Самарқанд вилоятида жойлашган “Ингичка” кони жорий йилда “Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфига ўтказилган. “Ингичка” вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ва вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, куни кеча “Ингичка” конидан илк вольфрам маҳсулоти олинишига эришилди, дея хабар беради ОКМК Ахборот хизмати.
Маълумот учун: вольфрам — нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади. Вольфрамдан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади. Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлганлиги учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1кг вольфрамнинг нархи — 40 доллар.
“Ингичка” конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш эвазига йилига 100 тонна вольфрам олинади.
Эътиборлиси, бу лойиҳа 150 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди.