Президентимиз томонидан жорий йилнинг 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланиши, интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизи, Хитойда 12, Россияда 7 фоизини ташкил этиши айтиб ўтилди. “Мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди. Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ. Бўлган тақдирда ҳам аксарият ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари бўйича мурожаатлар илмий ишни тезроқ рўйхатдан ўтказиб олиш мақсадида қилинмоқда. Бу борадаги талаблар ҳам эскириб қолган”, деди давлатимиз раҳбари.
Ривожланган мамлакатларда инсон капиталидан самарали фойдаланиш, яратилган интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш жараёнига кенг жорий этиш ва интеллектуал мулк соҳасини иқтисодиётнинг энг ривожланган тармоқларидан бирига айлантириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим кўрсаткичлари ҳисобланади. Маҳсулотни қадоқлашда муваффақиятли ишлатилган битта товар белгиси йирик компания, ҳатто бутун давлатнинг имижини намойиш этишга қодир. Бунга Rolex, Nike, Adidas, Apple, Toyota, Mercedes Benz каби машҳур брендлар яққол мисол бўла олади.
Кўп ҳолатларда Сингапур, Жанубий Корея ёки Япония каби илғор мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши ҳақида гап кетганда, тасаввуримизда дарҳол инновацион иқтисодиёт пайдо бўлади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бу давлатларда инновация интеллектуал мулк объектларини яратишни рағбатлантирадиган ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайдиган фундаментал асос ҳисобланади. Aйниқса, дунё миқёсида кузатилаётган табиий ресурсларнинг танқислиги шароитида интеллектуал мулк стратегиясини қўллаш масаласи иқтисодиёти танг аҳволда бўлган мамлакатлар учун ягона ва асосий ечимдир.
Жаҳоннинг кўпгина ўлкаларида интеллектуал мулк давлат томонидан ҳимояланади. Интеллектуал мулк мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланиб бораётгани инобатга олинса, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади. Юртимизда интеллектуал мулкни қонун йўли билан муҳофаза қилиш мақсадида олтита қонун қабул қилинган.
Мамлакатимизда ихтиролар, илмий ишланмалар, рационализаторлик таклифлари, илмий-ижодий ишлар муаллифлари ҳуқуқи шу қонунлар асосида ҳимоя қилинади. Бироқ даврнинг шиддат билан ўзгариши ҳамда соҳага турли янгиликларни жорий қилиниши миллий қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этмоқда.
Соҳадаги сўнгги ўзгариш ва янгиликларни қонунчиликка татбиқ этиш мақсадида 2020 йил 5 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан Фуқаролик ва Божхона кодекслари, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларнинг интеллектуал мулк соҳасини тартибга солувчи бандларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳозирги замон интеллектуал мулк муносабатларининг жадал ривожланишида интеллектуал мулк институтини тартибга солувчи нормалар ҳар томонлама модернизация қилиниши лозим. Ушбу мақсад интеллектуал мулк соҳасида бизнес муҳитни ўзгартириш бўйича ҳуқуқий ва амалий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Бу эса технологик ишланмаларни рағбатлантириш, муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг ҳимоясини кучайтириш, интеллектуал фаолият учун янги имкониятларни очиш, патентлашдаги тўсиқларни камайтириш, электрон патентларни бериш ва патент талабномаларида 3Д моделлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича чоралар кўришни ўз ичига олиши лозим.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўтказилган таҳлили шуни кўрсатдики, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш, интеллектуал мулк объектларининг муҳофазаси бўйича ишларнинг лозим даражада бажарилмагани, интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрларнинг етишмаслиги, шунингдек, патент божлари ва тўловларининг юқори даражада экани ушбу соҳани ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Интеллектуал мулк муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, шунингдек, саноат мулкидан иборат. Унинг таркибига яна брендлар билан боғлиқ барча белгилар киради. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, асосан, оммавий ахборот воситалари ва IT соҳага нисбатан қўлланилади. Ушбу бозор мамлакатимизда саноат мулкига нисбатан бирмунча фаолроқ.
Мамлакатимизда патентлар билан ишлаш ҳали ривожланмаган. Бошқа мамлакатлар компаниялари патентлар билан фаол ишламоқда — улар сотиб олиш ва сотиш, патент ҳавзаларини яратиш, компаниянинг капиталлашувида патентлар ва савдо белгиларидан фойдаланиш, шунингдек, ўз маҳсулотларини бозорларга олиб чиқиш ёки ташқи бозорларда товарлар ва хизматлар билан билвосита рақобатлашиш борасида жадал фаолият юритмоқда, АҚШ ҳатто бизнес усуллари ва soft ни ҳам патентламоқда.
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг такомиллаштирилган тизими ҳам корхонага, ҳам мамлакатга фойда келтиради. Бу илмий тадқиқотлардаги ютуқлар ва R&D (янги маҳсулот ёки тизимни саноатда ишлаб чиқаришдан олдин, яъни илмий тадқиқотлар доирасига кириб кетувчи прототиплар ва кичик ҳажмдаги маҳсулот намуналарини ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ишлар мажмуи) харажатлари ошиши туфайли юз беради. R&D харажатлари компания инновацион фаолиятининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Янги интеллектуал мулк пайдо бўлишига олиб келадиган кашфиёт ва Нобель мукофотига сазовор бўлган тадқиқотлар ҳар қандай ҳолатда ҳукумат ва бизнес томонидан ҳимоя қилиниши, шунингдек, жамият ва бизнес ихтиёрий равишда янги маҳсулот ва ечимларни ишлаб чиқиш учун янада шаффоф инновацион моделни қабул қилиши зарур.
Ирода ЁҚУБОВА,
Тошкент давлат юридик университети,
интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси
доценти, юридик фанлар бўйича
фалсафа доктори