Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Илғор касбий маҳорат техникумлари фаолиятини тартибга солишга оид ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Мазкур қарор билан Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳамда улар қошида “Касблар шаҳарчаси”ни ташкил этиш ва фаолият юритиш тартиби тасдиқланиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, ички ва ташқи меҳнат бозори учун рақобатбардош ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Илғор касбий маҳорат техникумлари ташкил этилади.
Ушбу техникумларда амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ҳар бир гуруҳда 20 нафардан ўқувчи таҳсил олади ва қабул белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шунингдек, таълим жараёнлари ISO, WorldSkills каби халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлар асосида ташкил этилади.
Қарор лойиҳасида Илғор техникумлар ҳамда уларда фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш мақсадида рейтинг кўрсаткичларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, техникумлар қошида “Касблар шаҳарчаси” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унинг асосий мақсади — мактаб ўқувчиларини тўғри касб танлашга йўналтириш, турли касбларга қизиқиш ва меҳр уйғотиш, шунингдек, келгусидаги таълим йўналишини онгли танлашга кўмаклашишдан иборат.
“Касблар шаҳарчаси” қуйидаги интерактив зоналардан ташкил топади:
- ахборот-маслаҳат зонаси;
- технологик зона;
- саноат ва муҳандислик зонаси;
- сервис ва хизмат кўрсатиш зонаси;
- маҳорат майдончаси.