Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда халқаро стандартларни миллий ҳуқуқий тизимга изчил имплементация қилиш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини давлат ва жамият ривожининг марказига қўйиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий, институционал ва процессуал механизмларини такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараён давлатимизнинг ички сиёсати билангина чекланиб қолмасдан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолияти ва халқаро ҳуқуқий ташаббусларида ҳам ўзининг мантиқий давомини топмоқда.

Дарҳақиқат, замонавий глобаллашган дунёда инсон ҳуқуқларини таъминлаш вазифаси давлатларнинг фақат ички ваколати доирасидаги масала бўлибгина қолмай, халқаро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айланган. Геосиёсий қарама-қаршиликлар, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши, миграция, ижтимоий тенгсизлик ва бошқа глобал чақириқлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги халқаро ҳуқуқий ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда. Бундай шароитда давлатларнинг фақат мавжуд халқаро стандартларга риоя қилишигина эмас, балки уларни такомиллаштириш ва янги ҳуқуқий ёндашувларни шакллантиришда фаол иштирок этиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда 2018-йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган Инсон ҳуқуқлари форуми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум, шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг энг ёрқин халқаро ташаббусларидан бири бўлиб, инсон ҳуқуқларининг долзарб масалаларини давлатлар, БМТ тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда илмий доиралар иштирокида муҳокама қилишга мўлжалланган глобал мулоқот майдонидир.

Унинг тарихи 2018-йилдан бошланади. Биринчи форум 2018-йил 22-23-ноябрь кунлари Самарқандда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” номи остида ўтказилган эди. II Самарқанд форуми 2020-йилнинг 12-13-август кунлари “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида пандемия шароитида веб-форум шаклида бўлиб ўтган бўлса, III Самарқанд форуми 2022-йил 5-6-декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида глобал форум шаклида ташкил этилди. 2024-йилнинг 13-14-июнь кунлари Самарқанд яна бир бор “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи, барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги IV халқаро форумга мезбонлик қилди.

Шу кунларда 28-29-сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Форум БМТнинг 1966-йил 16-декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, шунингдек Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига бағишланмоқда.

Маълумки, 1966-йил 16-декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 2200A (XXI)-резолюцияси билан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт инсон ҳуқуқлари соҳасида энг асосий халқаро ҳужжатлар ҳисобланади. Улар 1948-йил 10-декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билль” номи остида умумэътироф этилган ҳалқаро ҳужжатлар тўпламини ташкил этади. Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация эса БМТ Бош Ассамблеясининг 1986-йил 4-декабрдаги 41/128-сон резолюцияси билан қабул қилинган. Ушбу декларация, айниқса, инсон ҳуқуқлари тизимида ривожланишни фақат иқтисодий ўсиш эмас, балки инсонга йўналтирилган комплекс ҳуқуқий ва ижтимоий жараён сифатида талқин қилган муҳим халқаро ҳужжатдир. Унга кўра, ривожланиш ҳуқуқи инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, ҳар бир инсон ва барча халқлар иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий ривожланишда иштирок этиш, унга ҳисса қўшиш ва унинг неъматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995-йил 31-августдаги 126-I-сон ва 127-I-сон қарорлари билан Пактларга қўшилган. Қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар 1995-йил 28-сентябрда депозитарий сифатида БМТ Котибиятига топширилган. Ўзбекистон учун ҳар икки ҳужжат 1995-йил 28-декабрда кучга кирган. Унинг Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациядаги иштироки 1997-йил августдан бошланган.

Ўтган йиллар давомида ушбу нуфузли ҳужжатларда ифода этилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга оид халқаро ҳуқуқ нормалари миллий қонунчилигимизга муваффақиятли имплементация қилинди, уларнинг ижросини амалда тўлиқ таъминлашга қаратилган комплекс ислоҳотлар амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро Пактлар доирасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини изчиллик билан сидқидилдан бажариб келмоқда.

Бу галги Самарқанд форумининг юқорида зикр қилинган ҳужжатларнинг юбилей саналари нишонланаётган йилда ўтказилиши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга содиқлигини яна бир бор исботлайди ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича глобал мулоқотни ривожлантиришга тайёр эканлигини кўрсатади.

Эътироф этиш жоизки, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш, муаммоларни аниқлаш, ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда янги усул ва воситаларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат, халқаро ташкилот ва фуқаролик жамияти ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришда Самарқанд форумининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ҳар сафар унинг ишида БМТ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар, Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира вакиллари ҳамда 200 дан ортиқ миллий ва халқаро экспертлар иштирок этади. Шу йўсинда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик бўйича доимий мулоқот платформаси сифатида “Самарқанд анъанаси” ёки “Самарқанд руҳи” шаклланди ва халқаро даражада эътибор қозонди. Истиқболда Самарқанд форуми негизида Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини яратиш имконияти ҳам йўқ эмас. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021-йилнинг 22-февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурган таклифи келажакда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ тизимида инқилобий ўзгариш ясаши мумкин. Шу маънода, тарихан маданий ранг-баранглик ва хилма-хилликни тараннум этувчи Самарқандда ибтидо олган ушбу форум Осиё инсон ҳуқуқлари минтақавий тизимини яратиш йўлидаги дастлабки қадам бўлиб хизмат қилади.

Ҳайдарали Юнусов,
Тошкент давлат юридик университетиилмий ходими, юридик фанлар доктори