) ундирувчи “AXIOM PLAN“ масъулияти чекланган жамияти фойдасига 4.002.932 сўм қарздорлик ундириш белгиланган. Қарздор томонидан ижро ҳужжатида белгиланган қарздорлик ихтиёрий муддат ичида тўланмаганлиги сабабли, унга қўшимча равишда 200.146 сўм ижро йиғими хамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1981-моддасига асосан 1.700.000 сўм маъмурий жарима қўлланилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида юқорида кўрсатилган қарздорлик суммалари мажбурий тартибда тўлиқ ундирилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, иккинчи ҳолатда хам қарздор томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган асосий қарздорлик ўз вақтида тўлиқ бартараф этилганда қўшимча тарзда 1.900.146 сўм (асосий қарздорликнинг деярли ярмига тенг) ижро йиғими ва маъмурий жарима ундирилмаслиги ва 4.002.932 сўм қарздорликни тўлаш билан кифояланиши мумкин эди. Бундан энг аввало қарздорнинг ҳамёни фойда кўради. Бинобарин, ижро ҳужжатининг ижросини таъминлашнинг ижобий ёки салбий оқибатлар билан якунига етказилиши, қарздорлар томонидан қонунда белгиланган муддатларга амал қилишига боғлиқдир.

Президентимизнинг тегишли фармонига асосан “Мажбуриятлар реестри” институти жорий этилиши кутилмоқда. Мажбурий ижро бюроси томонидан юритиладиган ушбу реестрга мол-мулки йўқлиги сабабли ундирувни амалга оширишнинг имкони бўлмаган қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади ва ижро харакатлари давомида қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади. Қарздор тўғрисидаги маълумотлар ушбу реестрда 10 йил давомида сақланиб қолади ва мол-мулк ёки пул маблағлари тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда мажбурий ижро харакатлари давом эттирилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, эндиликда тўловлардан қочиб юриш чора эмас балки, қарздорларнинг зарарига ишлайдиган самарасиз хатти-ҳаракатга айланиб бормоқда. Зеро 10 йиллик муддат давомида “Мажбуриятлар реестри” чекловлар сақланган ҳолда рўйхатда туриш тўловлардан қочган фуқароларга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши муқаррар. Тўлов интизомига риоя қилиш орқалиги фуқаролар турли хил қўшимча тўловлар ва жарималардан холи тарзда ўз мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажаришлари ва пировардида ўзларига иқтисодий зарар етказмасдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлашлари мумкин бўлади.

Ҳамза ИСМАТОВ,

Мажбурий ижро бюроси Миробод туман бўлими

бошлиғи ўринбосари-2-даражали юрист