Бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик жамият қуриш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларининг халқаро эътирофидир.
Айтиш керакки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Бугунги кунда юртимизда бу борада замонавий мезонларга жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим шаклланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётида тизимли ва босқичма-босқич амалга оширишнинг миллий модели яратилди. Бу йўналишда икки ва кўп томонлама муносабатларда, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро форумлар доирасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини қатъий ҳимоя қилиш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммамизга юкланадиган масъулиятлардан ҳам тўла хабардормиз. Эндиликда сўнгги йилларда бу жабҳада эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқларини қатъият билан тарғиб қилиш ва ҳимоялашга конструктив ҳисса қўшиш асосий вазифамиздир. Бу йўналишда халқаро, минтақавий ва миллий даражада қатор вазифаларни амалга ошириш лозим.
Хусусан, халқаро даражада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти, парламентлар, хусусий сектор ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтиришга эътибор қаратилади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мазкур халқаро ташкилотнинг экспертларини юртимизга таклиф этиш ва алоқаларни кенгайтириш чоралари кўрилади.
Барқарор ривожланиш учун кун тартибини жорий этиш бўйича глобал ташаббуслар ва муҳокамаларда фаол иштирок этиш режалаштириляпти. Гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш, шунингдек, аёллар саломатлигини муҳофазалаш, репродуктив саломатликни асраш, аёлларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ чора-тадбирлар кучайтирилади.
Бундан ташқари, аёллар, болалар, ногиронлар ҳуқуқлари ва миграция масалаларида инсон ҳуқуқлари, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида энг яхши амалиёт, тажриба ва ютуқлар кенг тарғиб этилади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илм-фан ютуқларини давлат органлари ва жамоат ташкилотлари тизимида шаффофлик, очиқлик ва ахборот олиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш диққат-
эътиборда бўлади. Эътиборли жиҳати, тегишли молиявий ресурслар билан таъминлаш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташаббусларга ҳисса қўшиш оламшумул ҳаракатдир.
Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида минтақавий даражада ҳам бир қатор муҳим режалар тузилмоқда. Биринчидан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва минтақада инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишда МДҲ каби ҳамкорлар билан доимий равишда иш олиб борилади. Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмни ташкил этишга кўмаклашилади ва унинг аъзо давлатлардаги ўрни ва мақсадлари тарғиб этилади.
Миллий даражада эса инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоялаш бўйича энг юқори стандартларга риоя этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро даражадаги фаолиятнинг турли соҳаларга тўлиқ интеграциялашуви таъминланади. Бунда БМТнинг тегишли органлари билан ҳамкорлик қилиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ миллий даврий ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш устувор вазифа ҳисобланади. Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажариш мақсадида бу йўналишдаги ҳаракат режалари самарали амалга ошириб борилади.
Ўзбекистонда инклюзив таълим тизими кейинги йилларда изчил ривожланмоқда. Бу соҳадаги миллий ва халқаро тажрибаларни кенг оммалаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг таълимга оид ва ижтимоий инклюзиясига муносиб ҳисса қўшиш муҳим вазифа саналади. Бу соҳада ногиронларнинг ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш чора-тадбирларини кўрган ҳолда, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш белгиланган.
Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг чинакам иштироки ва бу тадбирларга самарали жалб этилиши ҳамда уларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишига кўмаклашилади. Инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини амалга татбиқ этиш эътиборда бўлади.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ушбу дадил қадамлари нафақат миллий, балки бутун инсониятнинг бугунги ва келажак тараққиётига дахлдор глобал муаммоларнинг оқилона ечимини топиш ва барқарор тараққиётга эришишида муҳим самара беради.
Гавҳар ЙЎЛДОШЕВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори