Ҳар бир давлатнинг  истиқболини шу юртда яшаётган ёш авлоднинг билими, маънавий қиёфаси, юксак онг ва тафаккурига қараб белгилаш мумкин. Зеро, жамият пойдевори билими ёшлар дунёқараши, изланишлари, қўлга киритган улкан муваффақиятлари билан янада мустаҳкам, эртанги куни эса янада ёруғ ва саодатли бўлади.

 Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Россия Табиий фанлар академияси академиги Сардоржон Авазов мамлакатимиз келажаги учун хизмат қиладиган шундай иқтидорли ёшлардан бири. У ўттиз ёшга тўлмай, 150 га яқин илмий мақола, 6 та дарслик, 8 та монография, 10 дан зиёд ўқув-услубий қўлланма ёзиб улгурди.

Ҳаётимнинг энг ёрқин саҳифаси

— Сўнгги беш йилда юртимизда фан, таълим соҳасида жуда улкан ислоҳотлар амалга оширилди, десам асло муболаға бўлмайди. Буни биргина менинг фаолиятим мисолида ҳам кўриш мумкин. 25 ёшимда қишлоқ хўжалиги фанлари доктори илмий даражасини олган бўлсам, 27 ёшимда профессор илмий унвони соҳиби бўлдим. Бугунги кунгача 100 дан зиёд шогирд тайёрладим, улардан 3 нафари фан доктори экани мен учун жуда катта фахрдир, — дейди Тошкент давлат аграр университетининг ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедраси мудири Сардоржон Авазов. — Жорий йилнинг июнь ойида “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлдим. ­Президентимиз қўлидан юксак ­мукофотни олган куним ҳаётимнинг энг ёрқин ва унутилмас саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўғлим Сардоржон, сенга ишонаман”, деган оталарча самимий сўзлари ҳалигача қулоғим остида жаранглайди. Дилимга ҳаловат бағишловчи ўша ёруғ кунни эсласам, қалбим қувонч ва фахр туйғуларига тўлади. Мукофот олганимдан сўнг ўзимни қайта кашф этгандай бўлдим. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятларга муносиб бўлиш учун янада кўпроқ ишлашим, изланишим, илмли ва салоҳиятли ёшлар сафини кенгайтиришга ҳисса қўшишим лозимлигини англаб етдим. Бу ишонч ва рағбат менга бор билим ва салоҳиятимни юрт равнақи йўлида ишлатиб, янги Ўзбекистонни янаям юқори чўққиларга кўтаришга ундайди!

Илм йўли — энг шарафли йўл.

Илм йўли - энг шарафли йўл. Бу ёш олимнинг ҳаётдаги шиори. Хўш, ёш олимнинг шундай улкан муваффақиятларга эришишида аслида ким ва нима сабаб бўлган?

Сардоржон 1992 йили Тошкент вилоятининг Қибрай туманида зиёли оилада дунёга келди. Оиладаги илмий муҳит уни болалигиданоқ ўқишга ва ўз устида изланишга ундади.

— Олимлик даражасига етишимга сабаб бўлган илк устозларим отам ва онам ҳамда нафақат менга, балки кўплаб ёшларга бутун ҳаётлари давомида илму маърифат зиёсини таратиб, таълим-тарбия бериб келаётган устоз-мураббийларимдир, — дейди С.Авазов. — Отам болалигимданоқ турли тўгаракларда тил ўрганишимга, спорт билан шуғулланишимга барча шароитларни яратиб берди. Аслида олган маоши ойликдан-ойликкача базўр етса-да, ҳеч қачон нолимаган. Ҳар бир ютуғимдан қувониб, камчилигимни тузатиб, руҳий далда бериб турган. 6 ёшимдан табиий фанларга ихтисослашган республика гимназиясида таҳсил олдим. Сўнгра хорижий тиллар бўйича академик лицейда ўқидим. 2013 йилда Тошкент давлат аграр университетининг бакалавриат йўналишини, 2015 йилда эса магистратурани давлат гранти асосида имтиёзли диплом билан тугатдим. Кейин фитопатология ва агробиотехнология кафедрасида ассистент сифатида фаолиятимни бошладим. Болалигимдан то шу кунгача илм излаб кам бўлмадим.

