Ўз навбатида, аҳоли ўртасида ногиронлик кўрсаткичлари ортишида бу омил етакчи. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда юрак нуқсонларини эндоваскуляр усулда даволаш, стентлаш, аорта-коронар шунтлаш, радиочастотали аблация, электрокардиостимулятор ўрнатиш, юрак клапанларини протезлаш каби юқори технологик муолажа усуллари кенг жорий этилди. Тож томирларини стентлаш — шундай эндоваскуляр амалиётлардан бири. У ингичка металл ёки пластик найчани шикастланган томир ичига қўйишга қаратилган. Бу орқали юрак-қон томир йўлларини кенгайтириш ва натижада қон айланишини яхшилашга эришилади. 

Хўш, стентлаш операцияси қачон тавсия этилади? Томир йўллари тўсилиб қолишининг асосий сабаби нима? 

Мазкур хасталик томир деворчаларида ёғли қатламлар пайдо бўлиши билан кечади. Бунга носоғлом турмуш тарзи — чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш, хусусан, таркибида ҳайвон ёғлари бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, жисмоний ва руҳий зўриқиш ҳамда ташқи муҳитнинг ўзгариши каби омиллар сабаб бўлади. 🫀Бора-бора ушбу қатламлар калинлашиши туфайли томир йўллари сезиларли даражада тораяди. Бу эса, ўз навбатида, қон айланишининг бузилиши ва юрак ишемик касаллигига, юрак қон томирининг бутунлай ёпилиши эса миокард инфарктга олиб келади. Стентлаш амалиёти даволашнинг бошқа усулларига қараганда қатор афзалликларга эга. Хусусан, стент қўйилганидан кейин қон айланиши тезда нормал ҳолатга қайтади. 

Қолаверса, бу муолажа усули — кам инвазив. Кичик тешик ҳосил қилиш орқали ва маҳаллий анестезия остида амалга оширилиши туфайли кон кетиш хавфи деярли йўқ. Энг асосийси, операциядан кейинги реабилитация даври қисқа бўлиб, беморга 1-2 кундан кейин уйга рухсат берилади. Стентлаш амалиёти коронар томир йўли 70 фоиз ва ундан юқори даражада тўсилиб қолганида тавсия этилади.

Операциядан сўнг таркибида холестерин моддаси юқори бўлган маҳсулотлардан тийилиш, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари, чекиш, спиртли ичимликлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ. Қон айланишини нормал ҳолда сақлаб туриш учун енгил бадантарбия машқлари билан шуғулланиш фойдали. Шунингдек, ўз вақтида кардиолог кўригидан ўтиб туриш ҳам реабилитация даврининг муҳим қисми ҳисобланади.

Ҳозирги кунда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларида стентлаш амалиёти кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Миржамол Зуфаров,

академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий

тиббиёт маркази бўлим раҳбари, профессор, тиббиёт фанлари доктори