Бунга молиявий тузилмалар аралашмайди, улар фақат нарх барқарорлигини таъминлаб туришга қаратилган воситаларни ишга туширади. Чунки бозордаги нарх-наво бевосита аҳоли даромади ҳамда харид қобилиятига мутаносиб бўлиши зарур. Акс ҳолда, жамиятда иқтисодий нотенглик ортиши хавфи юзага келади.
Бу иқтисодиётдаги инфляция даражаси билан ҳам боғлиқ. Инфляция қанча юқори бўлса, ички ва ташқи бозордаги нархлар шунча кўтарилади. Шу боис, мамлакатимиз иқтисодиётида инфляция даражасини доимий пасайтириб бориш чоралари кўрилмоқда. Ўтган тўққиз йилда амалга оширилган катта ислоҳотлар қаторида инфляция даражаси “бир хонали” сонга туширилгани ва аҳолининг харид қобилияти икки баробар ошгани ижобий натижа сифатида тилга олинмоқда.
2025 йилда мамлакатимизда инфляция кўрсаткичи кутилганидан ҳам кўра пасайди ва йил 7,5 фоизли натижа билан якунланди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу борадаги ишлар фаол давом эттирилиши ҳамда жорий йил якунида инфляция даражасини 6-6,5 фоизга тушириш мақсад қилингани таъкидланди. 2027 йилда эса инфляция учун белгиланган таргет — 5 фоизли кўрсаткичга эришиш экани айтилмоқда.
Хўш, бу мамлакатимиз ҳаёти ва иқтисодий фаровонликка қанчалик таъсир кўрсатади? Умуман, инфляция даражасини пасайтириш нима учун муҳим? Биз тез-тез эшитишга одатланганимиз, аммо моҳиятини ҳар доим ҳам тушунавермайдиган “инфляция” атамаси ўзи қандай маънога эга ва нима учун у салбий ҳисобланади? Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон ИНОҒОМОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
— Оддий қилиб айтганда, инфляция — товар ва хизматлар умумий нархининг ўсишини англатадиган атама. Кўп одамлар буни нархларнинг ошиши ва уларнинг ойликка мутаносиб эмаслиги сифатида тушунади. Яъни нарх-наво баланд бўлиб, одамларнинг харид қобилияти унга мос бўлмаслиги бевосита инфляция даражаси юқорилиги билан боғлиқ. Шунинг учун инфляция салбий характерга эга ва у нархларнинг ошиб бориши билан изоҳланади. Бу ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул қийматининг пасайишига олиб келади. Миллий валютанинг харид қобилиятини камайтириб, кундалик ҳаётимизга сезиларли таъсир кўрсатади.
Инфляция, биринчи навбатда, аҳолининг кам даромадга эга қатламига сезиларли таъсир кўрсатади. Чунки бундай қатлам асосий даромадини истеъмолга йўналтиради ва жамғариш имконияти кам. Жамғариш ёки маблағини сармоя сифатида киритиш эса инфляциядан ҳимояланиш воситасидир. Лекин аҳолининг кам даромадга эга қатламида бундай имконият йўқ. Юқори инфляция жараёнида ушбу таъсир янада яққол юзага чиқа бошлайди. Масалан, кам даромадли аҳолининг харид қобилияти пасайиб боради ва бу мамлакатда ижтимоий нотенгликни кучайтиради.
Иккинчи жиҳат шуки, нархлар барқарор бўлмаган шароитда оддий одамлар учун ҳам, бизнес учун ҳам келажак бўйича иқтисодий қарорлар қабул қилиш қийинлашади. Натижада инвестиция оқими камаяди. Қолаверса, нархлар юқори бўлса, фоиз ставкалари ҳам ошиб боради. Бозорда эса нарх-навони оширмаслик учун сифат ёки миқдордан воз кечиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ишлаб чиқарувчилар рақобат муҳитида шу орқали нархни ушлаб туришга ҳаракат қилади. Лекин бундан истеъмолчилар зарар кўради.
Баъзи давлатларда эса нарх-наво барқарорлигини ушлаб туришда давлат аралашуви ортади. Бу ҳам ижобий натижа бермайди. Чунки нархлар талаб ва таклиф асосида бозор шароитида шаклланиши жуда муҳим. Акс ҳолда, бу истеъмолчилар харидида нотенглик, ишлаб чиқарувчиларда эса пассивликни келтириб чиқаради. Яъни инфляциянинг юқори бўлиши ҳар қандай ҳолатда ҳам иқтисодиёт учун салбий хусусиятга эга. Иқтисодий ўсишга эришиш учун нархлар барқарор, инфляция даражаси паст бўлиши керак.
Паст даражадаги инфляция инвестиция муҳитини қўллаб-қувватлаб туриш, одамларнинг истеъмол қилиш даражасини оширишни рағбатлантиришга ёрдам беради. Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий вазифаларидан бири инфляция даражасини доимий пасайтириб бориш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Бу борада 2026-2028 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлар ишлаб чиқилган. Мамлакатимиз иқтисодиётининг келгуси йиллардаги ривожланиш истиқболлари, кутилаётган хатарлар ва ушбу шароитда нархлар барқарорлигини таъминлаш чоралари белгиланган.
— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилдаги тегишли фармонида юртимизда инфляция бўйича доимий мақсад (таргет) 5 фоиз бўлиши, бунга 2023 йилда эришилиши белгиланганди. Бироқ айрим сабабларга кўра инфляция бўйича қўйилган таргетга эришиш муддати бир неча маротаба ортга сурилди. Охирги маълумотларга кўра, белгиланган кўрсаткичга 2027 йилда эришилиши айтилмоқда. Бу қандай омиллар билан боғлиқ?
— Мамлакатимизда инфляцион таргетлаш режимига 2019 йил ноябрда ўтилган. Тегишли фармон билан инфляция даражаси бўйича ўрта муддатли мақсад 5 фоиз этиб белгиланган. Шу билан бирга, оралиқ мақсад ҳам қўйилган. Бунда 2021 йилда инфляция даражасини “бир хонали” сонга тушириш, яъни 10 фоиздан паст кўрсаткичга эришиш белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун фаол ҳаракатлар ҳам бошланганди.
Аммо қатор омиллар, хусусан, 2020 йили пандемия даврида давлатлар томонидан киритилган турли чекловлар ва 2022 йилда халқаро майдонда юзага келган геосиёсий вазиятдан сўнг бутун дунёда инфляциянинг юқорилаши кузатилди. Бу ҳолатлар Ўзбекистонга ҳам таъсирини ўтказди ва инфляциянинг аввалги прогноз кўрсаткичларидан юқори шаклланишига сабаб бўлди. 2021-2022 йилларда жаҳон миқёсида кескин инфляция муҳити кучайди. Ҳатто АҚШ, Европа давлатларида инфляция таргети пандемиядан кейин 10 фоиздан ошиб кетди. Ваҳоланки, бу мамлакатларда охирги 30 йилда инфляция даражаси “икки хонали” сонга деярли чиқмаган, 2 фоиз атрофида барқарор сақланган.
Қолаверса, пандемиядан кейин давлатлар иқтисодиёти тикланиши осон кечмади. Дунё бўйича етказиб бериш занжирлари қайта тикланиши учун ҳам вақт керак бўлди. Шунга қарамай, юртимизда қатъий пул-кредит сиёсати давом эттирилди ва 2021 йил якунида инфляция даражаси 9,9 фоизга етиб, “бир хонали” сонга туширилди. Аммо юқоридаги омиллар, қолаверса, халқаро бозорда ёнилғи нархлари кескин ошиши сабаб инфляциянинг яна ошиши кузатилди ва 2022 йил охирида 12,3 фоизга чиқди. Шундан сўнг белгиланган таргетга эришиш чоралари янада қатъийлаштирилди. Натижада 2023 йил охирида 4 фоиздан кўпроқ пастлашга эришилиб, инфляция даражаси 8,8 фоизга туширилди. 2025 йил эса 7,5 фоизли натижа билан якунланди.
Тўғри, 5 фоизли таргетга белгиланган вақтда етилмади. Аммо биз мақсадга аста-секин яқинлашяпмиз. Турли товарлар бозорини эркинлаштириш, айрим товарлар бўйича рақобатни кучайтириш, ишлаб чиқариш ва импорт концентрациясини камайтириш бўйича аниқ ишлар қилиняпти. Натижада ўтган йили юртимизда кўп йўналиш бўйича инфляция кўрсаткичи пасайгани яққол сезилди. Асосийси, буни одамлар ҳам ўз турмушида ҳис қилмоқда. Авваллари бозордаги нарх-навога фақат ўсувчи рақам сифатида қаралган бўлса, бугун одамлар турли иқтисодий таъсирлар орқали нархларни прогноз қилиб, пасайишини бемалол тахмин қила оляпти. Айрим маҳсулотлар нархи кескин пасайиши, бозорда талабга яраша таклиф ортгани, ўтган йили юртимизда валюта курси сўмга нисбатан арзонлашиб, бу узоқ вақт давом этгани ҳам бу борадаги катта ислоҳотлар самараси.
