Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 2 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳамда жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ҳолат — Сирдарё вилояти ИИБ раҳбар ходими ва унинг яқин қариндоши иштирокидаги ҳуқуқбузарлик кескин муҳокама қилинди. Ушбу ҳолат хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш эҳтимолини кўрсатувчи салбий ҳолат сифатида ҳуқуқий баҳоланди.
Вазир ўринбосари Диёрбек Саттаров томонидан ҳуқуқбузарликка йўл қўйган подполковник Шерзод Пардаевнинг вазирликнинг тегишли буйруғи билан лавозимидан озод этилгани мисолида, хизмат интизомини бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги принципи амалда таъминланиши шартлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мансаб ва лавозимдан қатъи назар, хизмат интизомини бузган ҳар қандай ходимга нисбатан муросасиз чоралар кўрилиши давом эттирилиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликни таъминлаш бўйича берилган топшириқларнинг ижроси устидан таъсирчан ва тизимли назорат ўрнатиш зарурлиги юзасидан раҳбар ходимларга аниқ кўрсатмалар берилди.