Ўзбекистон Республикаси Призиденти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзгидрометнинг “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида “Иқлим қутичаси” номидаги ўқув қўлланмаси тақдимотига бағишланган семинар ўтказди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга қўшилган томон сифатида БМТ ИЎДК олдида қатор мажбуриятларни зиммасига олган. Жумладан, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатлари муаммолари бўйича маърифат ва жамоатчиликни хабардор қилишни таъминлаш устувор вазифалардан бири. Бу йўналишда Республика таълим маркази томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, халқ таълим бўлимлари услубиятчилари, мактабдан ташқари таълим муассасалари мутахассислари, синф раҳбарларига Ўзбекистоннинг иқлим шароитлари ҳақидаги материаллар билан таълим жараёнида ва мактабдан ташқарида таҳсил беришда фойдаланишлари учун ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилди. Ўқув қўлланмасини намунавий жорий қилиш Тошкент шаҳрининг учта мактабида муваффақиятли якунланди.
Таълим материалларини топшириш маросимида Россия Федерацияси элчихонаси, БМТТД, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзгидромет вакиллари иштирок этди.
-Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифаларидан бири бу атмосфера ҳавосининг табиий таркибини табиий муҳитнинг ижтимоий аҳамиятга эга таркибий қисми сифатида сақлаб қолишдир, - дейди Ўзгидрометнинг атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги хизмати бошлиғи М. Плоцен.- Бу унинг сифатини ҳимоя қилиш ва назорат қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун зарурдир. фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай бўлган атмосфера ҳавосига бўлган ҳуқуқни таъминлаш учун сифатли муҳофаза қилиниши керак.
Ўзгидрометда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини кузатишларни модернизация қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Ўзгидромет Замин ХЖФ (халқаро жамоат фонди) ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий ёрдами билан Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишини кузатувчи иккита автоматик станцияни сотиб олди ва ўрнатди. Улар доимий равишда сирт қатламидаги соғлиқ учун энг хавфли ифлослантирувчи моддаларнинг таркиби тўғрисида маълумот беради.
Гидрометнинг сув кадастри ва метеорологик ўлчовлар бошқармаси бошлиғи Қ. Зоҳидовнинг айтишича, дунёда рўй берадиган табиий офатларнинг 90%и об-ҳаво, иқлим ёки сув билан боғлиқ. Хавфли табиий ҳодисаларни тўхтатиб бўлмайди. Бироқ улардан ўз вақтида олдиндан огоҳлантириш фалокат кўламини камайтириши мумкин. Хавфли ҳодисаларни мониторинг қилиш тизими олдиндан огоҳлантиришлар тайёрлаш ва фавқулодда вазиятларда жавоб қайтариш учун маълумотлар тақдим этиш йўли билан офатлар хавфини камайтиришга ёрдам беради. Гидрометеорология хизмати маркази прогноз ва огоҳлантиришлар тайёрлайди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан молиялаштирилган "Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш" Европа Иттифоқи (ЕИ) дастури доирасида Давлат сув кадастрини (ДСК) юритиш учун рақамли маълумотлар базаси (РМБ) ишлаб чиқилди. Бу тизиминг асосий мақсади режалаштириладиган ва хўжалик органларга ер усти ва ер ости сув ресурсларининг асосий дарё ҳавзалари ва уларнинг алоҳида бўлган ҳудуд, вилоятлар ва умумий республика бўйича миқдорий ва сифат ҳолати ва ўтган йилда улардан фойдаланиш даражаси ҳақида тезкор маълумот тайёрлаш ҳисобланади.
Ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсад ва вазифалари ишнинг ахборот очиқлиги ва қулайликни ошириш, ягона марказлаштирилган маълумотлар базасини яратиш, ахборотни киритиш ва қайта ишлаш муддатлари, мураккаблигини камайтириш, манфаатдор ташкилотларга тартибли ва таҳлилий маълумотларни тезкор олиш ва тақдим этиш ҳамда кўрсатиладиган ахборот хизматлари сифатини оширишдир.
-Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази логотипининг энг яхши дизайн-макети учун Ўзгидромет расмий веб-сайтларида эълон берилиб, 5 ой давомида танлов ўтказилди, - дейди Ўзгидромет ахборот хизмати матбуот котиби М. Асилхўжаева.-Танлов жараёни қизғин ва баҳс мунозараларга сабабчи бўлди. Танлов юзасидан ташкил этилган ҳайъат аъзолари иштирокида Ўзгидромет рамзи сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган энг яхши логотип танлаб олинди. Логотип Ўзгидрометнинг расмий эмблемаси сифатида қабул қилинади ҳамда иш ҳужжатлари, веб-сайт ва Ўзгидрометнинг бошқа ахборот маҳсулотларини расмийлаштиришда фойдаланилади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири