БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюциясига асосан, “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари” (Нельсон Мандела қоидалари) миллий қонунчилигимизга имплементация қилинди. Унга кўра, тиббий ёрдамга муҳтож маҳкумларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий муассасаларига жойлаштириш амалиёти жорий этилди. Маҳкумларга психологик ёрдам олиш ҳуқуқи, oғup касалликка чалинганларига эса яқинлари билан телефон орқали қўшимча сўзлашиш, зарур ҳолларда шифокорнинг рухсати билан учрашишга рухсат берилди. Руҳий ҳолати бузилган вақтда маҳкум томонидан содир этилган тартиббузарлик учун интизомий жазо чоралари қўллаш бекор қилинди.
Жазо муддатини ўтаётган айрим шахсларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди
Миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида унга киритилган ўзгартиришлар хусусида узоқ сўз юритиш мумкин.
Хусусан, 2019 йилда ижтимоий хавфи кам, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди. Бу жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланганидан далолат.
Бугунги кун ҳолатига кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар сони 6873 нафарни ташкил этади. Шундан 282 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1146 нафари унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган маҳкум ҳамда 5445 нафари тергов ва суд ихтиёридаги шахс ҳисобланади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига доир яна бир муҳим ислоҳот умумий, қаттиқ, махсус турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ва жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробар кўпайтирилганида намоён бўлади.
Унга кўра, телефон сўзлашувлари умумий тартибли колонияда 6 мартадан 12 тага, қаттиқ тартиблида — 3 мартадан 5 тага, махсус тартибли ва турмада — 2 мартадан 4 тага, тарбия колониясида — 12 мартадан 24 тага, йўқлов олиш эса умумий тартибли колонияда — 6 мартадан 12 тага, қаттиқ тартиблида — 4 мартадан 8 тага, махсус тартибли ва турмада — 3 мартадан 6 тага, тарбия колонияда — 6 мартадан 12 тага оширилди. Қисқа муддатли учрашувлар ҳам шу тартибда кўпайтирилди.
Манзил колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди. Хусусан, 2019 йил 28 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан, маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, ижтимоий адолат принципларига тўла мос келишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Эндиликда манзил колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нафақат пенсия тайинлаш, балки озодликдан маҳрум қилингунга қадар тўхтатилган пенсия тўловини тиклаш ҳуқуқи ҳам тақдим этилди.
Манзил колониясида жазо ўтаётган маҳкумлардан 152 нафари ёшига кўра ва 11 нафари ногиронлиги бўйича нафақа олиб келмоқда.
Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилди. Шунингдек, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.
Маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши ҳамда жазони ижро этиш тизимида шахснинг ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашуви таъминланди.
Маҳкумларнинг илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видеоучрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видеоучрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди ҳамда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари учун масофали учрашув хоналари тайёрланди. Шунингдек, кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахслар юқори ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилди.
Президентимизнинг 2017–2021 йилларда қабул қилинган тегишли фармонларига асосан, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган жами 4955 нафар шахс афв этилди. Шундан 1776 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, 375 нафари аёл, 145 нафари чет эл фуқароси, 145 нафари 60 ёшдан ошган шахсдир.
Шунингдек, 2017 йилдан 2021 йилнинг 25 майига қадар жазо муддатини ўтаётган 43904 нафар шахс инсонпарварлик тамойиллари асосида жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилди. Бундан ташқари, Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига кўра, 32 193 нафар шахс манзил колонияга ўтказилди.
Жазо муддатини ўтаётган шахслар касб-ҳунарга ўқитилмоқда
2021 йилнинг ўтган 6 ойида улардан 250 нафари умумтаълим мактабларида, 480 нафари касб-ҳунар (тикувчилик, пайвандчилик, рассомлик, каштачилик, сартарошлик ва бошқа) марказларида ўқитилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Халқ таълими вазирлигининг 6 та умумтаълим мактаби филиалида жазо муддатини ўтаётган шахслар таҳсил олмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги 4 та касб-ҳунар таълими маркази ҳам уларни ўқитишга ихтисослашган.
Жазони ижро этиш муассасалари мақсади жазолаш эмас, қайта тарбиялаш
Инсонни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, унинг касбий кўникмасини шакллантириш тарбияда муҳим аҳамият касб этади. Яъни ҳалол меҳнати эвазига оила тебратган одам кейинчалик ҳам жиноят кўчасидан йироқ юришга интилади.
Шу боис, бугунги кунда жазо муддатини ўтаётган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш, касбий маҳоратини ошириш, бўш вақтларини самарали ўтказиши ва ўз меҳнати билан оиласига ёрдам беришини таъминлаш мақсадида муассасаларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилган.
Президентимизнинг 2019 йил 29 январдаги “Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш орқали фаолиятни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратишга янада кенг йўл очиб берди.
Ўтган давр мобайнида ушбу ҳужжат талаблари асосида муассасалардаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ривожлантирилди, рақобатбардош, ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш салоҳияти ошди.
Бугунги кунда мавжуд корхоналар томонидан 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар — пишган ғишт, қуруқ қоришмалар, керамзит, оҳак, мармар, гранит тошлар ва замонавий мебель жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, тўқимачилик маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқариш ҳам кенг йўлга қўйилган. Бу каби маҳсулотлар юқори сифати ва нархи арзонлиги билан харидорларга манзур бўлиб, уларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бормоқда.
Амалга оширилаётган бу каби ишлар ўз ўрнида жазо муддатини ўтаётган шахсларни меҳнат орқали тарбиялаш ва озодликка чиққач, эгаллаган касбида фаолият юритиши учун ҳам и мконият яратиб бермоқда.
Жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш, мамлакатимизда бўлаётган сиёс ий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиб бориш учун барча муассасаларда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жаслиқ колонияси тугатилди
Ислоҳотлар жараёнида маҳкумларга муносиб шароитларни яратиш масаласига ҳам алоҳида э ътибор қаратилиб, халқ томонидан “Тоштурма” деб таърифланган УЯ 64/1 тергов ҳибсхонаси ёпилиб, ўрнига Тошкент вилояти Зангиота туманида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги 1-тергов ҳибсхонаси қурилди ва 2018 йил 15 январдан фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Жаслиқ колонияси тугатилиб, унда сақланган маҳкумлар бошқа колонияларга ўтказилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига муқобил (қамоқ билан боғлиқ бўлмаган) жазо чораларини қўллаш тенденциясининг кўпайиши кузатилиб, бунинг натижасида жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар сони камайиши туфайли сўнгги йилларда 3 та ёпиқ турдаги колония тугатилди. Бу жараён давом этмоқда.
Маҳкумлар ҳуқуқи ҳимоя остида
Амалдаги Жиноят-ижроия кодексининг 18-моддасига асосан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.
Ҳозир жазони ижро этиш муассасаларига киришига рухсат этилган шахсларга ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас ва ҳар бир маҳкумнинг сақлаш шароитлари қонун талаблари асосида таъминланмоқда.
Ўтган 2021 йил давомида Инсон ҳуқуқлари бў йича вакил ҳамда унинг ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи эксперт гуруҳи томонидан жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифи амалга оширилиб, уларда сақланаётган шахслар билан суҳбатлар ўтказилди.
Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, барча жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига, прокурорга мурожаатлари, ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши прокуратура идоралари ҳамда омбудсман томонидан мониторинг қилиб борилмоқда.
Ўтган беш йил давомида жазони ижро этиш муассасаларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, эскирган бино ва иншоотл ар ўрнида янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-жазони ижро этиш муассасасига қарашли ҳудудда фойдаланилмаётган эски иншоотлар қайтадан реконструкция қилиниб, унинг ўрнида “Садоқат боғи” аҳоли кўнгилочар маскани барпо этилди.
Ушбу боғда фуқароларга хизмат кўрсатувчи тикувхона, сартарошхона, кутубхона, ошхона, мусиқа ва шахмат тўгараги, концерт зали, амфитеатр, йўл ҳаракати майдончаси ва спорт-соғломлаштириш марказлари қад ростлаб, ўша ердаги “Боғзор” маҳалласида яшовчи фуқаролар учун иш ўринлари яратилди.
Очиқ ва ошкоралик тамойили амалда
Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил 22 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Аввало, ушбу ҳужжат тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Амалга оширилаётган ишларга қачон одамлар холис баҳо беради? Қачонки ислоҳотлар жараёни ҳақидаги маълумотлар кенг оммага холислик билан етказилса, албатта. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Эътибор берсак, шу пайтгача сир тутиб келинган бир қатор маълумотлар махфийликдан чиқарилди. Мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар шулар жумласидан. Бир сўз билан айтганда, эндиликда жазони ижро этиш тизимида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда таъминланяпти.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, тайёрланаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам расмий сайтларда эълон қилиб борилмоқда. Бундан ташқари, бундай муассасалар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди. Бу эса, ўз нав батида, мамлакатимиздаги кенг кўламли демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш, халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этиш ҳамда юртдошларимиз, хорижий экспертларнинг жазони ижро этиш тизимига оид аниқ маълумотларга эга бўлиши имконини беради.
Тизимдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида 2021 йил 26 мартдаги Президентимизнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда ушбу ҳужжат асосида “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу ҳужжатларга мувофиқ, Жазони ижро этиш бош бошқ армаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил қилиниб, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш орқали соҳада инсон омилини истисно этиш ва жазони ўташнинг тартиботини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Масалан, жазони ижро этиш муассасаларида ходимларнинг бодикамера билан хизмат ўташ тартибини жорий этиш, жазо муддатини ўтаётган шахслар томонидан ички тартибнинг бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш учун кузатув ва назорат амалиётига интеллектуал (smart) камералар тизимини татбиқ этиш ҳамда ёпиқ турдаги муассасаларда тақиқланган воситалар ва буюмлар олиб кирилиши олдини олиш мақсадида назорат ўтиш жойларида бодисканерлар ўрнатиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ёпиқ турдаги муассасаларда овқат сифатини ошириш мақсадида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг озиқ-овқат таъминотини шаффофлик ва очиқлик тамойили асосида аутсорсинг тизимига ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига мувофиқ, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил колония босқичма-босқич қисқартирилади. Шунингдек, жазонинг ўталмаган муддатини енгилроғи билан алмаштириш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига асосан, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун билан Жиноят кодекси (72, 73, 74-моддалар), Жиноят-процессуал кодекси (536-модда) ва Жиноят-ижроия кодексига (15, 113, 164-моддалар) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жазони ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойиллари кенг татбиқ этилади, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг асосий тамойилларини мустаҳкамлаш, маҳкумларни ахлоқан тузатишнинг таъсирчан механизмлари яратилади. Шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доираси кенгайтирилади, жазони ижро этиш тизими очиқлиги ва шаффофлиги устидан жамоатчилик назорати кучаяди. Маҳкумларни ахлоқан қайта тарбиялаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-психологик ва тарбиявий иш самарадорлиги оширилади.
Пировардида, манзил колонияларда жазо ўтаётган шахсларга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади. Уларни иш билан таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида зарур чоралар кўрилади.
Хулоса қилиб айтганда, жазони ижро этиш тизимида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги беш йил ичида салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик сиёсатидан ҳамда ахборот технологиялари асри талабларидан келиб чиқиб соҳада ислоҳотлар жараёни бундан кейин ҳам изчиллик билан давом эттирилади.
Рустам ТУРСУНОВ,
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи, полковник