– Янгиликни эшитдиларингми?

– Йўқ, нима янгилик экан?

– Унда бехабар қолманг, ҳар бир хонадонга бир қопдан ун тарқатишаётган экан.

– Ие, шунақами? Бориб олайлик бўлмаса улушимизни.

– Қўйсангчи, худога шукур, устимиз бут, қорнимиз тўқ бўлса. Топганимиз оила тебратишга етиб турибди. Бу маҳсулотлар ҳойнаҳой кам таъминланган, ночор оилаларга тарқатилаётган бўлса керак.

– Ҳа, шундай бўлса керак, бизлар ҳовлиқиб, элдан қолмайлик деб ун олишга бормоқчи бўлиб турган эдик.

Бу пандемия балоси халқ бошига келиб турган, одамлар нима қилишни билмай қолган даврларда бўлиб ўтган гап-сўзлар эди.

Биз бир-биримизга нондай азиз, қадрдон, меҳрибон халқмиз. Ота-боболаримиздан қолган, қон-қонимизга сингиб кетган каттага ҳурмат, кичикка иззат, ночорларга меҳр-мурувват кўрсатишга, уларнинг оғирини енгил қилишга ошиқамиз.

Пандемия даврида бағри кенг, қўли очиқ тадбиркорлар, азамат йигитлар қийналганларга саховат қўлини узатиб, юртнинг дуосини олди. Халқимиз уларнинг олгани олтин, топгани дур бўлишини чин кўнгилдан тилаганини, саховатларидан кўнгли тўлганини, миннатдор бўлганини эсдан чиқарганимиз йўқ.

 Нон – инсон ризқи. Шунинг учун нондай азиз, нондан улуғроқ неъмат йўқ.

Яқин ўтмишга назар солсак, собиқ шўро тузумининг оталаридан бири, кўксига юлдуз тақишни яхши кўрадиган Леонид Брежнев: “Ғаллланг бўлса, қўшиқ тилдан тушмайди”, дея Қозоғистоннинг шимолда жойлашган ҳудудларига ғалла эктириб ташлаганди. Катта авлод буни яхши эслайди. Тўғри, кейинчалик бу ҳудудда Целиноград деган шаҳар пайдо бўлди, Бугунги кунда у Остона номи билан Қозоғистоннинг гуллаб-яшнаган пойтахтига айланди.

Буларни эслаганимнинг сабаби, ўтган яқин ўтмиш яхшими-ёмонми, ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб қолди. Бироқ озми-кўпми, қорнимиз тўқ, усти-бошимиз бут бўлишига қарамай, кўнглимиз ночор, қалбимиз кемтик эди. Мустабид тузум туфайли қадриятларимиздан, миллий урф-одатлар, анъаналаримиздан, тилимиздан, динимиздан айрилиб қолаёзганимизни, тубсиз жар ёқасига келиб қолганимизни эсламасликниннг иложи йўқ.

Тағин нонга қайтамиз. Сабаби, нон тириклигимиз асоси. Кимни кўрсанг, гап айланиб келиб нонга тақалади. Оиласини таъминлаш, қора қозонни қайнатиш учун тирикчилик ғамида юрганини айтади.

Ҳеч кимга сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти оғир аҳволда эди. Халқимиз қийналиб қолди. Ҳамма ерда ишсизлик, ночорлик кўплаб эркак-аёлларни, ёш йигит-қизларни хорижга нон қидириб чиқиб кетишга мажбур қилди. Бирда бор, бирда йўқ дегандай, қозон қайнамади, гоҳида бизни йўқлаб келган меҳмон олдига қўйишга нон тополмай, қисинган пайтларимиз ҳам бўлган. Худога шукурки, мустақиллик йилларида кўксимизга шамол тегди, аста-секин тирикчилигимиз ўнглана бошлади, урф-одатларимиз, қадриятларимиз тикланди, кўплаб масжидлар очилди, ўз тилимизда гапиришдан уялмайдиган, қорақалпоқ миллати сифатида тилимиз билан фахрланадиган бўлдик.

