Учрашувда Hanshin Engineering & Construction томонидан Қўқон шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган К-Town шаҳарчаси лойиҳаси юзасидан сўз борди.
Энг илғор Корея технологиялари асосида қад ростлайдиган ушбу мажмуа, остки қисмида икки этажли автотураргоҳлар мавжуд 9-16 қаватли турар-жойлар, мактаб, болалар боғчаси, парклар, яшил майдонлар, спорт майдончаларини ўз ичига олади.
2021 йил август ойида тамал тоши қўйиладиган мажмуа лойиҳаси 4 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган. Вилоят ҳокими бугунги кунда турар-жойларга талаб кун сайин ортиб бораётганини қайд этиб, мажмуа қурилиши сифатига таъсир этмаган ҳолда, амалга ошириш даврини қисқартириш бўйича мулоҳазаларини билдирди.
1950 йилда ташкил этилган Hanshin Engineering & Construction компанияси, Кореяда кўплаб йирик лойиҳаларни, шу жумладан Инчхон аэропорти лойиҳасини амалга оширган. Компания Саудия Арабистони, Хитой, Қувайт, Камбоджа, Филиппин ва бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам йирик қурилиш лойиҳаларига ўз имзосини қўйган.