Президентимиз яқинда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Бағдод тумани Хитой маҳалласидаги 5 нафар иқтидорли ёшга олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши учун тавсия бергани ёш авлодга қаратилган юксак эътиборнинг ёрқин тасдиғи бўлди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ректорлари мазкур маҳаллада бўлиб, ёшларга давлатимиз раҳбарининг тавсияси асосида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани ҳақидаги сертификатларни топширди.

Президентимизнинг чекка қишлоқ ёшларини қўллаб-қувватлови маҳалла аҳлини, устоз-мураббийлар ҳамда ота-оналарни беҳад мамнун этди. Давлатимиз раҳбари тавсиясига биноан ўқишга қабул қилинган ёшлар билан суҳбатлашиб, қувончига шерик бўлдик.

Диёра Турғунбоева, Тошкент давлат педагогика университети магистранти:

— Ҳаяжонимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Бу кун нафақат мен, балки ҳамқишлоқларим учун эсда қоларли таассуротларга бой бўлди. Президентимиз билан учрашувда Қўқон давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультетини грант асосида аъло баҳоларга тамомлаб, ҳужжатимни Тошкент давлат педагогика университетининг магистратура босқичида ўқиш учун топширганимни, инглиз тилини билиш даражаси бўйича 6,5 баллик махсус сетификатни қўлга киритганимни айтдим.

Давлатимиз раҳбари сўзларимни тинглай туриб, “Сиз менинг тавсиям асосида магистратурада ўқийсиз”, деганини эшитгач, қалбим бениҳоя қувончга тўлди. Бу мен учун катта шараф, масъулият. Энди ҳар қачонгидан ҳам кўп ўқиб, ўрганиб, қишлоғимиз ёшларига пухта билим бериш ва менга билдирилган юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Омадбек Турғунбоев, Тошкент давлат стоматология институти талабаси:

— Тарихий учрашув оиламизга кутилмаган шодлик, хушхабар олиб келди. Бир вақтнинг ўзида опам ва мен Президентимиз тавсиясига биноан ўзимиз истаган олий таълим муассасасида ўқиш имкониятига эга бўлдик.

Ёшлигимдан тиббиёт соҳасига қизиқаман. Кимё фанидан махсус сертификатга эгаман. Қишлоғимиздаги 22-мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкент давлат стоматология институтига ўқишга кириш учун тест имтиҳонларига тайёргарлик кўраётгандим. Президентимиз билан самимий мулоқот бу йўлдаги орзу-мақсадимнинг эрта қанот ёйишига катта имконият берди.

Отам тадбиркор, онам қишлоғимиздаги мактабда рус тили ва адабиётидан дарс беради. Уларнинг хурсандлигини айтмайсизми! Фарзандининг бахту камолини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг катта орзуси. Бу ниятлар рўёбида Президентимиз қўллаб-қувватлагани биз учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятли бўлди.

Ойгул Саминжонова, Тошкент давлат молия институти талабаси:

— Болалигимдан ўқишга жуда қизиққанман. 1-синфга қадам қўйганимда алифбони, ҳарфлардан сўзлар тузишни, ўзбекчадан ташқари инглиз ва рус тилларида ҳам бироз гапиришни билардим. Албатта, буларнинг ҳаммасида оилам, яқинларимнинг эътибори, ҳиссаси катта.

Бу йил мактабни олтин медаль билан тамомладим. Умумтаълим муассасасида ўқиш жараёнида Андижон вилоятидаги халқаро Sharda университетига 8 миллион 700 минг сўмлик ваучер ютдим. Яқинда IELTSдан 6,5 баллни қўлга киритдим.

Президентимиз “Хитой” маҳалла фуқаролар йиғинига келган куни бобомнинг ҳолидан хабар олгани боргандим. Меҳмонлар келишини эшитиб, уйдагиларга ёрдам бериш учун қолдим. Маҳалла аҳли, ёшлар билан суҳбат чоғида ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имтиёз ва имкониятлар, айниқса, олий таълим истагидагиларга яратилган шароитлар ҳақида гапирдим. Молия соҳасига қизиқишим, шу тизимда ишлаш орзум борлигини билдирдим. Президентимиз мақсадимни қўллаб-қувватлаб, Тошкент молия институтига давлат гранти асосида ўқиш учун тавсия берди. Бу ҳаётимдаги унутилмас яхшилик сифатида хотирамда муҳрланиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг қишлоғимизга келиб кетганига бир неча кун бўлган эса-да, бизни табриклаб, йўқлаб келаётган тенгқурларим, устозлар, ота-оналарнинг оёғи узилгани йўқ. Ҳамма бизга хавас билан қараяпти, фарзандларига ҳам мана шундай кунлар насиб этишини Яратгандан сўраяпти.

Ҳожиаҳрор Ғиёсиддинов, Фарғона давлат университети магистранти:

— Президентимиз билан учрашувда тарих йўналиши бўйича магистратура босқичида ўқиб, мамлакатимизнинг бой тарихини ўрганишни мақсад қилганимни айтдим. Давлатимиз раҳбари фикримни маъқуллаб, Фарғона давлат университетининг магистуратура босқичида имтиёзли асосда ўқиш учун тавсия берди. Соҳа мутасаддилари келиб, бизга тавсия асосида ўқишга кирганимиз ҳақидаги сертификатни тақдим этганида билдирилган ишончдан кўнглим фахрга тўлди.

Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун имконият етарли. Мактабни тамомлаб, Бағдод иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқидим. Қўқон педагогика институтининг тарих факультетини тамомладим. Польшадаги Варшава бизнес университетида таҳсил олиб келдим.

Яратилган имкониятлар сабаб ҳар соҳада дадил қадам ташлаяпмиз. Қийинчиликлардан чўчимай, орзумиз томон дадил интиляпмиз. Олдимизга аниқ мақсад қўйиш, яъни ҳавас қилинган маррани эгаллаш учун барча шароит бор. Мана шу имкониятлардан фойдаланиб, мутахассислигим бўйича керакли билимларни чуқур ўрганаман ва, албатта, Президентимизга берган ваъдамнинг устидан чиқаман.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Расулжон КАМОЛОВ тайёрлади.

Суратлар муаллифи Шерзод Қорабоев