COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши саломатлигимизга янада эътиборлироқ бўлиш, гигиена қоидаларига амал қилиш ва, энг асосийси, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишни тақозо этмоқда. Карантин қоидаларига зид равишда қилинган ҳар бир ножўя ҳаракат салбий оқибатларга, ҳатто, оғир вазиятларга олиб келиши мумкинлигига ҳам, афсуски, бевосита дуч келяпмиз.
Касалликнинг илк аломатларидан бири иситма кўтарилиши, экани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайд этилганидан буён, деярли барча идора ва ташкилот, савдо комплекслари ҳамда жамоат жойларида инсон тана ҳароратини аниқлашда масофавий ўлчаш термометрларидан фойдаланила бошланди. “Ҳароратингизни ўлчаймиз, оралиқ масофани сақланг”, дегувчи мутахассислар пешонамизга нур тушириб, саломатлигимизни кўздан кечиради. Бошқача айтганда, инфрақизил тиббий термометрлар биз ҳар куни дуч келаётган асосий қурилмалардан бирига айланди.
Ўтган вақт давомида юртимизга кўплаб шундай термометрлар хориж давлатларидан кириб келди. Мамлакатимизда барча турдаги ўлчаш воситалари қаторида инфрақизил термометрлар ҳам Ўзбекистон миллий метрология институтининг Физик-кимёвий, оптик-физикавий ва ҳарорат катталикларини ўлчаш бўлими лабораториясида метрологик текширувдан ўтказилади. Жараёнлар Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш Қоидалари” асосида амалга ошириб келинмоқда. Пандемиянинг илк даврида тадбиркорлар, қолаверса, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мазкур термометрлар институт томонидан бепул текширувдан ўтказилди. Умумий маълумоларга кўра эса, охирги икки йилда метрологик текширувдан ўтган инфрақизил термометрлар сони 45 766 донани ташкил этмоқда.
Қандай ишлайди?
Замонавий қурилмадан фойдаланишга аллақачон кўниккан бўлсакда, одамларни ҳамон инфрақизил термометрларнинг қандай ишлаши, улардан тўғри фойдаланиш талаблари қизиқтиради.
Инсон тана ҳароратини ўлчашда асосан уч турдаги — симобли, электрон ва инфрақизил тиббий термометрлардан фойдаланилади. Шу вақтга қадар одамларимиз кўпроқ симобли, электрон термометрдан фойдаланган. Аммо коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабаб инфрақизил термометрларга бўлган талаб ортиб кетди. Гап шундаки, инфрақизил тиббиёт термометрлари инсон танасидаги ҳароратни масофадан туриб тезкор аниқлаш билан бир қаторда, қисқа вақт давомида бир неча беморлар ҳароратини кетма-кет ўлчай олади. Бу кўплаб одамлар ишлайдиган ташкилотлар, жамоат жойларида қўл келади.
Бу термометрлар инсон танаси ва қаттиқ жисмларнинг сирт ҳароратини масофадан ўлчаш учун мўлжалланган. Шу боис, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳасида фойдаланилади. Аммо саноат учун мўлжалланган термометрлардан инсон тана ҳароратини ўлчашда фойдаланиб бўлмайди.
Қурилманинг ишлаш принципи спектрнинг инфрақизил қисмидаги объектдан электромагнит нурланиш амплитудасини ўлчашга ва кейин ўлчанган қийматни иссиқлик нурланиш қувватига айлантиришга асосланган. Оптик тизим томонидан йўналтирилган иссиқлик нурланиши датчик ўзгартиргичга узатилади ва ўлчанаётган сирт ҳарорати қийматига мутаносиб чиқишда электр сигнали ҳосил бўлади. Ушбу сигнал электрон конвертор орқали ҳисоблаш мосламасига ўтиб, натижа дисплейда акс этади.
Инфрақизил термометрда ҳам хатоликлар бўлиши табиий. Айниқса, ундан фойдаланишдан аввал узатгич артилмаган бўлса. Ушбу қурилмада хатолик электрон ва симобли термометрга қараганда нур узоқ масофани босиб ўтганлиги сабабли юзага келади. Шунга қарамай, қурилма қатор афзалликларга эга.
Биринчидан, инфрақизил термометрдан бетоб одамларда ҳам фойдаланилади, аммо бемор унга тегмайди. Яъни, ўлчаш жараёни бошқа киши томонидан, маълум масофадан амалга оширилгани боис, вирус зарралари термометрга тушиши эҳтимоли кам бўлади. Қолаверса, термометр хотираси ҳарорат ўзгариши динамикасини кўриш имконини беради. Қурилма ўзида 8—50 тагача ўлчашларни сақлайди. Айрим моделларда ўлчаш якунланганини хабар қилувчи сигналлар мавжуд. Ҳароратни ўлчаш вақтида беморни безовта қилмаслик учун сигнал ва нурни ўчириб қўйиш ҳам мумкин. Яна бир жиҳати, бу каби термометрлар ҳароратга қараб ранг билан кодланади.
Тўғри фойдаланяпмизми?
Ҳар бир ўлчаш воситасидан тўғри фойдаланиш — аниқ ва ишончли ўлчаш натижасини олишга тўғри пропорционалдир. Шу ўринда, ўлчаш воситаси ҳақида тўхталсак. Ўзбекистон Республикасининг Метрология тўғрисидаги қонуни 3-моддасида келтирилишича, ўлчаш воситаси — бу ўлчашлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятларга эга бўлган техника воситасидир. Инфрақизил тиббий термометр ҳам ўлчаш воситаси ҳисобланади.
Қурилмадан тўғри фойдаланишда бир қанча жиҳатларга эътибор бериш лозим. Аввало, термометрдан фойдаланиш йўриқномаси билан танишинг. Ҳар бир термометрнинг ўз ҳарорат ўлчаш кўлами ва хатолигига аҳамият бериш ҳам муҳим. Соғлиқни сақлаш соҳасида фойдаланишга мўлжалланган инфрақизил термометрлардан фойдаланишда эса, биринчи навбатда, унинг давлат метрология текширувидан ўтганлиги ҳақида ишонч ҳосил қилиш, аниқроқ айтганда, мувофиқлик сертификати мавжудлигини текшириш зарур.
Бу турдаги термометр ҳозиргача асосан педиатрияда — боланинг тана ҳароратини ўлчаш зарур бўлганда қўлланиларди. Яъни, бола анъанавий термометрни 5-7 дақиқа ушлаб тура олмагани учун бу усул қўл келади. Инфрақизил термометрдан фойдаланишда уни қулоқ супраси, пешона ёки чаккага йўналтириш керак.
Кўпинча қурилмани қўлнинг билак ва кафт соҳасига, пешонага ҳамда тананинг бошқа турли қисмларига теккизган ҳолда, ҳароратни ўлчаш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Аксарият ҳолларда нотўғри ўлчашлар шу сабабли юзага келади. Ахир, инфрақизил термометрдан фойдаланиш жараёнида у йўналтирилган объект юзасига тўғри келадиган оралиқ масофани тўғри танлай билиш ўта муҳим саналади. Боиси, аксарият инфрақизил тиббиёт термометрларида ўлчанаётган объект ва термометр орасидаги масофа 3÷8 сантиметр оралиғида бўлиши талаб этилади. Албатта, буни термометрнинг йўриқномаси ва айрим инфрақизил термометрларнинг корпус қисмидаги йўриқномадан билиб олиш имконияти бор.
Объектдан инфрақизил термометр узоқлашгани сари ўлчаш юзаси катталашиб, хатолиги ҳам ўзгаради. Буни худди ёруғлик чиқарувчи фонарни деворга қаратиб, уни узоқлаштирган сари ёруғлик кенгайишига ўхшатиш мумкин.
Аслида, инфрақизил термометр юртимизда коронавирус эпидемияси юзага келган вақтдан кенг қўлланила бошланди. Қурилма биз учун нисбатан янги бўлгани боис, унинг тўғри ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш ва метрологик текширувдан ўтказиб туриш талаб этилади. Белгиланган қоидаларга асосан, соҳада ўлчаш воситаларини қўллайдиган барча жисмоний ва юридик шахслар учун давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этилиши мажбурий этиб белгиланган. Биринчилардан бўлиб, соғлиқни сақлаш, ветеринария, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида қўлланиладиган ўлчаш воситалари кейинчалик уларнинг тури тасдиқлаган ҳолда давлат синовларидан ўтказилиши лозим. Бу уларнинг фойдаланишга яроқли, хавфсиз ҳамда тўғри ишлашини таъминлайди.
Дониёрбек АБДУМАЖИДОВ,
Ўзбекистон миллий метрология институти
бўлим мутахассиси