Қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир конституциявий норма талабларини бажариш;
- кўп квартирали уйлар бозорида талабга мувофиқ таклифларни мутаносиб равишда ошириб бориш;
- кўп квартирали уйлар қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жараёнларини ўз ичига олувчи инвестиция-қурилиш даврининг давомийлигини 1,5 бараваргача қисқартириш.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олишнинг қонунчиликда белгиланган мезонларига мос келадиган лойиҳаларга “Янги Ўзбекистон” массиви мақомини бериш орқали уларга амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбалари татбиқ этилади.
“Янги Ўзбекистон” массивларининг йўл-транспорт инфратузилмалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия тежовчи ускуналар, муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланилади ва “яшил” транспорт муҳити яратилади.
Фармонга кўра, “Toshkent Invest kompaniyasi” АЖ ва “Samarqand Invest kompaniyasi” АЖ тажрибаси асосида акциядорлик жамияти шаклида инвестиция компаниялари (Инвестиция компаниялари) ташкил этилади.
Инвестиция компаниялари тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури (Ипотека дастури) доирасида:
- кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда инсон омилисиз амалга оширилади;
- 2026 йил 1 апрелдан бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромад оладиган фуқаролар, шунингдек, жорий йилда охирги 1 йиллик, 2027 йилда охирги 2 йиллик ва 2028 йилдан бошлаб охирги 3 йиллик давр ичида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.