Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов, Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси, БМТнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Рита Френч ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилгани, жумладан, Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Вакил ваколатлари кенгайтирилгани, қонунчиликка муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани таъкидланди. Қолаверса, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилгани алоҳида қайд этилди.
Вакил котибияти мудири С.Азимов давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам қийноқларни олдини олиш бўйича Омбудсман бошчилигида ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан ушбу миллий превентив механизм доирасида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасаларида мониторинглар ўтказиб бориши ҳамда ҳар йили Вакил томонидан Парламентга қийноқларни олдини олиш бўйича маърузасини тақдим этиши, қолаверса, бу борада Омбудсман ваколатларини кенгайтириш бўйича ҳам кўрсатма берилганига эътибор қаратди. Шунингдек, ушбу назорат тадбирларида Омбудсман ҳузуридаги комиссия аъзолари ҳисобланган жамоатчилик ҳамда минтақавий вакиллар мунтазам иштирок этиб келаётганини билдирди ва мазкур фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик вакиллари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Мулоқотда Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси, БМТнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Рита Френч Омбудсман институти Ўзбекистон Ҳукумати ва Парламенти томонидан қўллаб-қувватланаётгани баробарида у ўзининг халқаро позициясини мустаҳкамлаб, 2020 йилда Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг глобал альянси томонидан “Б” мақомга эга бўлгани юқори баҳоланди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Омбудсман институти фаолиятидаги ижобий маънодаги туб бурилишлар ва режалаштирилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилиши унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашига тилак билдирди.
Учрашув давомида тайёрланаётган “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонун лойиҳасини халқаро талаблар даражасида ишлаб чиқиш, 2020 йилда Вакил номига юборилган мурожаатлар таҳлили борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (Омбудсман) матбуот хизмати