2025 йил давомида «IMEI» кодлари рўйхатдан ўтказилишидаги муаммолар юзасидан Рақобат қўмитасига 147 та мурожаат келиб тушган.

Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

Қўмита таҳлилларига кўра, мурожаатларнинг 55 таси ижобий ҳал қилинган, 89 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 3 таси эса тегишли органларга юборилган.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, амалдаги қонунчиликка кўра, мобил қурилмаларнинг «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти истеъмолчига эмас, балки ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки сотувчи зиммасига юклатилган.

Шунингдек, сотувчи харидорга қурилма ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот тақдим этиши ҳамда рўйхатдан ўтган маҳсулотни сотиши шарт.

Қўмита тадбиркорлик субъектларини «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш талабларига қатъий риоя этишга чақирди.

Акс ҳолда, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши таъкидланди.