Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Энергетика, Қурилиш вазирликлари, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзгидромет” маркази ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, Ер сайёрасида умумий ҳароратнинг кўтарилиши атроф муҳитнинг, айниқса атмосфера ҳавосининг зарарланганлигини кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳароратнинг, балки сайёрамизнинг барча минтақалари иқлимининг ўзгаришига олиб келмоқда.
Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси уни ҳал этишнинг иккита асосий йўналиши белгилади: атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши иқлим ўзгаришларининг айтиб бўлмас оқибатларига олиб келиши мумкин.
Матбуот конференцияси иштирокчилари томонидан дунё миқёсида ҳамда Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
2021 йил 30 майда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқида “Яшил иқтисодий тикланиш” соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича концептуал таклифлар илгари сурилди. Мазкур саммитда юртбошимиз томонидан иқлим ўзгаришлари дунёнинг барча давлатлари каби Марказий Осиё мамлакатларида яққол сезилаётганлиги, минтақадаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётганлиги, буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланаётганлиги каби таъкидлаган экологик муаммолари нафақат минтақа мамлакатларини балки дунё ҳамжамиятини ҳам жиддий хавотирга солаётганини айтиб ўтилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг “Иқлим ўзгариши тўғрисида”ги Ҳадли Конвенциясига 1993 йилнинг 20 июнида қўшилган бўлиб, ушбу ҳужжатга тааллуқли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иссиқхона газлари тарқалишини камайтириш механизмига асосланган квоталанган савдо тўғрисидаги глобал келишув — Киото протоколи 1999 йилда ратификация қилинган.
2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж Битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенция котибиятига иссиқхона газлар ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. Мазкур битим 2018 йили 3 октябрда ратификация қилинди.
Қайд этилганидек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг 253-бандига мувофиқ, Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли давлат сиёсатини ишлаб чиқиш белгиланган. Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Гидрометерология маркази мутахассислари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқилди.
Тадбир иштирокчиларига XI бобдан иборат стратегия лойиҳасининг асосий бандлари бўйича тушунтириш берилди ҳамда яқин кунларда мазкур лойиҳа кенг жамоатчиликка муҳокамасига қўйилиши таъкидланди.