Онлайн учрашувда, шунингдек, АҚШ элчисининг биринчи котиби Жефф Крамб ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда қатор масалалар кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан илмий-техник ахборот алмашиш, илмий-амалий тадбирлар ўтказиш масаласи бўйича фикрлар алмашилди. Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлигида олимлар учун академик инглиз тили курслари ташкил этилган бўлиб, бу олимларга Web of Science, Scopus, Springer, Wiley каби халқаро илмий-техник маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳамда халқаро илмий грантларни жалб қилиш имконини беради.
Мазкур лойиҳа доирасида, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёш олимларнинг тадқиқотлари учун хорижий грант маблағларини йўналтириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ва тадқиқотчиларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув курслари фаолиятини кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Илғор технологиялар марказида ёш бошланғич компаниялар учун илмий ривожланиш билан боғлиқ Минтақавий Стартап Тренинг GIST (Фан ва технологиялар орқали глобал инновация) дастури ўтказилгани ҳақида гапирилиб, юртимизда амалга ошириладиган таълим дастурларига Қўшма Штатлардан мураббийлар сифатида тадбиркорлик, венчур фондлар, инновацияларни бошқариш соҳасидаги мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар берилди.
Инновацион ривожланиш вазири ҳудудий инновацион марказларни ривожлантириш учун ҳудудлардан АҚШ мутахассислари иштирокида тренинглар, семинарлар ўтказиш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳудудий аҳамиятга эга технологиялар трансферини амалга ошириш, инновацион, хусусан экология билан боғлиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини кўтарди ва шу соҳаларда ҳамкорлик таклифлари билан чиқди.
Томонлар миллий мақсадлардан келиб чиққан ҳолда АҚШ тажрибасига асосланиб инновацион экотизим инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича музокаралар олиб бордилар.