Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда изчил давом эттирилишини таъкидлаган эди. Сабаби бу борада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп.
Давлатимиз раҳбарининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамиятда катта ўзгариш, янгиланиш бошланаётганига одамларни ишонтирди.
Дастурнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бу – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор берилган. Масалан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мақсадида жорий йил 1 апрелга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш белгиланди.
Эътибор беринг, мамлакатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрда парламентга Мурожаатномасида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилишини таъкидлаган ҳолда, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилишини билдирган эди.
Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши айтилган эди.
Давлат дастурида жорий йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши ҳамда 2021 йилда 6 тагача манзил-колониялар қисқартирилиши замирида айтиш мумкинки, инсон манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириб бориш каби инсонпарвар ғоялар мужассам.
Бугун даврнинг ўзи тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Боиси, ушбу ҳолатлар фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқаряпти, мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатяпти.
Шу жиҳатдан, Янги Ўзбекистонда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш бўйича дадил қадамлар қўйилди. Кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик ололмай юрган, бу юксак мақомни узоқ вақт интиқиб кутган 50 мингдан зиёд шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.
Мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартибини жорий қилишга доир муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Президентимиз фармони билан жорий йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, юртимизда доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиниши белгиланди. Бу албатта, юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, Дастурда назарда тутилаётган вазифалар кўлами кенг, талаби қатъий. Улар ижросини таъминлаш учун катта масъулият, фидойилик ва ирода керак бўлади. Зотан, Дастурнинг ҳар бир банди ижросини таъминлаш инсон манфаатлари, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек эзгу ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Абдулла РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси