Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш, ҳуқуқ-тартиботни ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, бу йўналишга оид 20 га яқин қонун ҳужжати қабул қилинди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 26 март куни “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мазкур Фармонда ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилиши белгиланди.
Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти қайта кўриб чиқилди. Мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда криминоген вазият таҳлил қилиниб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилди. Натижада ўтган йили 4 минг 488 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади, 1 минг 551 маҳаллада жиноятлар сони камайди.
Таъкидлаш жоизки, бунда ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ҳамда қишлоқларда, овулларда ва маҳаллаларда жамоат тартиби сақланишини, фуқаролар хавфсизлигини, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлайдиган асосий қуйи бўғини фаолиятини амалга оширувчи профилактика инспекторларининг ўрни беқиёс.
Шунингдек, тизимга рақамли технологияларни қўллаш ва аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, профилактика инспекторларига масофадан мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш имконини берувчи “Smart маҳалла” дастури ишлаб чиқилганлиги ҳам яхши самара беради.
Лекин шунга қарамай, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд. Шу орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини янада яхшишлашга эришиш мумкин.
Бу борада илғор хорижий давлатлар (АҚШ, Буюк Британия, Канада, Германия) тажрибасини ўрганиш ва бизга мосини амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқ. Улардаги мавжуд баъзи тажрибалар бу борада қўл келиши мумкин.
Қўшничилик назорати дастури. Дастурнинг муҳим жиҳати муайян ҳудудда яшовчи қўшниларнинг ўзаро хавфсиз яшаш шароитларини яратишга ҳисса қўшиш тизимида акс этади. Бунда уларнинг асосий фаолияти ҳар қандай жиноий ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқ-тартибот органларига етказиш ҳисобланади. Баъзан бу дастур ҳудудни қўриқлаш учун фуқаролик бўлинмаларини тузишни ўз ичига олади. Бугунги кунда АҚШда 100 мингдан ортиқ шундай бўлинма мавжуд.
Жиноятчиликни тўхтатиш дастури. Бу дастур дастлаб AҚШда шаклланиб, яхши самара берганидан кейин Ғарбий Европада ҳам жорий этилди. Дастурнинг мақсади гувоҳ ҳақидаги маълумотлар махфийлигини таъминлаган ҳолда фуқароларнинг жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари билан амалий ҳамкорлигини йўлга қўйишдир. Бу тизимнинг самарадорлигини AҚШда биргина 2008 йилда аҳоли ёрдами билан 795 мингдан ортиқ жиноят фош этилганида ҳам кўриш мумкин.
Тозалаш дастури – жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли соғлиғига оид муаммоларини ҳал қилишга инновацион, яхлит, идоралараро ёндашув. Мақсад эса муайян ҳудудда зўравонлик, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва бошқа турдаги жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз муҳитни таъминлашдир. Дастур иштирокчилари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ижтимоий соҳа ходимлари, давлат ва хусусий сектор вакиллари ҳамда аҳоли ҳисобланади.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича юқорида қайд этилган дастурларнинг миллий манфаат ва юртимизда мавжуд ҳуқуқни қўллаш амалиётига мувофиқ келиши нуқтаи назаридан соҳага татбиқ этилиши яхши самара бериши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш устувор аҳамият касб этади.
Дилдора БОЗОРОВА,
Тошкент давлат юридик университети
профессори вазифасини бажарувчиси,
юридик фанлар номзоди