Президентимиз Мурожаатномада илм-фан ва инновацияларга алоҳида тўхталиб, “Мамлакат тараққиётининг замини, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва инновациялардир”, дегани барчамизда ғурур ва фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклади.
Кириб келаётган янги йилимизнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб аталиши бошқа соҳалар билан бир қаторда мазкур йўналишларда инновацияларни янада кенгроқ жорий этишни тақозо этади.
Мамлакатимиз раҳбари ёшларга сифатли таълим бериш, уларни илм-фанга қизиқтириш ва тадбиркорликка йўналтиришни энг муҳим омил сифатида қайд этди. Келгуси йилда олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларидаги докторантлар сонини 4,5 минг нафарга етказиш топшириғини берди. Бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан уч баробар кўп ва ёшларнинг илм-фан билан шуғулланишига катта имкониятлар очади. Бу мақсадга эришиш учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилаётгани бўлғуси олимларимизнинг сифатли билим олиши, ўз қобилият ва салоҳиятини тўлалигича илмий тадқиқот ишларига йўналтириши учун замин яратади.
Жорий йилда Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 29 поғона юқорилади. Айнан мазкур индекс давлатлардан илмга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш кўламини белгилайди. Индекс индикаторлари чуқур таҳлил қилинса, уларнинг ҳар бири ортида инсон капитали, яъни илм-фан ютуқлари натижалари ётганини кўриш мумкин. Ўз навбатида, Глобал инновацион индекс бевосита мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан қай даражада ривожланганини ҳам кўрсатади. Ундаги мавқеи ҳам мамлакатнинг ялпи ички маҳсулот бўйича дунё мамлакатлари орасидаги нуфузини кўрсатади. Бу таълим сифати юқори, илм-фан тараққий этган давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳам юқори бўлишини исботлайди.
Мурожаатномадан кўтарилган масалалар ижроси, айниқса, докторантлар сонини кўпайтириш, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш Глобал инновацион индексдаги мавқеимизнинг янада юқорилашига хизмат қилади. Демак, иқтисодий кўрсаткичларимиз ўсиб, аҳоли турмуш тарзи яхшиланади. Президентимиз “Иқтисодий эркинлик” рейтингида мамлакатимиз 26 поғона юқорилагани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлганини қайд этди. Бир-бирига боғлиқ бўлган мана шу рейтингларда Ўзбекистоннинг юқори поғоналарга кўтарилиши юртимиздаги кенг кўламли, теран ислоҳотларнинг натижасидир.
Инновацион ривожланишда таълим энг муҳим жиҳат саналади. Айнан таълим соҳаси инновациянинг дастлабки қадамларидандир. Ўтган давр мобайнида ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етгани қувонарли натижа, албатта. 2020 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор математика, кимё, биология ва геология фанлари илмнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланиб, уларни комплекс ривожлантириш чоралари кўрилган бўлса, 2021 йилда физика фани ва хорижий тилларни ўрганиш биринчи ўринга қўйилди.
Дарҳақиқат, дунёдаги барча кашфиётларнинг яратилишида физика фани фундаментал асосдир. Ушбу фан қонуниятлари юқори технологиялар билан боғлиқ соҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшса, хорижий тилларни мукаммал билиш ёшларга замонавий билимларни янада кенгроқ эгаллашга ёрдам беради. Бу, айниқса, Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул бўлган соҳа — илм-фан ривожланишининг муҳим жиҳатидир.
Бу йил олимларнинг инглиз тилини пухта эгаллашига ёрдам берувчи “English for science” лойиҳаси йўлга қўйилгани тадқиқотчиларимизнинг илмий изланишлари учун зарур бўлган академик инглиз тилини ўрганишига хизмат қиляпти. Шу боис, вазирликда инглиз тили кунларини жорий этиш вақти ҳам келди, деб ўйлайман. Ходимлар, вазирликка келувчиларнинг ўзаро инглиз тилида, дейлик, ҳафтанинг бир кунида гаплашиши ўз устида тинимсиз меҳнат қилишига, ўрганган кўникмаларини амалда ишлатишига кўмаклашади.
Ҳозир хорижий тиллардаги илмий ва бадиий адабиётларни ўзбек тилига ўгириш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, Андижон давлат университетида Луғатшунослик ва таржимашунослик инновацион маркази ташкил этилган. Бу дунё илмидаги қайноқ маълумотларнинг ўзбек тилида мунтазам тақдим этилиши, ёш авлодни янгиликлардан хабардор этишнинг энг самарали йўлидир.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари сони ҳозир 1800 нафарга етди. Республикамиз вилоятларида 15 нафар етакчи танлаб олинди. Бу йил ёшлар ўртасида энг яхши илмий ишланмалар учун умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинган эди. Мазкур танлов ўзининг ижобий томонларини намоён қилгани боис, 2021 йилда вазирлигимиз ва бошқа давлат органлари билан биргаликда мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танлови ташкил қилинади. Ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Президентимиз томонидан берилган мазкур таклиф мактаб ва олий таълим тизимидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу танлов доирасида илмий cтартапларни 50 миллион сўмликкача молиялаштиришнинг соддалаштирилган тизими лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Президентимиз пандемия шароитида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш нақадар муҳим эканини эслатди. Тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва шифохоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилиши пандемиядан кейинги ҳаётимизга ҳам қулайликлар киритади. Телетиббиёт имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш эса узоқ ҳудудлардаги беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни йўл азобидан қутқаришга хизмат қилади. Мамлакатимизнинг энг чекка ва экологик жиҳатдан кўп азият чеккан ҳудудларидан бири — Мўйноқ туманида фаолият юритаётган Инновацион телетиббиёт клиникасида Ўзбекистонда илк бор чекка ҳудудлардаги аҳолини республика марказидаги малакали шифокорлар ва дунёнинг исталган нуқтасидаги тиббиёт муассасалари мутахассислари билан реал вақт оралиғида боғланиб, (онлайн) тиббий кўрикдан ўтказиш ва сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, терапевтик даво маслаҳатларини олишига кўмаклашиш имконияти яратилди. Шифокор реал вақтда масофадан беморнинг видеотасвирини кўрибгина қолмай, унинг ички органларидаги ўзгаришларни ультратовуш аппарати, тери қопламини дермаскоп, қулоқ, бурун ва томоқ касалликларини отоскоп, юрак-қон томир касалликларини стетоскоп, танометр, пульсоксиметр ва ЭКГ, кўз касалликларини офтальмоскоп ва бошқа жиҳозлар
ёрдамида текширади. Худди бемор ёнида ўтказилган кўрик сифатига тенг сифатли текширув усулларидан фойдаланиб, ташхислаш ва терапевтик даво ўтказиш имконияти мавжуд. Бунда беморнинг чекка ҳудуддан марказга келишига зарурат қолмаслиги муҳим.
Биргина мана шу мисол мамлакатимизда улкан иқтисодий ва илм-фан тараққиёти йўлидаги янгиликлар инновацион ғояларга асосланган ҳолда амалга оширилаётганининг далилидир. Шундай муассасалардан бири Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида ҳам ташкил этилган. Мазкур DMC инновацион клиникаси биринчилардан бўлиб очилаётган кўп тармоқли инновацион клиника ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу клиника Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш тизимига янги технологиялар ва инновацияларни олиб кирди. Клиникада энг сўнгги турдаги замонавий тиббиёт ускуналари ўрнатилган. Биноси эса бошқа клиникаларни такрорламаган ҳолда, ўзига хос услубда қурилган.
Беруний DMC инновацион клиникаси соғлиқни сақлашнинг бир неча йўналишлари, жумладан, кардиология, офтальмология, қулоқ-бурун касалликлари, ортопедия, стоматология, клиник лаборатория ва инструментал текширувлар бўйича жаҳон стандартларига мос, юқори даражали тиббий хизматлар кўрсата олади. Шунингдек, клиникада жарроҳлик бўлими мавжудлиги фуқароларга шу жойнинг ўзида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини беради. Айнан DMC инновацион клиникасида ҳозир энг мураккаб жарроҳлик амалиётларидан бири — кўз шоҳпардасини кўчириб ўтказиш йўлга қўйилган. Бунинг учун кўз шоҳпардалари банки ҳам ташкил этилган.
2020 йилда кимё-биология фанларини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор туфайли биофармацевтика, биотиббиёт, фудомикс каби янги йўналишлар бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилишига старт берилди. Биотехнологиялар нафақат тиббиёт, балки қишлоқ хўжалигининг ҳам ривожланишига туртки бўлмоқда. Президентимиз Мурожаатномасида ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг АҚШ долларидан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилди. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сув тежайдиган биотехнологиялар, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозимлигини қайд этди. Айнан биотехнологиялар табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, инсоният учун хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришини инобатга олган ҳолда, вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг фудомикс лабораторияси ташкил этилмоқда.
Умуман, бу йил Илғор технологиялар маркази томонидан амалга оширилаётган қатор илмий тадқиқот ишлари ўз самарасини кўрсатди. Марказ олимлари томонидан яратилган коронавирусни аниқловчи тест пандемия даврида хориждан экспорт қилиб олиб келинаётган тестлар миқдорини кескин камайтиришга хизмат қилди. Пандемия авжига чиққан даврда олимлар куну тун меҳнат қилиб, ҳафтасига 50 мингтадан тест ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Энди эса худди шу марказ яна бир муҳим тадқиқот — Хитойнинг ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг учинчи босқичи синовларини ўтказишда етакчилик қилмоқда.
Келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “ягона дарча” тамойили асосида юздан ортиқ агрохизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Қашқадарё вилоятида қуённинг маҳаллий шароитга мос келадиган зотларини яратиш, Навоий вилоятида ёмғирлатиб суғориш тизимларини синовдан ўтказиш, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан уруғчилик компаниялари ташкил этилиши натижасида олинган билимлар мана шу марказларни ишга туширишда плацдарм бўлади.
Инновациянинг катта бўғими тадбиркорлардир. Айнан улар илмий ишланмаларни ҳаётга татбиқ этади. Президентимиз тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга преференциялар берилишига эътибор қаратди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам келгуси йилда инновацион тадбиркорлар ва стартапчиларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятини кенгайтиришни режалаштирган. Вазирлик томонидан ташкил этилаётган акселераторлар стартаплар ва илмий ишланмаларни такомиллаштириш, уларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида келгуси йилда таваллудининг 580 йиллиги нишонланадиган улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Қуёшлик истасанг, касби камол эт”, деган мисрасини бежиз мисол қилиб келтирмади. Бу ерда сўз ўз соҳасининг, ўз касбининг етук намояндаси даражасига эришиш, ватанпарварлик, фидойилик, бурч ва садоқат каби юксак фазилатлар ҳақида бормоқда. Меҳнатсевар ва фидойи юртдошларимизни, айниқса, ёшларимизни илҳомлантирувчи ушбу ҳикматли сўзлар давлатимиз раҳбари 2021 йилда белгилаб берган вазифаларни тўлалигича адо этишда, халққа хизмат қилишдек шарафли ва масъулиятли бурчни бажаришда барчамизга қанот бахш этади.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
инновацион ривожланиш вазири, академик