Янги Ўзбекистонда гидрометеорология хизматини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш ҳамда глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Малакатимиз иқтисодиётнинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, энергетика, шаҳарсозлик, саноат, транспорт, туризм, мудофа соҳалари гидрометеорологик, аниқроғи об-ҳаво ва иқлимий маълумотларга катта эҳтиёж сезади. Зеро, гидрометеорология хизмати қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология каби бир қанча соҳалар учун жуда муҳим ва хавфсизлигимизни таъминлайдиган муҳим соҳалардан бири.
Шу боис, сўнгги йиларда соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 17 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим асос бўлмоқда. Унда мамлакатимизда гидрометеорология хизматини янги босқичга кўтариш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида янги -Гидрометеорология факультети ташкил этилди. Ушбу факультетда айни кунда 7 та фан доктори-профессорлар, 10 дан ортиқ фан номзодлари, 500 дан ортиқ бакалаврлар ҳамда, 38 нафар магистрларга сабоқ бермоқда. Янги факультетда жорий ўқув йилининг ўзида 2 нафар фан доктори (DSc) ва 5 нафар фаласафа докторлари тайёрланди. Айни кунда факультетда 6 нафар тадқиқотчилар таянч дотарантурада таҳсил олмоқдалар.
Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган иқлим ўзгариши шароитида гидрометеорологик тадқиқотлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари мавзуида ташкил этилган анжуманда шу ҳақда гап борди. Тадбир Гидрометеорология хизмати маркази - Ўзгидромет ва Ўзбекистон география жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Анжуман гидрометеорология соҳасида 4 та фан доктори ва 11 та фан номзоди ва фалсафа докторларини тайёрлаган, география фанлари доктори, профессор Ф.Ҳикматовнинг 70 йиллик юбилейи доирасида ўтказилди.
Анжуман ишида Германия (Постдам иқлим таъсирини ўзганиш институти; Чучук сув ресурлари институти; Ички балиқчилик хўжалиги институти), Россия (М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети; Бошқирдистон давлат университети; Россия ФА Океанология институти), Беларусь (Беларусь давлат техника университети), Қозоғистон (Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети; Хўжааҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро институти), Тожикистон (Тожикистон Миллий университети; Тожикистон Миллий сув муаммолари, экология ва гидроэнергетика институти) давлатларидан йирик олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.Тадбирда гидрометеорологиянинг долзарб илмий йўналишларида эришилган илмий тадқиқот ишлари натижалари муҳокама қилинади.
Шуни қувонарлики, ЎзМУ олимларининг иқлим ўзгариши муаммолари борасидаги илмий нашрлари ва лойиҳалари халқаро миқёсда тан олинди. ЎзМУ Times Higher Education Impact Rankinda дунёнинг кучли 500 университетлари қаторига кириб, “Иқлим ўзгаришига қарши курашиш” бўйича 2020 йилда 101-200, 2021 йилда эса 301-400 ўринни эгаллаганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Бир сўз билан айтганда, анжуман иқлим ўзгаришининг долзарб муаммолари ечимларига қаратилган тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, глобал миқёсда кузатилаётган иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлди.