Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбeкистон тeхник жиҳатдан тартибга солиш агeнтлиги Бош директори ҳамда Агентлик ҳузуридаги Ўзбeкистон миллий мeтрология институти раҳбарлари ва илмий ходимлари билан суҳбатлашди.

Суҳбат чоғида республикамиздаги илмий лабораторияларни стандартлаштириш, олимлар томонидан яратилаётган маҳсулотларнинг стандартларга мослиги, уларни аккредитациядан ўтказиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

И. Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий лойиҳаларга ажратилган грантлар ҳисобидан тадқиқот натижаларини стандартлаштириш, шу йўналишда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбeкистон миллий мeтрология институтининг кичик илмий-техник кенгашини ташкил этиш таклифини берди. Мазкур кичик илмий-техник кенгаш соҳага доир масалаларни фан йўналишларидаги илмий-техник кенгашлар билан биргаликда кўриб чиқиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, институт ёш олимларини хорижий етакчи илмий муассасаларга стажировкаларини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилди. Ўтган стажировка танловларида муваффақиятли ўтган институт ходимларини чет элга юбориш ишларини тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган “English for Science” академик инглиз тили курсларида ўқиш учун институтнинг 10 нафар ёш олимларини саралаб олишга келишилди.

И. Абдураҳмонов ва Д. Сатторов Ўзбекистонни "яшил иқтисодиёт"га ўтказиш тамойилларининг стандартлаштириш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олдилар. Томонлар мазкур ҳамкорлик ва унинг натижаси келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни экспорт салоҳиятини кенгайтиришини қайд этдилар.