Ота-боболаримиз “Биров тониб кекиради, биров тўйиб кекиради”, деганидай, ғанимат кунларнинг қадрига етмай, “тўйиб кекиришлик” касалига йўлиқишлик бор эканини айтмасак бўлмас. Масалан, пандемия сал енгиллашган даврда тўй-маъракаларни озчилик одам билан ўтказишга рухсат этилганига қаноат этмай, 30-50 нафар одам ўрнига тўйхоналарни 500-600 одам билан тўлдириб, ҳатто унданда кўпроқ меҳмонларни таклиф этиб, тўқликка шўхлик қилаётганлар борлиги ҳам рост. Наҳотки соғлиғимиз ўзимиз учун, оиламиз учун керак бўлмаса?! Тансиҳатлик, хотиржамлик бўлмаса, йиққан мол-дунёмиз, тўплаган бойлигимиздан не умид, не хайр?

Бу фикрлар тўй-маъракаларга топган пулини совуриб, исроф этиб, ўзининг кимлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган, ўзидан бошқаларни унутган замондошларимизни оз-моз ўйлантирса, мулоҳаза қилишга ундаса, жуда маъқул бўлар эди.

Мамлакатимизда қўлида ҳунари бор, оиласига, жамиятга фойдаси тегадиган фуқароларга тадбиркорлик қилишга кенг йўл очилди. Ўз касбидан камол топиб, оиласини обод қилаётганларни, ночорларга ёрдам қўлини чўзаётганларни ҳар биримиз яхши биламиз. Мамлакат фаровонлиги учун жон куйдираётган инсонларнинг ҳалол нон-насиба топаётганини кўриб турибмиз. Камбағалликка барҳам берилсин, ҳар бир фуқаро бировга муҳтож бўлмай, фаровон яшасин. Энг олий мақсад ҳам ана шу. Эл яхши яшаса, мамлакат обод бўлади, мамлакат обод бўлса, ривожланиш бўлади.

Ўтган беш йил Қорақалпоғистон Республикаси учун жуда қувонарли ва эсда қоларли тарихий воқеаларга бой бўлди. Президентимиз қарийиб бир аср мобайнида суви қуриб бораётган, натижада ер юзи экологиясига жуда катта салбий таъсир кўрсатаётган Орол фожеасига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди, БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиқиб, Оролга халқаро миқёсда инновациялар жалб этиш бўйича қарор қабул қилинишига эришди. Йиллар давомида эътибордан четда қолиб келаётган, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётган Мўйноқ аҳолисининг қаддини тиклашга бутун мамлакат аҳлини жалб этди. Бу ерда жуда катта майдонга сувсизликка чидамли саксовул ва бошқа дарахтлар экилиб, яшил оазис барпо этилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган, маданият Мўйноқдан бошланади, деган ғоя остида Мўйноқ аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш ишлари бошланди, аҳолини ишли қилиш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди. Ана шундан кейин Мўйноқда ҳаёт жонланганини, одамларнинг букилган қадди тикланганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Кейинги эътибор ўтган йиллар мобайнида уч бор тугатилиб, Президентимиз қарори билан қайтадан ташкил этилган Бўзатовга қаратилгани баримизни қувонтирди. Шу ерда бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. Бўзатов тумани сўнгги марта тугатилганида республиканинг раҳбарларидан бири бўлган Ажиниёз Тожибоев бунга ачиниб: “Бўзатов энди қайта ташкил этилмайдиган бўлиб тугатилди”, деб ёзган эди. Шундай бўлсада, халқ умидини узмади, барибир бир кун келиб, чорвачиликка ихтисослашган туман қайтадан очилишини сабр-қаноат билан кутди. Мана, халқнинг орзу-умиди рўёбга чиқиб, Бўзатов қайтадан чирой очди, обод ҳудудга айланди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида бу туманда атиги 12 минг нафар аҳоли яшаганини яхши биламан. Мамлакат фидойиларидан бири Совет Матжонов бошчилигида Бўзатов чорвачилик тумани сифатида ташкил топганида аҳолини янгиликлар, амалга оширилган ишлар билан таништириб бориш мақсадида туман газетасини очганмиз. Ўша пайтда туманнинг энг чекка ҳудудларида ташкил этилган чорвачилик хўжаликларига тез-тез бориб туришга тўғри келар эди. У пайтда туман газетаси ҳафтада уч маротаба чоп этиларди. Унинг ҳар бир сонида обуначилар учун ўқимишли бўлган янгиликлар, қизиқарли хабарлар бўлиши талаб этиларди. Узоқ яйловларга ҳар доим хизмат сафарига борганимизда, болаларнинг қий-чувига тўлган чорвадорлар хонадони билан танишардик, икки уйнинг бирида Қаҳрамон она унвонига сазовор бўлган оналарни кўрардик.

– Биз чорвадорлар хонадонида чироқ бўлмаса, радио, телевизор йўқ бўлса, Қаҳрамон она бизда бўлмай, кимда бўлсин, – деб ҳазиллашарди чўпонлар. Шунда ҳам улар болаларимиз кўп, уларни қандай боқамиз, деб нолишмасди. Ҳудо берган фарзанд, ризқини ҳам худо беради, деб барига сабр-қаноат билан қараган...

Улар тандирга нон ёпамиз, деб ҳалак ҳам бўлишмасди. Қора уйнинг ўртасига уюм қилиб ёқилган жинғил чўғига хамир жойланган товоқни кўмиб, бир муддатдан кейин буғи чиқиб турган бўрсилдоқ нонларни дастурхонга тўкиб ташлашарди. Мана ўша чорвадорларнинг умргузаронлик қилиб келган макони Президентимиз қарори билан қайта номдор бўлди, бундан аҳоли жуда қувонди.

Бунинг устига, Президентимиз сайловолди учрашувини қайтадан яшарган Бўзатовда ўтказиб, аҳолининг турмуш тарзи билан танишгани, уларнинг мурожаатларини тинглаб, оғирини енгил қилишга ваъда бергани халқимизни жуда руҳлантирди, кучига-куч қўшди. Албатта, бизнинг турмуш тарзимизнинг юксалаётгани, фаровонлигимиз ошгани элимизнинг Бош қомуси, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг асоси – Конституциямиз билан боғлиқ.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул этилганининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригида қўлга киритилган ютуқлар билан бирга ҳали амалга ошириш лозим бўлган, навбат кутиб турган вазифалар ҳақидаги гапларини қизиқиб тингладик. Бундан беш йил муқаддам Конституциямизга асосан мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани ҳам Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганини кўрсатади. Ўтган қисқа давр мобайнида жамиятимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар тубда ўзгарди. Эркинлик ва бағрикенглик, қонун устуворлиги, дунё ҳамжамияти билан ҳамжиҳатлик асосида фаолият кўрсатиш мамлакат сиёсатининг бош йўналишига айланганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Мамлакатимизда ижтимоий тенгликни мувофиқлаштириш, камбағал, ночор оилаларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” тизимлари жорий этилгани ва бу борада амалий ишлар олиб борилаётгани қандай натижалар бераётганини кўриб турибмиз.

Энди ҳар бир фуқаро бир бурда нон топиб, турмуш тарзини яхшилаш билан кифояланиб қолмасдан, халқимизни ривожланган давлатлар даражасига кўтариш учун, Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш учун ўз ҳиссасини қўшишга киришди.

Янги Ўзбекистонда ҳеч ким оғзимизга тайёр ошни тутқазиб қўймайди. Мамлакат ситратегиясини амалга ошириш учун ҳар томонлама ўйланган, чуқур мулоҳаза, кучли сиёсий-ҳуқуқий билим ва ишбилармонлик талаб этилади.

Беруний, Ибн Сино, Замахшарий, Улуғбек сингари улуғ алломаларимизни ўз замонида бутун дунё тан олган ва бугунги кунда ҳам улар қолдирган бой меросдан баҳраманд бўлаётгани биз учун фахр-ифтихордир. Лекин биз бу билан кифояланмасдан, ёш авлодга уларнинг томирида ўша ота-боболаримизнинг қони жўш ураётганини эслатишимиз, уларни улуғвор ишларга рағбатлантиришимиз керак. Улар бугунги куннинг етук фарзандлари этиб тарбиялаш Янги Ўзбекистоннинг бош йўналишларидан бири ҳисобланади. Фарзанд оилада туғилади, униб-ўсади, тарбияланади. Эси кирганидан кейин хат-савод чиқаради, оқ-қорани танийди, билим олади.

Оилага, халққа энг яқин бўлган тизим – ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳисобланади. Яқинда ана шундай маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирига бориб қолганимда, маҳалла раиси менга бир янгиликни айтишга ошиқди.

– Бизга ҳоким ёрдамчиси деган штат ажратишди, – деди у.

Бу янгиликни эшитиб жуда қувондим. Чунки бу чинданда, қувончли хушхабар. Чунки эндиликда бу вазифага тайинланган номзод аввало ўзида жавобгарликни ҳис қилади. Ҳар бир хонадоннинг турмуш тарзини ўрганади. Хулоса чиқаради, лозим бўлса, ҳокимият орқали унга амалий ёрдам кўрсатади. Унга бу ҳақда ҳокимга доимий равишда ҳисобот бериб туриш жавобгарлиги юкланади. Демак эндиликда ҳар бир оилага мамлакат даражасида диққат-этибор қаратилаяпти.

...Тандирга нон ёпилаяпти. Пишган ширмой ноннинг мазали ҳиди димоқни қитиқлайди. Ўтган-кетганлар қайноқ нон ҳидини сезиб, шу томонга йўлни буришади, нон олишади. Чунки нон – ризқ-насибамиз, тўқчилик рамзи, белгиси.

Халқимизда “Буғдой нонинг бўлмаса, буғдой сўзинг бўлсин” деган гап бор. Бунинг асл маъносини бошимга бир иш тушганидан кейин тушундим. Бир куни раҳбарлардан бирининг қабулига кирдим. У мени жуда илиқ кутиб олди, муаммони тинглади. Кейин ётиқлиқ билан бу муаммони ҳал қилиш йўлларини менга тушунтирди. Гарчи ишим битмасада, раҳбар қабулидан ишим битгандай, кўнглим кўтарилиб чиқдим. Демак, буғдойдай ширин сўзимиз, бир-биримизга яхши, илиқ муносабатимиз ҳатто оч одамнинг очлигини, муҳтожлигини унуттираркан, нон емасада, қорни тўйгандай, масаласи битгандай бўларкан.

Ёшлигимиздан қон-қонимизга сингиб кетган бир урф-одатимиз бор. Майли, ёр-биродар, қариндош-уруғимиз бўлмасин, уйимизга қадам босган ҳар қандай нотаниш одамга ҳам мурувват қилиб, тўрга ўтказамиз, бор ноз-неъматни дастурхонга қўямиз. “Қутлуғ уйдан қуруқ кетма, ҳеч бўлмаса нонга оғзинг тегсин”, деймиз. Ана шу меҳмондўстлигимиздан, бағрикенглигимиздан айирмасин. Ўз халқини нондай азиз қилиб суйган, халқини қадрлаган мустақил давлатимизнинг бу ишлари бардавом бўлсин. Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, олиб бораётган ишларига кўз тегмасин. Халқимизнинг нонида, бағрида бутун, насибаси барокотли бўлғай. Ана шундай барокотли, ризқу насибали нондай азиз эл фарзандларидан бири бўлганимдан бошим кўкка етди, юрагимдан қуйидаги сатрлар қуйилиб келди:

Яшна Ўзбекистон, мангу бўл обод,

Элнинг бахти кулди, бахтга йўл очдинг.

Бугун кечагидан файзлидир ҳаёт,

Кўнгилга ободлик уруғин сочдинг.

Замон янгиланди, дунё яшарди,

Эмин-эркин яшаш маҳали келди.

Президент кўнглида фақат эл дарди,

Бугун тадбиркорнинг замони бўлди.

Ватан омонлиги – элнинг бойлиги,

Маконинг тинч бўлса, гуллайди ўлка.

Бунда ҳар гўшанинг қадамжойлиги,

Дунёни чорлайди муқаддас юртга.

Яшайвер Ватаним, мангу бўл омон,

Дунёга таралди васфу таърифинг.

Бүгун сену менга туғилди имкон,

Эллар аро достон бўлди тарихинг!

Қўзғал, қўлдан берма бундай имконни,

Бойлигинг кўпайса, элнинг давлати.

Энди даври келди ишбилармонни,

Келди шижоатли эрлар навбати.

Бизни орзу-ният олдинга бошлар,

Йиллар умримизга пойандоз бўлсин.

Даврга ҳамнафас яшасин ёшлар,

Улар катта кучдир, шиддатли тўлқин.

Янги Ўзбекистон, янгича фикр,

Мақсад сари олға, ортга чекинма.

Элга фойданг тегсин, юртга бер меҳр,

Сафлардан орқада қолсанг ўкинма.

Ҳалол меҳнат қилиб, ризқу рўзинг топ,

Эртага ошиғинг олчи бўлажак.

Улуғвор ишларга шайлан, ўзинг топ,

Янги Ўзбекистон эрур келажак.

Ҳар қалбда эврилиш, шижоат шаҳди,

Кўз тегмасин кўзмунчоқ еримизга.

Юрт қадрига етиб яшамоқ бахти

Насиб бўлсин бизнинг ҳар биримизга!

Жолдасбай НУРУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

(Қорақалпоқ тилидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нуруллоҳ ОСТОН таржимаси)