Интернет туфайли масофадан туриб ўқиш, ишлаш, ижтимоий тармоқлар орқали хабар алмашиш, онлайн тарзда тўловларни амалга ошириш, такси чақириш, товар буюртма қилиш имкони яратилди.
Танганинг икки томони бўлганидек, ҳар қандай нарса меъёрида ва тўғри фойдаланилса, у самара беради. Бироқ бугун вазият шу даражага етдики, одамлар орасида виртуал оламга шўнғиб кетиб, бўлар-бўлмас сайтлар, контентлар, ижтимоий тармоқларда соатлаб вақт ўтказиб, реал ҳаётни унитиб қўйиш ҳолатлари ҳам кучайиб бормоқда. Интернетдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш туфайли унга қарамликнинг юзага келиш хавфи ҳам тобора ортиб боряпти.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб тахминан 5,44 миллиард киши интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, бу жаҳон аҳолисининг қарийб 66 фоизини ташкил этади. Мутахассислар 2029 йилга келиб бу кўрсаткич 7,9 миллиард нафарга етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Ўртача ҳисобда инсонлар кунига 6,5 соат интернетда вақт ўтказади. Айниқса, 16 – 24 ёш оралиғидаги ёшлар интернетдан 55 – 64 ёшдагиларга нисбатан кунига 2,3 соатга кўпроқ фойдаланишмоқда. Кичик ёшдаги болалар орасида ҳам бу кўрсаткич ўсиб бормоқда. Масалан, АҚШда 8 – 12 ёшли болалар интернетда кунига 4 – 6 соат, 11 – 14 ёшли ўсмирлар эса 9 соатгача вақт сарфлаётгани қайд этилган.
Бу ҳолат мутахассисларни жиддий ташвишга солмоқда. Чунки интернетга қарамлик нафақат руҳий барқарорликка, балки болалар ва ўсмирларнинг жисмоний саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
ЖССТ: Бу глобал муаммо
Интернетга қарамлик – инсоннинг вақтни назорат қилмасдан, интернетдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланишидир. Бу ҳолат хавотир, депрессия, уйқу бузилиши, диққатни жамлашнинг қийинлашиши, жисмоний оғриқлар ва ижтимоий алоқаларнинг заифлашишига олиб келади.
Муаммо шунчалик кенг ёйилганки, 2020 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти интернетга қарамликни глобал муаммо сифатида тан олди. Ҳозирча у расман руҳий касаллик сифатида эътироф этилмаган бўлса-да, бироқ интернет ўйинларига қарамлик даволашни талаб қиладиган ҳолат ҳисобланади.
Тадқиқотлар болалар ва ўсмирлар орасида интернетга қарамлик даражаси юқори эканини кўрсатмоқда. Сўнгги 30 йил давомида ўтказилган 16 та тадқиқотнинг мета-таҳлили ўсмирларнинг тахминан 4,6 фоизи интернет ўйинларига қарам эканини кўрсатди. Мазкур ҳолат ўсмирлар мияси ҳали тўлиқ шаклланмагани ва онлайн стрессга чидамсизлиги билан изоҳланади.
ЖССТ ўсмирларнинг смартфонлардан фойдаланишини чеклашга чақирмоқда. Бу айрим ўсмирларнинг фойдали интернет манбаларидан фойдаланиш ўрнига, ўз вақтини беҳуда сарфлаб маънавиятга путур етказадиган сайтлар, онлайн ўйинларга муккасидан кетаётгани билан боғлиқ.
“Мамлакатлар ижтимоий тармоқларнинг ёшларнинг руҳий саломатлигига тобора ортиб бораётган салбий таъсирига қарши курашиш учун смартфонлар каби рақамли қурилмаларни тамаки маҳсулотлари каби тартибга солиш масаласини кўриб чиқишлари керак”, деди ЖССТнинг Миллий соғлиқни сақлаш стратегиялари ва тизимлари директори Наташа Аццопарди Мускат.
Унинг қўшимча қилишича, “болаларни рақамли дунё эмас, балки болалалар уни бошқариши учун” уларга зарур билимларни бериш жуда муҳимдир.
Виртуал оламга қарамликнинг сабаблари
Олимлар интернетга қарамликнинг асосий сабабларини уч гуруҳга ажратади. Биринчи сабаб – мулоқотдаги қийинчиликлар. Реал ҳаётда одамлар билан муносабат ўрнатишда қийналадиган шахслар виртуал муҳитда ўзини эркинроқ ҳис қилади. Ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш ижтимоий кўникмаларни камроқ талаб этгани сабабли уятчан ва тортинчоқ инсонларни ўзига кўпроқ қарам қилмоқда.
Иккинчи омил – ёлғизлик. Яқин дўстлари ёки ижтимоий қўллаб-қувватлови бўлмаган инсонлар интернет орқали ёлғизлик ҳиссини камайтиришга ҳаракат қилади. Аксинча, соғлом ижтимоий муносабатлар интернетга қарамлик хавфини пасайтиради.
Учинчи сабаб – молиявий муаммолар. Ишсизлик ёки кам даромад инсонда ҳаётдан норозилик ва ўз кучига ишончсизликни юзага келтиради. Бундай ҳолатда виртуал олам ҳақиқий муаммолардан қочиш воситасига айланади. Айниқса, молиявий мустақилликка эга бўлмаган талабалар интернетга қарамликка кўпроқ мойил бўлади.
Соғлиқ учун зарарли
Интернетдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болаларда когнитив бузилишларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, хотира ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган мия қисмларида функционал ўзгаришлар кузатилади.
2024 йилда ўтказилган тадқиқотлар интернетга қарамлик ўсмирларда миянинг кимёвий таркиби ва нейрон алоқаларига салбий таъсир кўрсатишини исботлади.
Вақтини илм олишга, фойдали машғулотларга сарфлаш ўрнига, ижтимоий тармоқларга ҳаддан ташқари берилиб кетган болалар ва ўсмирлар ҳам кам эмас. Шу боис, айрим мамлакатлар бу борада қатъий чоралар кўрмоқда.
Хусусан, Австралия 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаган дунёда илк мамлакатга айланди. Ушбу режаларга қарши норозиликларга қарамай, Facebook, Instagram, Snapchat, TikTok, X, YouTube ва Reddit каби сайтларга кириш ёшга қараб чекланади ва бу рўйхат мунтазам равишда янгиланади.
Австралия ҳукумати янги қонунга амал қилиш мажбуриятини ижтимоий тармоқ платформалари зиммасига юклади ва улар қоидабузарликларнинг олдини олиш учун “оқилона чоралар” кўришлари кераклигини айтди. Қоидалар таркроран бузилса, компаниялар 49,5 миллион Австралия доллари (27,5 миллион евро) миқдорида жаримага тортилади. Болалар ёки ота-оналар қонунни бузганликлари учун жавобгарликка тортилмайди.
Платформалардан фойдаланиш учун австралияликлар энди компанияларга ёшини тасдиқловчи ҳужжат, юз ёки овозни аниқлаш ёки бошқа рақамли идентификация шаклларини тақдим этишлари шарт бўлади. Австралия интернет хавфсизлиги вакили бошқармаси тақиқ ёшларни “фойдаланувчилар ижтимоий тармоқ аккаунтларидан фойдаланиш пайтида дуч келиши мумкин бўлган босим ва хавфлардан” ҳимоя қилишини маълум қилди. Бош вазир Энтони Албаниз ижтимоий тармоқларни “бало” деб атади ва шундай деди: “Мен одамлар смартфонларидан кўра футбол майдонида ёки спорт майдончасида кўпроқ вақт ўтказишларини истайман”.
Айтиш жоизки, интернетга қарамлик катта ёшли инсонларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу уларда чарчоқ, уйқусизлик, депрессия ва ҳаёт сифатининг пасайишига олиб келади.
Самарали ечим
Айрим мамлакатларда интернетга қарамликни даволашга ихтисослашган клиникалар ва реабилитация марказлари фаолият юритади. Улар фармакологик даволаш ва психотерапия, жумладан когнитив-хулқ-атвор терапиясини қўллайди. Бироқ интернетга қарамликни эрта босқичда мустақил равишда ҳам енгиш мумкин. Бунинг учун интернет ва ижтимоий тармоқларда ўтказиладиган вақтни қатъий чеклаш, кун тартибини тўғри режалаштириш, жисмоний машқлар ва сайрга кўпроқ вақт ажратиш, яқинлар билан юзма-юз мулоқотни кучайтириш, интернет билан боғлиқ бўлмаган янги қизиқишлар ва машғулотлар топиш тавсия этилади.
Табиат қўйнида дам олиш, маданий тадбирларда иштирок этиш ҳамда фаол ҳаёт тарзи интернетга қарамликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, интернет ҳаётимизга қулайлик яратадиган муҳим воситадир. Асосийси, ундан меъёрида ва тўғри фойдаланилса, бўлгани.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Yuz.uz” шарҳловчиси