Жорий ҳафта пойтахтимизда йирик саноат кўргазмаси очилиши билан бошланди. 25 апрель куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида старт олган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро кўргазмасида дунёнинг ўндан зиёд мамлакатидан келган турли соҳа вакиллари меҳмон бўлиб турибди. Уч кун давомида иштирокчиларнинг профессионал мулоқот майдонига айланадиган тадбир юртимизнинг иқтисодий, инвестициявий, саноат ҳаётидаги яна бир муҳим воқеликдир.

Кўргазмада Ўзбекистон, Россия, Белорусь, Венгрия, Франция, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 700 дан ошиқ ишлаб чиқариш компаниялари ва бизнес делегациялари, 1300 дан ортиқ жисмоний шахслар қатнашмоқда. Иштирокчи давлатлар кўргазма майдонининг металлургия ва материаллар, саноат автоматлаштирилиши, машинасозлик ва унинг қисмларини ишлаб чиқариш сингари бўлимларида ўз стендларини ўрнатиб, маҳсулотларини намойиш этяпти. 

Юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган мазкур саноат ҳафталиги ўтган йили ҳам хориж давлатларида катта қизиқиш уйғотгани ёдимизда. Ўшанда иштирокчилар ковиддан кейинги даврда саноатни ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва истиқболли механизмлари, савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш йўллари, иқтисодий ўсишнинг омили сифатида саноат инновацияларини жорий қилиш имкониятларини белгилаб олган, икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини ўрнатган эди. Тадбирлар ва бизнес учрашувлар натижасида 3,2 миллиард долларлик инвестициявий битимлар, экспорт ва импорт шартномалари ва келишувларга эришилган.

Жорий йилги кўргазманинг кўлами янада кенг. Бу гал Тошкент йирик инвестор ва юқори даражадаги меҳмонларни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий ҳамда иқтисодий салоҳияти билан танишиш, ўзаро конструктив мулоқот қилишга таклиф этди. Бу ташаббус хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилигида ўтган кўргазмани очиб бериш мажлисида меҳмонлар бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўтган йили кўргазма юқори даражада ўтган эди. Бу йил ҳам мана шу юқори даражани таъминлашни мақсад қилганмиз, — деди ИННОПРОМ дастури директори Антон Атрашкин. — Биз шунчаки маҳсулотимизни намойиш этиб, уни сотишга келмаганмиз, ниятимиз — доимий ҳамкорликда ишлаш. Бу йил “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмасига 40 фоиздан ортиқ иштирокчилар илк бор келмоқда. Бу эса Марказий Осиёда истиқболли ва динамик ривожланаётган бозорга нисбатан саноат компанияларининг қизиқиши ортиб бораётганидан далолат. Ишонаманки, кўргазма мамлакатлар ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаб, халқаро миқёсдаги иштирокчиларга янги бозорларни муваффақиятли ўрганишда ёрдам беради.

Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров эса бу йил кўргазма иштирокчилари сони аввалги йилгидан ҳам кўпроқ эканини таъкидлади. Вазирнинг фикрича, Ўзбекистон сўнгги йилларда аҳолиси сони билан бирга иқтисодиёти тез ўсиб бораётган давлат сифатида Марказий Осиёда етакчилардан ҳисобланади. Мамлакатда турли йўналишларда бизнесини ривожлантирмоқчи бўлганлар кўп ва бу ҳозирги шароитда долзарб бўлган — давлатларнинг ҳамкорликда ривожланишига яхши шароит яратади.

Халқаро кўргазмадан кўзланган мақсад ҳам саноат соҳасидаги энг янги технологиялар ва ишланмаларни тарғиб қилиш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, битимлар тузиш ва натижада саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Бунда давлатларнинг ўзаро якдиллик, дўстлик муносабатлари асосий жиҳатга айланиши муҳим.

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида шундай муҳит яратилганини пайқаш қийин эмас. Кўргазма майдонига киравериш қисми юртимизнинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, зар чўпону, атлас-адрас либослари билан безатилган. Майдоннинг асосий кўргазмалар қисмида эса меҳмонлар ўз бурчакларини яратиб, саноат маҳсулотларини намойиш этяпти. Таклиф этилаётган брендларнинг аксарияти янги турдаги, энг замонавий маҳсулотлар.

Масалан, россиялик вакиллар бурчагидаги пиёдалар ўтишига мўлжалланган альюмин мостларнинг кўргазма макети эътиборимизни тортди. Лойиҳа Россиядаги Альюмин Ассоциациясига тегишли. Турли мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатларидаги қатор корхоналарни ўзида бирлаштирган йирик компания альюминдан юзлаб турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарар экан. Бундай материалдан қурилган мостлар уларнинг энг янги технологияларидан бири.

— Аслида, дунёдаги биринчи альюмин мост ўтган асрнинг 40 йилларида қурилган, — дейди Ассоциация эксперти Равлюк Снезана. — Бироқ ўша кезлари бу тажриба тўхтаб қолган, балки унинг оммалашиши, синовдан ўтишига вақт керак бўлгандир. Кейинроқ альюминдан мостлар қуриш яна фаоллашди. Ҳозир бу кўп давлатларда мавжуд. Боиси, альюмин мостлар оддий мостларга нисбатан бир неча баробар тезроқ қурилади — атиги бир неча соатда бир-бирига пайвандланади. Оддий мост учун эса анча кўп вақт, қурилиш материаллари талаб этилади. Қолаверса, альюмин мост йил давомида қайта ишлаш, тез-тез таъмирлаш, такрор-такрор бўяшни талаб этмайди. Тежамкорлик янги технологиянинг ягона афзаллиги эмас. Альюмин қурилмалар анча енгил, мустаҳкамлик сингари хусусиятлари билан ҳам талабгир. Айниқса, сейсмик ҳудудларда ундан кўп фойдаланилмоқда. Россияда биринчи альюмин мост 2017 йилда қурилган бўлса, ўтган 5 йилда уларнинг сони 10 дан ошди. Яқин йилларда мамлакатда автомобиллар ўтишига мўлжалланган алюмин мостлар пайдо бўлади. Билишимизча, Ўзбекистонда альюмин мостлар ҳозирча йўқ. Биз бу борада ҳам ҳамкорлик қилишни мақсад қилганмиз. 

Кўргазманинг Тожикистон давлатига тегишли бурчаги ўзига хос дизайни билан, айниқса, ажралиб турибди. Ўзбекона услубга яқин миллийлик, қардош халқ вакилларининг илиқ самимияти павильон муҳитига ҳамоҳанг. Кўргазмада Тожикистоннинг металлургия, фармацевтика, машиназозлик, енгил саноат соҳаларида ишлайдиган 20 га яқин компаниялари иштирок этяпти. Стендлардан тайёр кийим-кечак, текстиль маҳсулотлари, гиламлар, камёб тошлар, қимматбаҳо металлар жой олган. Қизиқувчиларни маҳсулотлар билан бирма-бир таништираётган Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар вазирлиги бўлим бошлиғи Малика Ярбабаеванинг эгнидаги атлас кўйлак эса ял-ял ёниб турибди.

— Бизда ҳам атлас, беқасам матолар бор, хотин-қизларимиз ўзимизники билан бирга, ўзбек миллий матоларидан тикилган либосларни севиб кияди, — дейди Малика опа. — Гардиробида ўзбек атлас ва адраси бўлмаган бирорта тожик хотин-қизи бўлмаса керак. Шу боис, биз Ўзбекистонга миллий матоларни ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш мақсадида тез-тез келиб турамиз. Миллий матоларимизда деярли фарқ йўқ. Фақат охирги йилларда ўзбек миллий матолари дизайнида замонавий трендлар кўзга ташланяпти, бу жуда яхши. Бизда эса ҳозирча ишлаб чиқарувчилар кўпроқ классик дизайнни сақлаб қолишни афзал кўрмоқда. Кўргазма давомида ҳамкорлар топиш, янги шартномалар имзолашни мақсад қилганмиз. Пахта, ипакни қайта ишлаш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга кўпроқ қизиқяпмиз.

Албатта, тадбирнинг амалий аҳамияти имзоланадиган шартномаларда яққолроқ кўзга ташланади. Бунинг учун кўргазманинг бизнес дастури ишлаб чиқилган. Шу асосида, саноат кун тартибининг энг долзарб мавзулари бўйича 20 дан ортиқ ихтисослаштирилган сессиялар, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг асосий масалаларини қамраб олган кенг кўламли конгресс дастури ҳамда В2В алоқалар биржаси бўлиб ўтмоқда. Панель мунозаралари, муҳокамалар, давра суҳбатлари ва бизнес учрашувларида иштирокчилар Марказий Осиёнинг кескин технологик ўсиш макони сифатидаги истиқболлари, шунингдек, минтақа мамлакатларининг инвестициявий ва саноат салоҳиятини муҳокама қилиш имкониятига эга бўляпти.

Бу йил кўргазмада ёш мутахассислар ва талабалар учун “ИННОПРОМ университети” махсус лойиҳаси ҳам ташкил этилди. Унда хорижнинг йирик саноат компаниялари раҳбарлари, шунингдек, етакчи университетларнинг ректорлари йигит-қизларга замонавий ишлаб чиқаришни қандай қилиб бошқариш кераклиги ҳақида сўзлаб берадилар.

Қолаверса, халқаро саноат кўргазмасининг формати бу сафар конструктивликнинг янги ранглари билан порламоқда. Унинг асосий устуворлиги ҳудудлар ўртасидаги фаол мулоқотлардадир. Ўзбекистонга келган ҳар бир делегация ўз ташриф дастурига эга ва бу йил у фақат Тошкент шаҳри билан чегараланиб қолмайди.

Халқаро саноат кўргазмасининг илк кунидаёқ шартномалар имзолаш маросими бошлаб юборилди. Хусусан, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш бўйича битимлар алмашилди, шунингдек, Россиянинг Омск вилояти ва Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича  2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” имзоланди.

Шундай қилиб, 27 апрелга қадар давом этадиган халқаро тадбирни чин маънода саноат ҳафталиги, дейиш мумкин. Бу доирада кечаётган ўнлаб дастурлар ва миссиялар, учрашувлар ҳамда келишувларни манфаатлар кесишмаларини топиш истаги бирлаштирмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири