Хусусан, бугун республикамизда истиқомад қилиб келаётган 800 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, уларни амалга оширишга қартилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада, ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари масаласи сифатида кун тартибига қўйилди.

Жумладан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилиш жараёнида умумий қабул сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизлик квота ажратиш тизими йўлга қўйилди.

Ушбу ислоҳотларни янада тизимлаштириш ҳамда халқаро тажрибани кенгроқ жорий қилиш мақсадида “Истиқбол” тадқиқот маркази экспертлари томонидан “Олий таълимда таҳсил олувчи ногиронлиги бор талабалар учун тўсиқсиз муҳитни шакллантириш методикасини яратиш” лойиҳаси доирасида Туркиянинг Анқара университетида ногиронлиги бор талабалар учун яратилган шароиталар ўрганилди.

Бугунги кунда 70 мингга яқин талаба таҳсил олиб келаётган олий таълим муассасасида барча талабалар билан бир қаторда ногиронлиги бўлган талабалар учун ҳам биноларга кириш йўлаклари, лифт, кутубхоналарда барча зарурий шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек, ташриф доирасида университет профессор ўқитувчилари ҳамда талабалар билан ижтиой ҳимоя тизимидаги ўзгаришлар, бу борада Туркия ва Ўзбекистон тажрибаси борасида ҳам фикрлар алмашилди.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, айни кунда “Истиқбол” тадқиқот маркази экспертлари томонидан яна бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.