Дунёнинг иқтисодий қиёфаси ўзгаргани сари ёш авлоднинг моддият, яшаш тарзи, турмуш фаровонлиги борасидаги тушунчалари ҳам шунга мос равишда шаклланиб боради. Масалан, бир неча ўн йиллар олдин ота-оналаримизнинг орзу-ҳаваслари, ҳаётий эҳтиёжлари бугунги авлодникидан сезиларли фарқ қилган. Аслида, тараққиётнинг ривожланиб бориши билан бирга, инсон эҳтиёжларининг ортиб, моддий манфаатдорлиги ўсиши табиий ҳол. Бунга мос равишда мамлакат иқтисодиётининг ривожи ҳам зарурий талабга айланмоқда.
Шу боис, дунё давлатлари ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги босқичида интеграциялашув ва глобаллашув тобора кучайиб боряпти. Бунда ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлиги, энг аввало, ҳудудда истиқомат қиладиган аҳолининг иқтисодий жиҳатдан ижтимоийлашгани, иқтисодий тарбиялангани ҳамда иқтисодий йўналганлиги даражаси билан аниқланади. Давлатнинг иқтисодий таълим борасидаги олиб бораётган сиёсати, амалга ошираётган ислоҳотлари, барча илмий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишларининг якуний кўрсаткичи, қисқача айтганда, иқтисодий билимдонлиги рақобатбардошликнинг таъминланиши билан характерланади.
Гап, бугунги давр инсонларининг иқтисодий билим ва тушунчаларга эга бўлиши, бу борада эркин қарорлар қабул қила олиши, жараёнга тўғри ёндашуви ҳамда бунинг учун шароитлар яратиш ҳақида бормоқда. Буни Ўзбекистоннинг охирги йиллардаги ислоҳотлари, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини эркинлаштириш борасидаги фаол ҳаракатлари мисолида яққол кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир нутқи ва асарларида мулкдорлар синфи, тадбиркорлар, кичик бизнес, деҳқон ва фермер хўжаликлари муаммоларига алоҳида ўрин берилиши Янги Ўзбекистон фуқаролари шахсида социал-иқтисодий тарбияни мустаҳкамлаш, иқтисодий тафаккурни шакллантириш, шахс тузилмасида иқтисодий онг компонентларининг ўрни қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини исботлайди. Зеро, бозор муносабатларига ўтишда содир бўлиши мумкин бўлган социал-иқтисодий таназзулнинг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий қолоқликнинг ўрнини соғлом ғоялар, илмий асосланган билимлар, тушунчалар ва дунёқараш билан тўлдириш ишбилармон инсон шахсини шакллантиришдаги муҳим вазифадир.
Қадриятлар янгича иқтисодий тафаккур билан уйғунелашмоғи лозим
Ҳар бир оила — алоҳида давлат. Унинг ўз иқтисодий масалалари ва турли йўналишдаги ечимлари бўлади. Иқтисодий билимга эга бўлган оила аъзолари турмуш фаровонлигини ошириб, юқори даромадни таъминлай олади. Бу борада саводхонлиги етарли бўлмаган кишилар бор даромадни ҳам йўққа чиқариши, моддий ресурсларни тўғри тақсимлай олмаслиги, натижада камбағалликка учраши мумкин.
Ваҳоланки, юртимизда ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитлар, ҳар соҳада бўш иш ўринлари яратиш, одамларнинг илм эгаллаши, касб-ҳунар, тадбиркорликка ўқитишга кўмаклашиш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган. Биргина ўтган йилнинг ўзида камбағалликни қисқартириш мақсадида 200 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилгани бунинг кичик бир мисоли.
Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги енгиллаштириляпти. Жорий йилда ҳам қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Бунинг ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида камида 14 триллион сўм маблағ қолиши ҳисоб-китоб қилинган. Табиийки, бу маблағ бизнесни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишчи-ходимларнинг, демакки, аҳолининг турмуш фаровонлиги учун йўналтирилади. Яъни, фуқароларнинг таълим олиши, муносиб шароитларда меҳнат қилиб, даромад топиши учун шароит, имкониятлар яратиляпти. Энди ҳамма гап, шу имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланишда. Бунинг учун эса иқтисодий билим ва кўникма зарур.
Ушбу билимларни беришда, аввало, оила муҳитига таянилиши рост. Аммо иқтисодий илм, саводхонликни оширишда, албатта, таълим тизими катта ўринга эга экани кўринади. Айниқса, Янги Ўзбекистон — интеллектуал миллат шаклланган маърифий мамлакат сифатида қаралаётган бугунги даврда ушбу талаб янада долзарбдир. Зеро, мамлакатимизда маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган қанотли сўзларидан келиб чиқиб, таълим сифатини яхшилашга жуда катта инвестиция киритиляпти.
Бу ҳақда гап кетганда, болаларни мактабгача таълим билан сифатли қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилиб, 600 минг янги боғча ўрни яратилгани, Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани, 198 та олийгоҳдан 41 та институтга академик ва молиявий мустақиллик берилгани, талабалар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар икки баравар кўпайтирилгани, олимларнинг иш ҳақи 4,5 баравар оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ушбу саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Чунки таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли сифатида танлаб олинган. Шу тариқа Учинчи Ренессанс бунёд этишга қодир интеллектуал миллатни тарбиялаш ва шакллантириш йўлида мустаҳкам пойдевор қўйиляпти.
Бу жараёнда ёш авлодда иқтисодий билимларни шакллантириш ҳам таълим заруратларидан бирига айланмоқда. Шу каби илмларни беришни болалардан бошлаш тўғри бўлади. Яъни, ўқувчиларнинг кичик ёшиданоқ иқтисодий тафаккурни, социал-иқтисодий ҳаётга фаол муносабатни шакллантириш, ишбилармон, руҳан тетик фуқароларни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бугунги кун талабидир. Гап шундаки, болалар ҳар қандай янги шароитга тез ва осон мослашувчан бўлишади. Лекин муттасил ўзгаришларга асосланадиган бозор иқтисодиёти, яъни мулкий муносабатлар шароитига-чи?
Бу борада олиб борилаётган энг сўнгги тадқиқотлар иқтисодий психология предметини аниқлашга дахлдор айрим янгиланишларни тақозо этмоқда. Биламизки, иқтисодиёт — мураккаб, кўпёқламали тизим ҳисобланиб, одатда унинг туб моҳияти ёш бола учун қоронғу саналади. Сабаби болалар турли хил иқтисодиёт моделларига хос жараёнларни ўз дунёқараши ва қобилиятидан келиб чиққан ҳолда идрок қилишади. Улар бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш даврида юзага келадиган социал-иқтисодий шарт-шароитлар жараёнида ўзлари учун мутлоқо янги бўлган иқтисодий воқелик ва муаммолар билан тўқнаш келиб, янгича ҳаётий фаолият шароитларига кўникма ҳосил қилиш заруратини англаб боришади. Ушбу жараён моҳиятини ёритишда муаммонинг ечими “иқтисодий ижтимоийлашув” тушунчасининг мазмунига бориб тақалади.
Иқтисодий ижтимоийлашув жараёнида йигитлар фаолиятда ўзини ривожлантириш истаги ва муваффақиятга эришиш мотивациясининг юқори даражасини кузатсак, жамиятимизда олиб борилаётган гендер сиёсат ва хотин-қизларга бўлган юксак эътибор қизларимиз хатти-ҳаракатларида “етакчилик, пешқадамлилик”га хос хусусиятлар ривожланиб бораётганлигини кўрсатади.