Оламшумул янгиликлар яратиш мумкин

Ҳа, агар инсон астойдил истаса, ўз қобилиятига ишониб ҳаракат қилса, ўқиб-ўрганса, буюк ва оламшумул янгиликлар яратиши мумкин. Сардоржон ота-онаси кечаси билан китоб ўқиб, дафтар тўлдириб, эртанги кун дарсларига тайёрланса, у ҳам жажжигина қўлларидан ручкасини қўймай, мук тушиб ёзиб-чизишни энг яхши кўрган машғулотига айлантирди.

Магистратурани тугатгач, 2015 йили Хитойда ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлигига фитопатология ва биотехнология соҳаларини татбиқ этиш мавзусида бўлиб ўтган халқаро ўқув курсида ўз малакасини ошириб, сертификат олди. 2017 йилда Россия Табиий фанлар академияси академиги илмий унвонига сазовор бўлган. Ёш олим мамлакатимизда ва Ҳамдўстлик давлатларида ташкил этиладиган кўплаб халқаро семинар-тренингларда фаол иштирок этиб келади, рус, инглиз, немис тилларини мукаммал билади.

Ҳар бир ўқув йилида талабаларнинг битирув малакавий иши, магистрантлар, фалсафа доктори диссертацияларига раҳбарлик қилади. Унинг илмий раҳбарлигида 27 нафар бакалавр,
9 нафар магистр ва 3 нафар фалсафа доктори диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган. Бугунги кунда эса 5 нафар бакалавр, 2 нафар магистр ва 3 нафар докторантга илмий раҳбарлик қилиб келмоқда. 2019 йилдан Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзоси.

2017 йилда қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), орадан бир йил ўтиб, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. Сардоржон Авазов Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ёш олимлар ичида биринчилардан бўлиб юртимизнинг ҳар хил тупроқ-иқлим шароитида пиёзнинг асосий замбуруғли касалликларини тўлиқ мониторинг қилган.

Изланувчан олим 2019 йилда Тошкент давлат аграр университетининг “Энг яхши ходим” ва “Энг яхши ўқитувчи” номинациялари бўйича ғолиби, 2020 йилда эса таэквандо бўйича
1–DAN қора белбоғ соҳиби бўлди. Айни пайтда Тошкент давлат аграр университетида кафедра мудири лавозимида фаолият юритиш билан бирга, Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олмоқда.

Сардоржон фан докторлари, профессорлар Аббосхон Маърупов, Раъно Саттарова, Ботир Ҳасанов таълимини олган. Илмий раҳбари қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ҳошим Яҳёев эса илм-фан соҳасида юксак натижаларга эришишида уни қўллаб-қувватлаб, яқиндан ёрдам берган.

У илм йўлида ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган устозларини ҳурмат ва эҳтиром билан бирма-бир тилга олди. 2018 йилда фан доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Ўзбекистондаги энг ёш олимлар сафига киришига марҳум устози, биология фанлари доктори, профессор Савия Сулаймонова ва илмий маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Аббосхон Маърупов берган таълимлар муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлайди. Ҳаёт йўлларини илм шуъласи билан ёритиб, ўз маслаҳатлари ва ўгитларини аямаган, доимо йўлчи юлдуз каби йўл кўрсатиб турган устози, иқтисод фанлари доктори, академик Қаландар Aбдураҳмоновдан ҳам жуда кўп ва катта сабоқ олганини, барча устозларидан бир умр миннатдорлигини алоҳида ­эътироф этди.

Сардоржон Авазов билан суҳбатлашар эканмиз, унинг 6 ёшли ўғилчаси Муҳаммадаминнинг рус ва инглиз тилларида онаси билан бемалол сўзлашганини кўриб, “от изини той босар” мақоли ёдимизга тушди. Муҳаммадамин онаси Гўзалхон Абдурашидова ёрдамида 4 ёшидан бошлаб ушбу тилларни мукаммал ўрганди. Гўзалхон ҳарбий соҳада фаолият юритиш билан бирга, айни пайтда илмий изланишларини Тошкент молия институтида давом эттиряпти. Бахтини илм туфайли топиб, умр саҳифаларини маърифат нури билан тўлдириб бораётган бу изланувчан ёш оила ҳаётнинг бор гўзаллигини илм орқали тасаввур қилади. Энг асосийси, улар илм йўлини ҳаётларининг ажралмас қисмига айлантириб олган. Зеро, илм икки дунё саодатининг калитидир.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири