Ташриф давомида вазирлик ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Бунёд Охунов бошчилигидаги делегация аъзолари «UNIT.City» Unit city шаҳарчасида яратилган инновацион экотизим билан танишиб чиқди.

«UNIT.City» – Марказий ва Шарқий Европадаги йирик инновацион марказлардан бири бўлиб, бутун дунёдан мамлакатга инвесторлар, ҳамкорлар ва янги технологиялар кириб келишини таъминлайди. Стартаплар, юқори технологияли ва инновацион компаниялар учун яратилган шароитлар уларнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.

Делегация аъзолари «UNIT.City» инновацион паркининг бошқарувчи ҳамкори К.Евтушенко, Экотизимни яратиш бўйича директори В.Ракитина билан музокаралар ўтказди. Томонлар Ўзбекистон стартаплари ва тадбиркорлари учун акселлерацион ва инкубацион дастурларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Юртимиз стартапчилари ва юқори технологиялари маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг мазкур инновацион паркда стажировкаларини ташкил этиш бўйича фикрлар алмашилди. Ўз навбатида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган юқори технологияли маҳсулотларнинг Украина бозорига кириб боришида кўмаклашиши мақсадида «Learning expedition» дастурини ташкил этиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегация раҳбари Б. Охунов «UNIT.City» инновацион парки резидентлари ва вакилларини Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ноябрь ойида ташкил этилаётган «InnoWeek.uz-2021» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига таклиф этди. Ўз навбатида мезбонлар стартапчилар ва вазирлик вакилларининг Украина инновацион тадбирларида мунтазам равишда иштирок этишлари учун шароитлар яратилишини билдирдилар.

Ташриф давом этади.