Тезкор замонда яшаяпмиз. Одамлар онги, тафаккури, интилишлари, мақсадлари ҳам шиддат билан ўзгараётган даврга хос ва мос тарзда янгиланиб бормоқда. Авваллари ҳар бир талаба фақат билим олиш, танлаган соҳаси бўйича белгиланган фанларни ўзлаштиришга вақт сарфлаши шарт, деган қараш билан таълимга зўр берилган бўлса, бугун амалиётга, фан ва таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашувига эътибор кучаймоқда. Талабани меҳнатга ўргатиш, малакали мутахассис этиб шакллантириш муҳим масалага айланмоқда.
Сир эмас, яқин йилларгача талабанинг ўқиш даврида ишлашига қатъий қаршилик кўрсатилган бўлмаса-да, хайрихоҳлик ҳам қилинмаган. Лекин оиласига кўмак беришни истаган, ўзининг молиявий муаммоларини мустақил ҳал этишга интилган ёшлар барибир ишлаган. Бугунги замон талабасининг ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун имконияти борлигини ёшларимизнинг аксарияти исботлаб берди.
Эътибор ва ихтиёр
Давлатимиз раҳбари талаба-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Президентимиз раислигида шу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида талабаларнинг иш билан бандлигини таъминлаш давлат аҳамияти даражасидаги масала сифатида эътироф этилди.
Олий таълим муассасалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг, тегишли бошқармаларнинг бу борадаги вазифалари белгилаб берилди. Ўтган вақт давомида видеоселекторда муҳокама қилинган ва белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида талабалар билан ўнлаб учрашувлар ўтказилди, уларнинг хоҳиш-имконияти, қобилияти ўрганилди ҳамда бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда.
Ёшларнинг ҳам бу борадаги фикр ва таклифлари тингланди. Ана шундай йиғилишлар давомида инглиз тили, компьютер саводхонлиги, дастурлашни ўргатиш, кимё, биология, физика ва математика фанларидан репетиторлик қилиш истагида бўлган талабаларнинг 12 нафарига институт ҳудудидан хона ажратиб берилди.
Шунингдек, институтда бандлик (карьера) маркази ташкил этилди. Меҳнат бозорини, битирувчилар ва аввалги йиллардаги кадрларнинг фаолиятини ўрганиш, иш берувчилар ва олийгоҳ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Карьера кунлари” каби тадбирларни ўтказиш мазкур марказнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Ўтган қисқа вақтда марказ ходимлари талабаларнинг ишлашга эҳтиёжини аниқлаш, оилавий шароити, моддий имкониятини ўрганиш мақсадида сўровномалар ўтказди. Сўров натижасида институтнинг 937 нафар талабаси иш излаб юргани аён бўлди. Талабалар бандлигини таъминлаш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ёшлар билан белгиланган тартибда иш олиб борди. Дастлаб улардан 46 нафари институтдаги бўш иш ўрнига қабул қилинди.
Бундан ташқари, олийгоҳда қурилиш гуруҳи тузилиб, 78 талаба ҳақ тўланадиган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этилди. Институтимиз, асосан, иқтисодчи, муҳандис, техник каби саноат соҳасида фаолият юритадиган кадрлар етиштириб беради. Шу боис, муассасамиз билан вилоятдаги 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонаси ва ташкилот ўртасида талабалар амалиётини ўтказиш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган.
Бу жараёнда нафақат битирувчилар, балки иккинчи ва учинчи босқич талабаларининг имконияти ҳам ҳисобга олинган. Мисол учун, саноат технологияси факультетининг 3-босқич талабаларидан 15 нафари Яккабоғ туманидаги “Дармон фарм” хусусий корхонасида ўқув амалиётини ўтамоқда. Корхона раҳбарияти талабалар 3 ойлик ўқув амалиёти даврида шартнома асосида ишга қабул қилиниши, уларга ойлик иш ҳақи тўланиши ҳамда бепул турар жой ва иссиқ овқат билан таъминланишини билдирди.
Аввал амалиётчи, кейин ходим
Жорий йил бошида вилоятимиздаги гигант корхоналардан бири — “Uzbekistan GTL” томонидан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётларига қабул қилиш учун танлов ўтказилган эди. Танлов доирасидаги саралаш имтиҳонлари февраль ойида якунига етди ва 800 иштирокчидан 102 нафари ушбу корхонада кенгайтирилган амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди.
Улар орасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 42 талабаси ҳам бор. Амалиётда муваффақиятли қатнашган талабалар жорий йил июль ва август ойларида муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинади. Бундан ташқари, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ томонидан ҳам талабалар саралаб олиниб, иш ҳақи тўланадиган амалиётга жалб этилмоқда.
Бу нимадан дарак беради? Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, аввало, малакали мутахассисга талабни қондиришга қаратилмоқда. Корхоналар бизга битирувчилар қачон келар экан, деб кутиб ўтиргани йўқ. Аксинча, ўша битирувчи тайёр кадр бўлиб келиши учун олийгоҳларга ёрдам беряпти, ҳамкорлик қиляпти.
Янгича руҳ, ўзгача тартибда
Жорий йил апрель ойида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди. Тадбирда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, “Uzbekistan GTL” заводи, “Ўзбурғинефтгаз” АЖ, Муборак нефть ва газни қайта ишлаш заводи, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Ўзстандарт” агентлиги Қашқадарё филиали, “Қарши ёғ-экстракция” МЧЖ, Марказий банкнинг Қашқадарё вилояти бош бошқармаси, “Косон ёғ-экстракция” МЧЖ, “Дармон фарм” МЧЖ, “Агро марказ” МЧЖ, шунингдек, тадбиркорлар, фермерлар, қатор хусусий сектор вакилларидан иборат 70 дан ортиқ корхонанинг иш берувчи ҳамда мутахассислари, вилоят бандлик бош бошқармасига қарашли 15 та шаҳар (туман) аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Шу куни тадбирнинг очилиш маросимида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ стипендия дастури ғолиби бўлган институтимизнинг 15 нафар талабасига диплом, “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводида малакавий амалиёт ўташ имконини қўлга киритган 42 нафар талабасига сертификат, 31 нафар талабамизга “Дармон фарм” МЧЖ ва “Агро марказ” МЧЖга ишга қабул қилинганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди. Энг асосийси, ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, битирувчиларнинг 409 нафари ўз иш ўрнига эга бўлди.
Ҳаракат, изчиллик ва самара
Шу йил март-май ойларида 2021/2022 ўқув йилида бакалавриат йўналишини тугатаётган 1517 талабанинг 955 нафари ўз иш ўрнига эга бўлгани тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Шунингдек, вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиш орқали 50 нафар, Ёшлар саноат зонасига ишга жойлаштиришда талабаларнинг бизнес режалари учун банклардан имтиёзли кредитлар ажратиш орқали 37 нафар, вилоятда инвестиция дастури доирасида ташкил этиладиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан ҳамкорликда 216 талабанинг бандлигини таъминлаш режа қилиб олинди.
Юртимиз саноати кун сайин ривожланаётгани, хориждан янгидан-янги технологиялар кириб келиши баробарида биз тайёрлайдиган кадрлар уларни бемалол бошқара олиши учун ҳам ўқитиш методларимизни фақат назарий эмас, кўпроқ амалий жиҳатдан кучайтиришимиз зарурлиги ҳақида кўп гапирамиз. Сабаби, хорижий қўшма корхоналарнинг ҳам институт битирувчиларига талаби ортиб бормоқда.
Биргина мисол. Куни кеча Китоб туманида фаолият бошлаган “Qarshi Conch sement” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси вакиллари институтни битирадиган талабаларнинг таълим йўналиши, ўқув жараёни билан қизиқди. Бир неча факультетда бўлиб, амалий машғулотлар ва лаборатория хоналарини кўрди. Битирувчиларни ишга қабул қилиш ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Ўз навбатида, биз ҳам мазкур корхонада ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар, моддий рағбатлантириш меъёрлари ва ишга қабул қилиш тартиби ҳақида маълумотга эга бўлдик. Ҳар икки томоннинг ўзаро келишувига мувофиқ, “Qarshi Conch sement” корхонаси ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўртасида ҳамкорлик битимларини имзолаш, талабалар иштирокида учрашувларни ўтказиш юзасидан маслаҳатлашиб олинди.
Талабалар бандлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биз ҳали йўлнинг бошидамиз, режалаштирилган ҳамда бажарилиши шарт бўлган ишларимиз эса анчагина. Бунда жамоа бўлиб жипслашиш, ишга масъулият билан ёндашиш фаолиятимизнинг асосига айланган. Шунга амин бўлдикки, ишлайдиган талабада масъулият юқори бўлади.
У ҳалол меҳнат қилиб, пешана тери билан топган пулини беҳуда сарфламайди, яхшиликка ишлатади. Ўзини мустақил ҳаётга тайёрлаб боради. Эртага у қайси соҳада фаолият юритмасин, интизоми, меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги билан ўз ўрнини топади, ҳурмат қозонади, энг муҳими, керакли кадрга айланади.