Хусусан, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетгани, илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олмаётгани тилга олиниб, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинди.
— Албатта, ҳар бир илмий ишланмани иқтисодиётга йўналтиришдаги биринчи босқич интеллектуал мулкни ҳимоялашдир. Бу борада муаммоларимиз етарлича. Йиғилишда интеллектуал мулкни ривожлантириш, уни ҳимоя қилиш ва келажакда янги Ўзбекистоннинг бу борадаги босадиган қадамлари тўғрисида аниқ топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига қатор ишланмаларни тижоратлаштириш вазифаси юклатилган эди. Аммо тижоратлаштиришлар иқтисодиётимизда кўринмаётгани ўринли танқид қилинди. Энг катта сабаблардан бири интеллектуал мулкни тўғри баҳолай олмаслик, бу борада мутахассисларнинг етишмаслиги, бозорга олиб чиқиб сотишда тармоқларнинг ўрни йўқлиги ва уларнинг бундан манфаатдор эмаслигидир. Шундан келиб чиқиб, қатор идоралар, жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий-тадқиқот институтидаги олимларнинг ишланмаларини ҳар бир илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари кесимида тижоратлаштириш, уларга кўмак ва имтиёз бериш, дунё бозорига олиб чиқиш, халқаро миқёсда ҳимоялаш бўйича қарор лойиҳасини ишлаш вазифаси қўйилди. Бу борада қатор ишларни амалга ошириш талаб этилади. Янги модел, яъни, интеллектуал мулк агентлигини Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказиш, тармоқлар ва Инновацион ривожланиш вазирлиги тарафидан жорий қилиш масаласининг қўйилиши рақобатни пайдо қилади. Бунинг натижасида патентларга бериладиган эътибор кучаяди. Йиғилишда айтилганидек, энди тармоқлар институтларга бориб, илмий тадқиқотни кўриб, ўзлари патент қилади. Эндиликда агар тармоқлар бренд қиламан деса, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайди.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири