Эндиликда инвестдастур мониторинги автоматлаштирилган онлайн-тизим орқали амалга оширилади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланяпти.

Уч йиллик инвестиция дастурини шакллантириш қуйидаги 6 та босқичдан иборат:

I босқич – 1 августга қадар инвестдастурнинг дастлабки рўйхати шаклланади;

II босқич – 10 августга қадар шаклланган рўйхат Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

III босқич – 25 августга қадар Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари лойиҳани келишади;

IV босқич – 25 октябрга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, келишади;

V босқич – 10 ноябрга қадар якуний лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

VI босқич – 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани Президент Администрациясига киритади.

Инвестдастурни мониторинг қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатиляпти:

- лойиҳа ташаббускорлари ҳар ойнинг 5 санасига қадар унинг ижроси бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритади;

- Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ҳар ойнинг 10 санасига қадар маълумотни Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади, деб хабар беради «Norma».

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 16 январдан кучга кирди.