Етук ёшдаги авлод вакиллари мақcадидаги каcбий жиҳатдан ўзини намоён қилиш ва иш фаолиятига йўналганликнинг уcтуворлиги, ўзини ўзи ва имкониятларини тўғри баҳолаш ҳиcобига фарзандларида “ижтимоий уcтановкалар — ҳаётий қоидалар — пулга бўлган муноcабат” тизимини шаклланишига замин яратишган. Бу кўникмалар ёшларда ҳам ўхшаш бўлиб, натижада йигит-қизларнинг иқтиcодий жиҳатдан ижтимоийлашгани ҳамда иқтиcодий cаводхонлик даражаcи ортиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Иқтисодий тарбия орқали дунёни англаш
Тадқиқотларимизда ўсмир ўқувчиларга “Пулнинг бизни ҳаётимиздаги ўрни” мавзуида иншо ёзиш вазифасини бердик. Қизиғи, иншолар таҳлили жараёнида баъзи ўқувчиларнинг фикрлари бизни ҳайрон қолдирди. Масалан, аълочи ўқувчилардан бири “...ҳар бир инсонда юқори ёки паст даражадаги пулга бўлган интилиш ва унга ҳукумронлик қилиш ҳисси яширин тарзда мавжуд бўлади”, деб мулоҳаза юритган бўлса, бошқа бир ўқувчи “...инсон ҳамиша бойишга интилиб келади ва у қанчалик бойиса, шунчалик янада кўпроқ бойишни истайди. Бугунги ҳаётимиз пул ва ёлғондан иборатдир”, деган фикрни билдирган.
Ана шу икки иншо натижасига асосланадиган бўлсак, бир қанча саволлар туғилиши табиий: болалар иқтисодий тасаввурлар ҳақида нималар билишади? Улар қайси ёшда ва қандай ҳолатда бу билимларни ўзлаштиришади? Бу жараённинг шаклланишига социал-иқтисодий муҳит қандай таъсир қилади?
Мазкур саволларга жавоб топиш дунё ҳамжамияти бошидан кечираётган глобаллашув шароитида муҳим аҳамиятга эга долзарб муаммолардан биридир. Сабаби, иқтисодий ижтимоийлашув муаммосига бугун ҳар қадамда нафақат болалар, балки катталарнинг ўзлари ҳам дуч келишмоқда. Болаларнинг ушбу муаммо доирасидаги хатти-ҳаракатларига биз катталарнинг аралашувимиз баъзан ижобий натижаларга олиб бораётган бўлса, гоҳида салбий оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Савол туғилади, хўш ота-онанинг бола тарбиясига шу тарзда ёндашуви унинг иқтисодий ижтимоийлашувига қандай таъсир қилади, ижобийми ёки салбий? Яна ўсмирларнинг иншодаги фикр-мулоҳазаларига диққат-эътиборни қаратамиз. Иншоларда қайд этилган айрим гаплар нафақат ўқувчи, балки мутахассисни ҳам фикрлашга мажбур этади. Масалан, “Онамнинг айтишича, фақат камбағалларгина жаннатга тушишар экан”, “Дадам айтдилар: фақатгина нопок йўл билан бойиб кетиш мумкин”, “Пулимиз кўплигини ҳеч кимга айтма, деб ота-онам қаттиқ тайинлаганлар, бўлмаса бошимиз ташвишдан чиқмас экан”, “Ота-онамнинг айтишларича, биз бой бўлганлигимиз учун ўртоқларим мен билан дўстлашади, агар биз камбағал бўлсак, мен билан ҳеч ким дўстлашмайди”, “Ота-онамнинг айтишларича, пул ишлаб топишнинг сир-асрорлари бор, лекин бизнинг оиламизда буни ҳеч ким билмас экан. Шунинг учун бошқалар пул топишга уста, бизда эса бундай имконият йўқ” ва ҳоказо.
Кўряпсизми, жамиятимизга хос бундай фикрлар онгимизга қадрият даражасида сингиб кетган ва ундан халос бўлиш қўрқинчлидек туюлади. Ваҳоланки, инсон моддий фаровонликка бўлган қарашларини ўзгартирмас экан, ҳақиқий иқтисодий эркинликни ҳис эта олмайди. Пулга бўлган муносабат тўғри шакллангандагина, уни сарфлаш ва самарали тақсимлаш кўникмаси ошиб боради.
Янги Ўзбекистонда янгича иқтисодий тафаккур
Шахс вояга етаётган конкрет муҳитнинг моддий мустақиллиги кўп жиҳатдан ўсмир ва илк ўспирин ёшидаги фуқароларнинг иқтисодий муносабатларга йўналганлиги билан ўлчанади. Буни бешта мезон — иқтисодий таълим, иқтисодий саводхонлик, иқтисодий тайёргарлик, иқтисодий тафаккур ва иқтисодий тарбияланганлик даражалари ёрдамида аниқлаш мумкин.
Таққослаш учун, 2012 йилдаги тадқиқотларимиз натижаларини ёдга олайлик. Ўшанда мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болалар “банкнотнинг ранги”, “банкнотдаги расмнинг мазмуни”, “банкнотда ифодаланган шахснинг юз қиёфаси” ва “банкнот қийматининг аниқ ва равшанлиги” каби тўртта асосий хусусиятга кўра пулни идрок этишиб, иқтисодий ижтимоийлашганлик даражасини намоён қилишган. Шаҳар ва қишлоқ жойларда яшайдиган респондентлар ўртасида ўтказилган мазкур тадқиқот пулнинг юқоридаги тўртта хусусиятига кўра болаларнинг иқтисодий ижтимоийлашувда айрим тафовутлар келтириб чиқаришини тасдиқлайди ҳамда бунга мезоомилларнинг ўзига хос таъсири борлигини кўрсатади. Масалан, “банкнотнинг ранги”, “банкнотдаги расмнинг мазмуни”, “банкнотда ифодаланган шахснинг юз қиёфаси” каби учта хусусиятини қишлоқда истиқомат қиладиган болалар шаҳарда яшайдиган тенгқурларига нисбатан кўпроқ эътироф этишди. Фақат битта “банкнот қийматининг аниқ ва равшанлиги” хусусиятини идрок этишда шаҳарликлар қишлоқдаги тенгурқурларини ортда қолдиришди. Аниқланилишича, ҳар иккала тоифа мактабгача ёшдаги болалар пулни идрок этишаётганда асосий эътиборларини унинг рангига қаратишар экан.
Худди шундай тадқиқотни ўтган йили ҳам ўтказдик. Умумий синовларимизда мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги шаҳарлик ва қишлоқлик болалар иштирок этишди. Респондентлар юқоридаги каби тўртта асосий хусусиятга кўра пулни идрок этиб, иқтисодий ижтимоийлашганлик даражасини намоён қилди. Уларда катта авлод вакилларидан фарқли тарзда, “банкнотда ифодаланган шахснинг юз қиёфаси”ни идрок этиш ўрнига “банкнотнинг жозибадорлиги”ни ҳис этиш мезони юқорироқ экан. Аммо ҳар иккала авлод вакиллари томонидан 1000 сўмлик банкнот энг жозибасиз “оқ пул” тарзида идрок этилиб, болалар томонидан уни жамғариш воситаси сифатида қаралмаслиги ойдинлашди. Ҳозирги авлод болаларига энг мақбули “100 минг сўмлик банкнот” экан. Гап шундаки, улар пулларнинг расмлари, рангига кўпроқ эътибор қаратиб, шу асосида ўзларига ёққанини танлайдилар.
Умуман, бундай тадқиқотлар ёш авлоднинг моддият, иқтисодий фаровонликка муносабатини аниқлаб, бу борадаги муаммоларга ечим излашга хизмат қилади. Боиси, шахс нафақат оилада, балки педагогик таълим кластерларида бериладиган иқтисодий тарбияни ўзлаштириш орқали иқтисодий ижтимоийлашув жараёнининг субъектига айланади. Бу жараённинг таъсирида биринчидан, у иқтисодий муносабатларга, жумладан, оила иқтисоди ва бюджетини тузишга тайёрланади, иқтисодий онги шаклланиб боради, иккинчидан, бозор муносабатлари шароитида иқтисодий тафаккури теранлашиб, жамият учун фойдали саналадиган мақсадга мувофиқ хулқ соҳибига айланади.
Навбаҳор УМАРОВА,
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
кафедра мудири, психология фанлари доктори
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 24.05.23 й, 100-сонида эълон қилинди)