Шу маънода ҳар бир жамият тараққиёти, ҳар бир инсон камолоти аввало устоз сиймоси билан чамбарчас боғлиқ. Чунки устоз – фақат билим берувчи эмас, балки қалбларга ишонч, тафаккур ва эзгулик уруғини сепувчи мураббийдир.
Ана шундай улуғ мақомга муносиб, бутун умрини илм-фан ва таълим тараққиётига бағишлаган фидойи устозлардан бири – Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети профессори, педагогика фанлари доктори Муслимов Нарзулла Алихоновичдир.
Нарзулла Алихонович 1961 йил 29 март куни туғилган. У 1978 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга кирган ва 1982 йилда Индустриал-педагогика факультетини “Умумий техника фанлари ва меҳнат” ўқитувчиси мутахассислиги бўйича муваффақиятли тугатган. 1982-1984 йилларда Ватан олдидаги муқаддас бурчини адо этиб, ҳарбий хизматни ўтаган.
1984 йилдан бошлаб Нарзулла Алихонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида илмий-педагогик фаолиятини бошлаб, лаборант, катта лаборант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, кафедра ўқитувчиси каби босқичларни босиб ўтди. Кейинчалик “Меҳнат таълими методикаси” кафедраси ўқитувчиси, факультет деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритди.
1988-1991 йилларда Москва шаҳрида Педагогика фанлари академияси ҳузуридаги “Меҳнат таълими ва касбга йўналтириш” илмий тадқиқот институти аспирантурасида таҳсил олиб, “Формирование технологических знаний и умений учащихся V-VIII классов с повышенным техническим уровнем” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олди.
Ўқишни тамомлаб, Ватанга қайтгач, 1991 йилдан “Меҳнат таълими методикаси” кафедраси ўқитувчиси, 1992 йилдан эса “Ишлаб чиқариш асослари” кафедраси мудири лавозимида ишлади. 1997-2008 йилларда Касб таълими факультети декани сифатида самарали фаолият юритиб, унинг ташаббуси билан янги бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари очилди, ўқув-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, ўқув-лаборатория ва моддий-техника базаси мустаҳкамланди, янги устахоналар ва лаборатория хоналари ташкил этилди.
Профессор Нарзулла Муслимов халқаро тажрибани ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. У 1998 йилда АҚШ, 2002 йилда Канада, 2003 йилда Россия, 2006 йилда Франция, Испания ва Белгия, 2006 ва 2008 йилларда Германия давлатларида малака ошириб, жаҳон таълим тизимининг илғор тажрибаларини миллий таълимга жорий этишда фаол иштирок этди.
2007 йилда “Касб таълими ўқитувчиларини касбий шакллантиришнинг назарий-методик асослари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, педагогика фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди. Ҳозирги кунда у университет магистратура бўлими бошлиғи сифатида илмий ишлар, ўқув ва маънавий-маърифий жараёнларни мувофиқлаштиришда катта тажриба ва масъулият билан меҳнат қилиб келмоқда.
Олимнинг илмий мероси салмоқли: 250 га яқин илмий мақолалар ва ўқув адабиётлари, жумладан, 6 та монография, 7 та дарслик, 30 дан ортиқ ўқув ва ўқув-методик қўлланмалар, электрон дарсликлар учун патент гувоҳномалари эълон қилинган. Унинг раҳбарлигида 28 нафар фан номзоди ва 7 нафар фан доктори етишиб чиққан.
Энг муҳими, Нарзулла Алихонович – камтарин, талабчан, илмга садоқатли ва шогирд тақдирига бефарқ бўлмаган ҳақиқий устоздир. У кишининг ҳар бир маслаҳати, сабр-тоқати, илмий ёндашуви кўплаб тадқиқотчилар учун ҳаётий ва илмий мактаб вазифасини ўтаб келмоқда. Менинг шахсий илмий камолотимда ҳам устозимнинг ўрни беқиёсдир.
Шу муносабат билан ҳурматли устозимиз Нарзулла Алихоновични юксак илмий ва педагогик фаолияти билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, илмий изланишларида янги зафарлар ва шогирдлар бахтини тилаймиз.
Моҳир ҲАЛИМОВ,
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети
“Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” кафедраси мудири, PhD, доцент.