2023 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, эришган ютуқларимизни янги, янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш – бош вазифамиз” номли стратегик нутқи мамлакатимизнинг истиқболдаги сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёти ҳамда давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати манзарасини ифодалаб берди.
Мазкур нутқда янги Ўзбекистонни эзгу бошқарув, ҳалоллик, адолат, юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида қад кўтариш мақсади мужассам эканини бугун барчамиз чуқур англаб турибмиз. Мамлакатимиз эришган ютуқларини янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш эзгу ҳаёт қуриш мақсадини кўзлайди. Давр Ватан учун, халқ учун янада фаол ишлайдиган раҳбарлар таркибини шакллантиришни кун тартибига қўйди.
Президентимиз ўз нутқида салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган ҳар қандай раҳбар билан узил-кесил хайрлашишини, улар ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш йигит-қизлар қўйилишини таъкидлаб ўтди: “... Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”.
Бу сўзлар замирида юртимиздаги янгиланиш жараёни ва ислоҳотларга дахлдорлигини чуқур ҳис қиладиган, ватанпарвар ва халқпарвар, ҳалол, мамлакатимизнинг энг ривожланган давлатлар қаторига киришидаги ўз ўрни ва иштирокини теран англайдиган, бу йўлда фаол фуқаролик позициясига, креатив ва инновацион тафаккурга эга бўлган маънавияти юксак замонавий шахсларни тарбиялашда жонкуярлик фазилатларини камол топтирмасдан туриб, дунё иқтисодиёти, сиёсати ва маданиятида муносиб ўрин эгаллаш осон бўлмаслигига ишора қилганини англаймиз.
Кишилар орасида етуги уятли кишилар
Очиқ айтиш керак, бугун дунёда маънавий таназзул, ахлоқий инқироз юз бермоқда. Бу инсоннинг табиий имкониятларини, руҳий кенгликларини маълум даражада чегаралаб қўймоқда. Бугун энг катта фожиа – бу инсониятнинг қадриятлардан узоқлашишидир. Дарҳақиқат, инсон қадриятлар туфайлигина маънавий баркамолликка эришади, руҳий тозаланиш имкониятига эга бўлади. Инсонни камолот сари етаклайдиган асос ҳам қадрият саналади.
Бугун инсофсизлик инстинктлари кучайиб боряпти. Шарм, ҳаё, уят деган Шарқ феноменидаги улуғ қадриятлар йўқолмоқда. Одамларда бир-биридан уялиш, бир-бирининг олдида хижолат бўлиш ҳисси барҳам топяпти.
Уят деганида андиша, номус, ноўрин хатти-ҳаракатларни англаб ўкиниш тушунилади-ку. Юсуф Хос Ҳожиб “Кишилар орасида етуги уятли кишилар” деган экан. Уяладиган одам ёмон ном қолдиришдан қўрқади. Лекин коррупция деган жуда хатарли иллат борки, катта иқтисодий зарар келтирибгина қолмай, жамиятда ахлоқсизликни келтириб чиқаради, уят, одамийлик йўқолишига ҳам олиб келади. Давлат органлари сафларининг софлиги ҳақиқатгўй, фидоий, эл-юртга садоқатли инсонлар орқали таъминланади. Тараққиёт ва обрў – ана шундай одамларни ахтариш, кадрлар селекцияси билан боғлиқ.
Инсоф категорияси – методологик жиҳатдан фалсафий “меъёр” категорияси билан боғлиқ. У ижтимоий баҳо асосида шаклланиб, ўзида қатор маънавий фазилатлар – ҳалоллик, эзгулик, виждон, ростгўйлик, меҳр-оқибат, одамгарчиликни мужассам этади. Ўзбек миллий ахлоқига хос “инсоф” категориясининг роли ижтимоий ҳаётда бениҳоя катта. У ёки бу хатти-ҳаракатда ижтимоий кўламдан, меъёрдан четга чиқиш – ноинсофлик, демак ахлоқсизлик ҳисобланади. Бу азалий маънавий-ахлоқий категория янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсадга интилиш йўлида ҳаётимизда яна тикланмоқда.
Бугун йиллар давомида давлат ва жамият бошқаруви тизимида фаолият кўрсатган айрим ходимларнинг ножўя кирдикорлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб қоламиз, эшитамиз. Тўғри йўлдан юриш, инсофли, адолатли бўлишга ёшларни чорлаб келган амалдорларнинг ибратими бу? Бу уларнинг ўзигина эмас, айни пайтда жамоаси, ота-онаси, оиласи, қариндош-уруғлари, унга ишонч билдирганларнинг ҳам юзини ерга қаратганини англаб етармикин?!
Халқимиз “раҳбарнинг сохта обрўси эмас, амалий фаолиятининг обрўси бўлсин”, деб бежиз айтмаган. Шу ўринда Мавлоно Румийнинг “Менга ақл ўратувчи инсонлар эмас, аксинча, ҳаёт йўли давомида ўзгаларга ибрат бўлган инсонлар керак”, деган сўзлари эсга келади.
Тинч ва фаровон оила деб аталмиш улкан қадриятларга таянган қўрғонда хотиржам яшаш ҳар қандай инсон ҳаётидаги энг қадрли онлар бўлса керак. Аммо давлат органларининг айрим ходимлари ўйламай, аниқроғи, билимсизлик, ҳуқуқий нигилизм, очкўзлиги оқибатида йўл қўйган хатолари туфайли нафақат ўзи, оиласи, ҳатто тизим тинчини ҳам бузяпти.
Обрўсини йўқотганнинг бошқа йўқотадиган нарсаси бўлмайди. Инсон ўз қилмиши туфайли дунёнинг шодликларидан узоқлашади, ғам-ташвиш гирдобига ботади. Ҳаром йўл билан топилган дунё инсонни фалокатга мубтало этади.
Чунь Цю давридаги Сун подшоҳлиги (милоддан аввалги 770–476 йиллар) амалдорларидан бири Чжэн Каофу император саройида хизмат қилган, ўзига нисбатан қаттиққўл бўлган. У ўз ибодатхонасининг уч таянч устунига қуйидаги ўгитларни ўйиб ёздирган экан: “Биринчи бор лавозимга тайинланганингда бошингни эг; иккинчи бор мансабга тайинланганингда белингни бук; учинчи бор мартаба олганингдан сўнг букчайиб, фақат деворга суяниб юр. Шундай экан, сени таҳқирлашга ҳеч ким журъат қилолмайди. Ўз қорнинг учун суюқ бўтқа тайёрлашга кичик қозон кифоя”.
Бизнинг барча кадрларимиз, аввало, халқники. Ваколатни ҳам халқ беради, шунинг учун улар ишда ҳалол ва дадил ҳаракат қилишлари, ўз хатти-ҳаракатларида эса камтарин ва адолатли бўлишлари керак.
Миллатимиз фидойиларидан бири Абдулла Авлонийнинг “Иффат деб нафсимизни гуноҳ ва бузуқ ишлардан сақламоққа айтилур. Бизларни гуноҳ ва маъсиятдан сақлагувчи, ҳаром-харишдан нафсимизни асровчи фақат иффатимиздир”, деб ҳалолликка ишора қилгани бугун ҳам нақадар долзарб. Чин инсон бошқаларга ёрдам берганидан шодланади, аксинча, бировлардан хайр олишга номус қилади. Бошқаларга нафи тегмаган кунни бесамар деб ҳисоблайди.
Инсофсизлик билан олинган фойда, манфаат диёнатсизликни англатади. Ўз мансаб лавозими, мавқеидан фойдаланиб бошига ташвиш тушган одамдан бирор нарса талаб қилиш, юмшоқ қилиб айтганда ноинсофлик, диёнатсизликдир. Айниқса, амалдор ахлоқий, маънавий бузилса, нафсини тиёлмаса, тўғри йўлдан чиқса унинг жамиятга таъсири кенг кўламда намоён бўлади. Адолат бузилган ишхонада одамларнинг давлат органлари ходимларига ишончи йўқола боради. Икки ўртада катта жарлик пайдо бўлади.
Юсуф Хос Ҳожиб ёзганидек, “Дунёдаги энг йирик ёв нафсинг. Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Нафсдан жон учун етишадиган нарса машаққат. Нафси бузуқнинг давосини ўлимдан бошқа ҳеч нарса тополмайди. Шу нафс гоҳ югуртириб, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади”.
Орзу-ҳавас яхши, бироқ, елгил-елпи, мантиқсизлари инсонни йиқитади. Уларни енгиш воситаси уқув, ақл ва идрокдир. Дунё аҳлини ҳалоллика ундаган Имом Ғаззолий ўгит беради: “Қай бир киши мансабини одамларга хизмат қилиш эмас, ўзига фойдаланиш воситаси қилса, ҳақиқат асосларини қарор топтиришга эмас, ҳавои нафсини қондиришга васила қилса, бу одам (қонунан) жиноятчи ва (шаръан) гуноҳкордир”.
Олим амалдор бўлиши шарт эмас, лекин амалдор албатта олим бўлиши керак
Ҳозирда давлат органлари ходимларнинг аксарияти олий маълумотли. Нуфузли муассаса ёки корхонага тайинланган раҳбар ундан самарали иш билан бирга катта масъулият, шахсий жавобгарлик талаб этилишини ҳам билади. Афсус, айрим ҳолларда маълум вақт ўтгач, унинг билими, ишга, ходлимларга муносабати асл қиёфаси ва даражасини ошкор этиб қўяди. Ана шунда жамоада унинг шу мансабга ўз иқтидори ва меҳнати билан эришганига ҳам шубҳа туғилади. Бу эса “олий маълумотли мутахассис” нуфузига соя солади. Донишлар айтганидек, “Олим бўлғувчи кўптур, амал қилмаса, на фойда”.
Зотан, мунтазам ўқиб-ўрганиш, тафаккур этиш ва мунтазам меҳнат орқали фаолиятимизда илмийликни, ижодий ташаббусни намоён қила оламиз.
Ғурури, орияти, маънавияти баланд халқмиз
Давлат хизматчиларининг замонавий қиёфасини шакллантиришда ватанпарварлик муҳим омил эканини такорорлаш ноўрин бўлмас. Давлат хизматчиларига фидоийлик, инсонпарварлик, ҳалоллик, журъатлилик хос бўлиши керак. Афсуски, лоқайдлик, шахсий манфаатни ҳар нарсадан устун қўйиш, оилага, фарзандлар таълим-тарбиясига бефарқлик, қадриятларга ҳурматсизлик каби иллатлар кундалик ҳаётимизда учраб турибди.
Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Тошкент оқшоми” газетасининг 1990 йил 11 январь сонида чоп этилган “Ўзбек характери” мақоласида “...Бир-бирини ҳимоя қиладиган ўнта одамни маҳв этишдан кўра, бир-бирининг қисматига беписанд қарайдиган ноаҳил мингта одамни йўқ қилиш осон”, деб таъкидланади. Адиб бу билан миллий бирлигимиз, жипслашувимизга тўсиқ бўлаётган иллат – лоқайдлик ва бепарволикни қоралайди. Ваҳоланки, ҳар қандай шароитда, аввало, “Жамият менга нима берди?” деб эмас, балки “Мен жамиятга нима бердим?” деган адолатли саволга жавоб бера олишимиз зарур.
Бугун шиддат билан ўзгараётган даврда ҳар бир нарсага адолат билан қараш, виждон амри билан иш тутиш шарт. Худбинлик, истеъмолчилик кайфиятининг авжига чиқиши, моддиятга берилиб кетиш, маишатпарастлик, суиистеъмоллик айрим кимсаларда одат тусига киргани ҳам сир эмас. Улар инсоф деган мўътабар ўлчовни ҳисобга олмаяпти, чегара билмаяпти. Ваҳоланки, оқсоқоллларимиз бот-бот тушунтирмоқда: “Инсоф миллий қадрият сифатида ахлоқнинг маълум бир меъёри, ўлчови саналади. Шу билан бирга, ҳар бир виждонли одам учун жамоа олдидаги, жамият олдидаги ўз хулқ-атвори ва одоби учун маънавий жавобгарлик туйғуси ҳисобланади”.
Ҳаёт ҳақиқати ва инсоният тажрибаси шуни кўрсатадики, буюк мақсадлар билан яшайдиган халқгина буюк келажагини ярата олади. Бунинг учун жуда катта маърифат, улкан маънавий қудрат керак.
Маърифатли инсон ҳар қандай шароитда ўзини ўзи ҳимоя қила олади, асрай билади. Ҳозирги қалтис дунёда эса фақат маърифатли жамиятгина ўзининг барқарор тараққиётини таъминлайди, ўзини ўзи асрай билади. Турли ташқи ғоявий тажовузкорларга, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий таҳдидларга муносиб жавоб беради.
Ижтимоий давлат концепциясини амалга оширишда адолатли ижтимоий сиёсатнинг ўрни беқиёс. Унинг бош йўналиши – Янги Ўзбекистонни ўз ҳаётидан рози, бахтли инсонлар мамлакатига, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий маконга айлантириш ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир. Биз бугун шиддат билан янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан бормоқдамиз. Янги давлат органлари шаклланмоқда. Бу давлат хизматчиларидан халқчиллик ва юксак профессионализм тақозо этади.
Замонавий давлат органларида фаолият юритишда барча раҳбарлар, хизматчи ва ходимлар ўз-ўзини ислоҳ этмоғи лозим. Ҳалоллик, виждонийлик, руҳият тозалиги, самимийлик, халққа виждонан ва фидоий хизмат қилиш барча давлат органлари ходимлари ва хизматчилари фаолиятининг ажралмас қисмига айланиши керак.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида лоқайдлик ва бепарволикка жамият тараққиётига жиддий тўсиқ сифатида қаралиб, маънавиятга эътиборсизлик таназзулга етаклашига, шу боис, бу борадаги ислоҳотлар кун тартибидан тушмайдиган долзарб масала эканига урғу берилмоқда. Юксак маънавият эса халқона қадриятдлар ва билим орқали шаклланади.
Бугун янги Ўзбекистон адолат, юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида қад кўтармоқда. Демак, хизмат вазифасига виждонан ёндашиш, Ватан ва халқ олдидаги юксак масъулиятни англаш, жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш давр талабидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар куни, ҳар соатда виждонимиз олдида ҳисобот бериб, ҳалол-пок бўлиб, эл-юрт манфаатини ўйлаб ишласак, мен аминман, халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.
Шариф ҚОБИЛОВ,
ИИВ академияси профессори