Бугун электр энергиясисиз фаровон ҳаёт ҳам, ривожланган иқтисодиёт ҳам бўлмаслиги кундек равшан. Шу боис, мамлакатимизда узоқ йиллардан буён электр таъминоти соҳасида йиғилиб қолган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш, халқни рози қилиш, иқтисодиётимизни тезкор тараққий эттириш мақсадида ҳозир соҳа улкан ўзгаришларга юз тутмоқда.
Сўнгги пайтларда электр энергияси ишлаб чиқаришда экологик хавфсиз ва тоза манбаларга ўтилаётганига қарамай, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, юртимизда ҳам соҳанинг энг “оғир юки” иссиқлик электр станциялари зиммасида турибди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган жами электр энергиясининг 85 фоиздан ортиғи айнан улар ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Фарғона ИЭМ ҳудудида ва Фарғона шаҳар қозонхонаси РК-3 да юқори самарали когенерацион газ трубина қурилмалари технологиясини татбиқ этиш чоралари тўғрисида”ги қарори электр энергияси ишлаб чиқаришнинг замонавий ва самарадор технологияларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини рационал ишлатиш, ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш ва қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим роль ўйнайди.
Мазкур лойиҳа Фарғона водийсининг электр энергияси, айниқса, Фарғона шаҳрида жойлашган саноат корхоналарининг иссиқлик энергиясига бўлган талабани қондиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ана шу мақсадда 2019 йилнинг декабрь ойида лойиҳа доирасида Фарғона шаҳрида 7 МВт қувватли газ турбина муваффақиятли ишга туширилди. Бугунги кунда бу ерда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси миллий электр тизимига ва иссиқлик энергияси Фарғона шаҳрининг Абдулла Қодирий даҳасида жойлашган 3 минг 850 та хонадонли кўп қаватли 77 та уйга узлуксиз етказиб берилмоқда.
Бу ерда йилига қўшимча 58400,0 минг кВт/соат электр энергияси тармоққа узатилмоқда. Истеъмолчилар 63400,0 Гкал иссиқлик энергиясидан баҳраманд бўлмоқда. Мазкур ишлар электр энергияси ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланаётган шартли ёқилғи сарфи камайишига олиб келди.
Шу кунларда “Фарғона иссиқлик электр маркази” АЖ ҳудудида 17 МВтли иккинчи газ турбина қурилмаси қурилиши ҳам ниҳоясига етказилди.
– Янги қурилма ўта тежамкор технологияга асосланган бўлиб, юқори самарадордир, – дейди Фарғона ИЭМ директори Фарҳод Абдураҳмонов. – Ушбу инвестицион лойиҳани юқори уюшқоқлик билан амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Янги қурилмани тез фурсатларда, яъни йил якунига қадар фойдаланишга топшириш қиш мавсумида Фарғона водийси аҳолисини қўшимча электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Ҳар бир МВт электр ва иссиқлик ишлаб чиқаришда 50 фоиз табиий газ иқтисод қилинади. Лойиҳа Фарғона водийси ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши ва барқарор ишлашига имкон беради. Корхонада ҳар йили қўшимча 197,24 миллион кВт/соат электр энергияси, 214,5 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Асосийси, 3,2 миллион куб метр газ иқтисод қилинади. Шу билан бирга, бу ерда 125 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда юртимизда мавжуд жами электр станцияларининг ўрнатилган қуввати 13 минг 565 МВт/соатни ташкил қилади. Айни кунда ишлаб чиқариш эҳтиёжидан келиб чиқиб 11 минг 711 МВт/соат атрофида электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори асосида Фарғонада амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 83,6 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 49,5 миллиони Япониянинг грант маблағлари, қолган 34,1 миллиони эса “Фарғона ИЭМ” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобланади.