Имом Бухорий бобомиз айтгани каби: «Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай». Шу каби Ислом дини моҳиятида «Ҳақни танишнинг энг биринчи воситаси – маърифатдир», деган ақида исломий таълимот илм-маърифатига кенг йўл очади. Айтишларича, Қуръонда «илм сўзи 811 ўринда турли маъноларда келади ва илм эгалари томонидан мадҳ этилади, «Мужодала» сураси, 11 оятда:

«Аллоҳ сизларни имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (маротаба)ларга кўтарур» — дейилган. Ҳадиси шарифда:

«Кимки дунёни хоҳласа, тижорат қилсин. Кимки охиратни хоҳласа, зоҳид бўлсин. Кимки иккисини ҳам хоҳласа, илм олсин»,— деб таъкидлаган.

Зеро, бугунги авлодга таълим-тарбия беришда, уларни ижодий, маънавий-маданий етук бўлишлари учун мактабларга бириктирилган тарғиботчиларимиз маънавий юксак билимли, ўз ишига пухта инсонлар бўлиши талаб қилинади.

Шундай экан, биз тарғиботчилар учинчи Ренессанс сўзини қандай таърифлаймиз? Биринчи, иккинчи Ренессанс даврлари воқеалари ҳақида ўқувчилар билан мулоқот қилдикми?

Маълумки, тарғиботнинг йўналишлари, услублари жуда кўп. Биз кўпроқ ўқувчиларнинг ижтимоий ҳаётда илмли, маърифатли, мақсадли қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун адабиёт, санъатга қизиқтиришимиз, улардаги ижодиётга қизиқишни шакллантириб, маданий савиясини ошириш, касбий ва малакавий иқтидорини ўрганиш ва юзага чиқара олишида ёрдамчи бўлишимиз талаб этилади. Айнан шу мақсадда мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Ёшларга маърифат ва маданиятни чуқур ўргатиш кераклиги ўз долзарблигини намоён этди. Бу лавозимларга асосан шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорларнинг жалб қилинишидан мақсад ҳам шу эди. Маънавияти етук деб танлаб олинган бу гуруҳнинг ишлари бугун қандай кетяпти?

Хоразм вилояти Шовот туманидаги 26-мактаб тарғиботчиси Қадамбой Шодонов асли касби қурувчи бўлса ҳам доимий ижод билан шуғулланиб келган кексалик нафақасида бўлса ҳам, бор билимини ёшларга бағишлаган устозларнинг биридир. У қурувчи, ижодкор, таржимон ва фидоий инсон. Бугунги кунда «Шовот мавжлари» ижодий тўгараги раҳбари. Унинг шогирдлари орасида бугун республикамизга танилган инсонлар анчагина.

Шу тумандаги 1-мактаб тарғиботчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Болтабой Бекматов (Бекмуҳаммад) ҳам ҳаётини ижодга бағишлаган фаоллардан бири. Унинг 10 дан зиёд турли мавзудаги шеърий китоблари нашр қилинган, рус тилида чиққан китоблари ҳам бор, ўқимишли, салоҳиятли илм эгаси. Вилоятдаги «Ойдин орзулар» тўгараги раҳбари, мактабда эса «Истеъдод» тўгараги ташкил қилган. Тез-тез бошқа мактаб ўқувчилари ҳузурида бўлиб, маънавият тарқатишда етакчилик қилиб келяпти. Унинг асарлари бугун республика ижодкорлари томонидан кенг муҳокамалар қилиниб келяпти.

46-мактаб тарғиботчиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шукуржон Жаббарова, адабий тахаллуси Жозиба бўлган бу кишининг олиб бораётган ишлари республикада ҳам маълум. Бугунги кунда унинг 10 дан зиёд шеърий ва насрий, публицистик ва қисса, хотира китоблари нашр қилинган. Яқинда Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлиги, Самарқанд давлат университетлари томонидан ўтказилган «Янги Ўзбекистон - янги Ренессанс сари!» мавзусида республика илмий-амалий конференция материаллари китобида каттагина мақоласи нашр қилинди. Бундан ташқари шоира, адиба, журналист шу йил 31 октябрда Турон фанлар академияси академиги унвонига сазовор бўлди. Биттагина «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журналининг ўзида республика бўйича вилоятлардан ёзган 400 дан зиёд мақола ва баъдиялари, очерклари нашр қилинганлиги эътиборга тушмаслиги мумкинми? Мактабда «Ёғду» тўгарагини бошқариб келади.

36-мактаб тарғиботчиси Маҳбира Каримова умидли ижодкор журналистларимиздан биридир. У Нукус давлат университетининг журналистика факультетида сиртдан таҳсил олади. Шу билан бирга вилоятимиздаги «Эзгу сўз» газетасининг мухбири. Унинг ўқувчилари Тошкентда бўлиб ўтган «Абдулла Орипов издошлари» иншолар танловида иштирок этди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эътирофига сазовор бўлди.

Шу каби Зебо Қаландарова, Умиджон Қўзиевларнинг бу борадаги меҳнатлари ҳам анча самарали. Умиджон 22-мактабда тарғиботчи, «Зомин» семинари қатнашчиси. Бу рўйхатни ҳали давом эттиришимиз мумкин.

Биз қадрли Президентимизнинг бир сўзини асло унутмаслигимиз керак:

«Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса Янги уйғониш даврининг тўртинчи устуни деб, ҳисоблаймиз».

Сарвар Йўлдошев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Шовот туман бўлинмаси бош мутахассиси.