Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлар такомиллаштирилмоқда.
Қийноқлар, бу – инсониятга қарши жиноят. Бу борада қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида ҳам қийноқ қатъиян тақиқланган. Жумладан, Конституциямизнинг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”лиги белгиланган.
Айни кунларда кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлиб турган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам бу борада бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, стратегиянинг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”, деб номланган тўртинчи йўналиши 84-мақсадида Конституция ва қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш вазифаси қўйилган.
Унда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш амалиётини 2 баробарга камайтириш ҳамда гаров ва бошқа муқобил эҳтиёт чоралари улушини 2 баробар ошириш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, суд ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш, ярашувга тушадиган ишлар бўйича жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан суд тартибида тугатиш амалиётини жорий қилиш масалалари ўрин олган.
Унга кўра, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида айбланувчи ва судланувчини ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин уни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилади ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига тергов ҳибсхоналарида ўрнатилган видеокузатув тизимлари ёзувлари билан танишиш ҳуқуқи берилади.
Шу билан бирга, жиноят-ижроия қонунчилигини қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни назарда тутувчи нормалар билан тўлдириш кўрсатиб ўтилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг янги ва халқчил тизими ишлаб чиқилиши ўз навбатида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик асосларидан биридир.
Дилдора БОЗОРОВА,
юридик фанлар доктори, профессор