Яна бир жиҳатни тушуниш керак: 5 фоизли таргет — белгиланган мақсад. Аммо инфляция 5 фоизга туширилди дегани уни доим шундай сақлаб қолиш мумкинлигини англатмайди. Чунки инфляция доимий ўзгариб турадиган кўрсаткич. Одатда у билан боғлиқ прогнозлар нафақат ички, балки ташқи омилларга ҳам асосланади. Биргина мисол: 2024 йил юртимизда инфляция даражаси 9,8 фоиз билан якунланган бўлса, 2025 йил бошидаёқ қўшни давлатлардан импорт қилинадиган қорамол ва гўшт экспортига чекловлар сабаб гўшт маҳсулотлари нархида кескин ошиш кузатилди. Натижада ўтган йил февралда умумий инфляция 10,1 фоизгача кўтарилди.
Бу — табиий иқтисодий жараён. Мамлакатимиз иқтисодиёти йилдан йилга глобал иқтисодиётга мослашиб бораётган шароитда инфляция даражасига ҳам бевосита ташқи омиллар таъсири сезиларли даражада ортиб боради. Уларни доим барқарор ушлаб туриш қийин. Аммо Марказий банк бу борада ўз сиёсатини юритиш ва тегишли инструментлар орқали белгиланган таргетга етиш ҳамда уни мустаҳкамлаш чораларини кўриб боради.
— 2027 йилда белгиланган 5 фоизли таргетга эришмаслик эҳтимоли ҳам мавжудми? Кутилмаган сценарийларга қандай тайёргарлик кўрилган?
— Албатта, инфляция даражасига эришиш муддатларини белгилашда келгусидаги кутилмалар чуқур таҳлил қилинади. 5 фоизли кўрсаткичга эришиш бўйича кутилмаларда ҳам юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарлар ўрганилиб, таҳлиллар асосида сценарийлар ишлаб чиқилди. Уларга қарши чоралар ҳам белгиланган. Масалан, ташқи омилларга келсак, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар сақланиб қолиши, савдо ҳамкорларимиз валютасида кескин ўзгаришлар бўлмаслиги, ички шароитларда кредитлар мўътадиллашиб бориши, фиксал тақчиллик 3 фоиздан ошмаслиги, пул ўтказмалари 10 фоиз атрофида ўсиши каби ўнга яқин хатар ҳисобга олинган. Шулар асосида инфляция даражаси жорий йил охирида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши, 2027 йилда эса 5 фоизли таргетга етиши кутилмоқда.
Ҳар бир хатарнинг инфляция ва иқтисодий барқарорликка алоҳида таъсирларини баҳолаганмиз ва уларга қандай жавоб чоралари кўрилиши ҳам ҳисобга олинган. Масалан, олтин нархи 2500 долларгача пасайса ёки 5500 долларгача ошиб кетса нима қилиш мумкинлиги бўйича ҳам таҳлиллар ўтказилган. Бунда ўсиш прогнози эҳтимоли юқори. Яъни олтин нархи жаҳон бозорида ошиб боряпти. Биржа савдоси маълумотларига кўра, шу йил 25 январь куни кечқурун олтин нархи бир троя унция учун 5017 долларлик янги рекорд даражага етди. Агар олтин нархи шу тариқа ошишда давом этса, бу ижобий шок ҳолати ҳисобланади. Бунинг ҳисобига 5 фоизли таргетга 2027 йил охирида эмас, ўрталарида етиш ҳам мумкин. Чунки биргина шу омил иқтисодий ўсишнинг тезлашишига ҳисса қўшади.
Қолаверса, мамлакатимиз дунё бўйича олтин ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатлардан бири бўлиб, экспорт ҳисобига тушумлар ҳам, талаб ҳам ошиб бормоқда. Натижада юртимизда ўтган йилдан миллий валюта курси мустаҳкамланиб, қадри ошиб бораётгани ҳам бевосита инфляция даражасини пасайтиришга таъсир кўрсатади. Бироқ бу одамлар ўйлаганидек алмашув курсини Марказий банк белгилайди дегани эмас. Шу масалада ҳам кўп саволлар берилади. Бир жиҳатни аниқ тушуниш керак: Марказий банк алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткич белгиламайди ва курс шаклланишига аралашмайди. Юртимизда 2017 йилдан бошлаб валюта курси эркинлаштирилган ва уни бозор тамойиллари белгилайди. Курс ички валюта бозорида шу жойнинг талаб ва таклифи асосида шаклланади. Ўтган йилги таҳлилларга кўра, қулай макроиқтисодий шароитлар таъсирида хорижий валюта бозорида талабдан кўра таклиф юқори бўлди. Бу олтин нархининг кескин ошиб бораётгани билан ҳам боғлиқ.
— Инфляция ҳақида гап борса, Марказий банк белгилайдиган асосий ставка масаласи ҳам ўртага чиқади. 2027 йилда белгиланган 5 фоизли таргетга етилса, Марказий банк асосий ставкани қанчалик пасайтириши мумкин? Бу бевосита кредитлар фоизи билан ҳам боғлиқ бўлгани ҳолда одамлар учун қизиқ.
— Инфляция тушиши деганда одамлар, аввало, асосий ставка ва унга боғлиқ ҳолда кредитлар фоизининг тушишини кутади. Аслида ҳам улар ўзаро боғлиқ. Бу борадаги кутилмаларни айтишдан олдин асосий ставканинг ўзига тўхталсак. Чунки кўпчилик унинг моҳиятини тушунмайди.
Гап шундаки, мамлакатимиз молия тизимида Марказий банк асосий ставкаси деган тушунча бор. Марказий банк уни ва пул бозорида қисқа муддатли пулнинг нархини белгилайди. Оддий қилиб айтганда, асосий ставка — сўмнинг нархи. Агар инфляция юқори бўлса, сўм кўп ва қадри паст бўлади дегани. Масалан, юқори инфляция хавфи туғилса, Марказий банк асосий ставкани оширади ёки аксинча, инфляция таргетдан пасайса, асосий ставкани туширади. Бозор ставкасини Марказий банк белгиланган даражага яқинлаштириш учун ўз операцияларини асосий ставкага боғлайди. Масалан, тижорат банклари ажратадиган имтиёзли кредитларнинг фоиз ставкаси бевосита асосий ставкага боғлиқ. Яъни ставка тушиши ёки кўтарилиши имтиёзли кредитлар фоизининг пасайиши ёки ошишига таъсир қилади. Шунингдек, тижорий кредитлар фоизи ҳам Марказий банкнинг фоиз ставкасидан келиб чиқиб белгиланади.
Асосий ставка даражаси муайян вақтда қатор омиллар ҳисобига ўзгариб туради ҳамда Марказий банк йил давомида 8 марта асосий ставкани кўриб чиқади. Жараёнда барча омил ҳисобга олинади ва чуқур таҳлил қилинади. Хусусан, асосий ставка 2017 йил июнь охирида — валюта либераллашувига тайёргарлик доирасида 9 фоиздан 14 фоизгача кўтарилган ва 2024 йил июлигача 14-17 фоиз оралиғида шаклланган. 2024 йил июлида ушбу ставка 0,5 фоиз пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгиланди. Кейинроқ яна 14 фоизга кўтарилди. 2025 йилда асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Тўғри, 2025 йилда инфляция даражаси 7,5 фоизгача пасайди. Лекин Марказий банк асосий ставкани пасайтиришга шошилмаяпти. Чунки жорий инфляция даражаси ҳали белгиланган 5 фоизли таргетга етиб келгани йўқ. Бундан ташқари, миллий иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарлар ҳали ҳам сақланиб турибди.
Бугун аҳоли ва бизнес учун банклар ажратаётган кредитлар фоизи ҳақиқатан юқори — 20 фоиз. Бунинг асосий сабаби, ресурс нархи, яъни ушбу кредитларнинг манбаи бўлган депозитларнинг қимматлигида. Инфляцион таргетга эришилгач, Марказий банк фоиз ставкаларини нейтрал даражага олиб келиши мумкин. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти учун нейтрал реал фоиз ставкаси бугун 4-5 фоиз атрофида баҳоланган. Бунда 5 фоизли таргетга нейтрал 4-5 фоизни қўшсак, 9-10 фоиз номинал ставка ҳосил бўлади. Бу асосий ставкани 9-10 фоизгача тушириш имкони пайдо бўлади дегани.
Аммо инфляция кутилмаларининг пасайиши муайян муддат талаб этади. Яъни бошқа фоизларнинг бирдан тушиши кузатилмайди, улар инфляция билан бирга аста-секин пасаяди. Ўтган йили аҳоли буни амалиётда сеза бошлади. Нарх-наво барқарорлиги реал шароитда кузатилаётгани ҳисобига аҳоли кутилмалари ҳам пасайиб бораётгани ижобий ҳол.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.