У ўз фаолияти давомида Глобал инновацион индексда Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлаш масаласи билан шуғулланиб, халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.

– Ёшларимиз мамлакатимизнинг ўзида ҳам, хорижда ҳам сифатли таълим олиш имкониятига эгалар, – дейди Камила Гайнулина. – Ўзингизга ишонинг, ўз имкониятларингизни ишга солинг, олдингизга мақсадлар қўйинг ва уларга эришинг!

“Chevening scholarship” Буюк Британия Ташқи ишлар ва халқаро ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштириладиган халқаро стипендия дастуридир. Мазкур дастур кучли етакчилик қобилиятига эга бўлган номзодларга Британиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида истаган мутахассисликлари бўйича бир йиллик магистрлик курсида ўқиш имкониятини беради. Номзодлар Буюк Британия элчихонаси ва тегишли комиссиялар томонидан танлаб олинади.

К.Гайнулина Инновацион ривожланиш вазирлигида 2019 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Нуфузли грант соҳибининг айтишича, вазирликда ишлаш давомида орттирган билимлари, ҳамкасблари ва раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши натижасида мазкур стипендияга эга бўлишга муваффақ бўлган. Камила Буюк Британиянинг етакчи университетларидан бири – Бирмингем университетида «Халқаро ривожланиш» йўналишида магистрлик дастури бўйича таълим олади.