Энг муҳими, халқимиз  ислоҳотлар энди ортга қайтмас  жараён эканига ишонч ҳосил қилди. Ана шу ишонч бошланган эзгу ишлар, ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар жараёнини тезлаштиради, муваффақиятли амалга ошишини таъминлайди.

Бунда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга  Мурожаатномаси, шубҳасиз, муҳим ўрин тутмоқда. Унинг анъана тусини олгани, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий йўналиш ва устувор вазифаларини олдиндан белгилаб бераётгани халқимизни  руҳлантирмоқда, келажакка умид ва ишонч уйғотмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу гал ҳам Мурожаатнома воситасида 2021 йил давомида давлат ва жамият тарақиётининг асосий йўналишларини халқ вакиллари тимсолида бутун Ўзбекистон аҳлига очиқ-ойдин билдирди. Ва у нафақат халқимиз, балки хорижлик давлат ва жамоат арбоблари, халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлмоқда.

Мурожаатномада айтилганидек, белгиланган ислоҳот ва устувор вазифалар халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутилган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқ.

Бугунги мавжуд ҳолат давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори Бобоқул ТОШЕВ билан ана шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Мурожаатномада кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан зиёд марказлашгани, уларнинг вазифалари аниқ ва тўғри белгиланмагани туфайли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжудлиги, бу эса, натижада ўрта бўғин раҳбарларида ташаббускорликни сўндиришга сабаб бўлаётгани таъкидланди.

— Маъмурий ислоҳотлар даврида давлат бошқаруви идораларини институционал такомиллаштириш, ўз навбатида, улар қабул қиладиган қарорлар механизмларини ҳам такомиллаштиришни тақозо этади.

Давлат бошқаруви органлари, яъни вазирлик ва идораларда қарорлар ҳанузгача “юқоридан-пастга” тамойили асосида қабул қилинмоқда. Бу эса жойларда тўпланиб қолган ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни ўрганмасдан, таҳлил қилмасдан қарорлар қабул қилиш амалиёти ҳозир ҳам давом этиб келаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юқори инстанция бирор қарор қабул қилса, унга бўйсунувчи қуйи ташкилот ва идоралар ҳам ана шунга мослаб қарор қабул қилиши таомилга айланган. Бунинг натижасида қуйи идоралар қабул қилган қарорлар доираси чегараланиб қолмоқда, қолаверса, уларда ўша жой — ҳудудга  хос хусусият ва муаммолар инобатга олинмаяпти.

Ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан амалдаги қонунчилик базаси, норма ижодкорлиги, қабул қилинган қарорларнинг сифати ва ижроси бўйича олиб бориладиган мониторинг натижаларига бевосита боғлиқ.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ва кўлами ҳам ошиб боряпти. Бироқ ўрганишлар қонун ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш етарлича ташкил қилинмагани, улар самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тўлиқ йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш уларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш ҳамда ижроси мониторингини тўғри йўлга қўйишдан иборат.

Шу боис, 2019 йил 2 ноябрда  қабул қилинган “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, уларнинг асосларини белгилаш, такомиллаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш белгиланди.

Туб ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари айрим ҳолларда амалиётга мақсадга мувофиқ тарзда қўлланилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги мумкин. Қолаверса, бу камчиликлар назорат қилувчи идоралар томонидан текширилган пайтдагина аниқланади.

Текширишлар якунида камчиликлар бартараф қилиниб, ҳужжатлар ижросини тўғри йўлга қўйиш ва таъминлаш ҳақида зарурий кўрсатмалар берилади. Бироқ бу орада энг қимматли нарсалар — вақт ва одамлар ишончига дарз кетиши мумкин.

Ислоҳотлар шиддатли давом этаётган жараёнда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари самарадорлигини баҳолаш зарурияти юзага келиши табиий. Бу эса мазкур жараённи тартибга солишни тақозо этади. Кўп мамлакатлар тажрибасида қонун ижодкорлигининг сифати ва самарадорлигини таҳлил қилишда ҳуқуқий мониторинг асосий восита сифатида хизмат қилмоқда. Мониторинг амалдаги ва қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини тартибга солади, улар ижроси ҳамда мақсадга мувофиқлигини таъминлайди.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мониторинги уларни янада такомиллаштириш, янги меъёрлар, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш,  таъсири паст ёки ўз кучини йўқотган меъёрларни бекор қилиш, ҳаракатдан тўхтатиш, ҳар бир тармоқ, соҳа ёки ҳудудга хос ва мос қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Мониторинг жараёнида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқни қўллаш амалиётига қанчалик мос экани ўрганилади, уларда қўлланилган асосий тушунча ва атамалар яхлит кўриниш ва тизимга солинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини янада ошириш мақсадида Адлия вазирлиги давлат бошқарув идораларида ҳуқуқий мониторинг ўтказиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланган. Ушбу вазифа бугунги кунда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан белгиланган муддат ва тартибда ижро этилмоқда.

Вазирлик ва идоралар  ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилгандан сўнг қарорлар қабул қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар бир идора қабул қилган қарор, энг аввало, ўша ташкилотнинг Низоми, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ваколатлар, функция ва мажбуриятлар доирасида қабул қилинса, унинг ижроси ҳам тўлиқ таъминланади, ҳам ҳуқуқий тартибга солинади.

Ҳар бир идоранинг ўзи мустақил равишда пухта ва сифатли  қарорлар қабул қилса, меъёрларни қўллашда ягона талқин ва амалиёт шаклланса, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқариш имкони яратилади, сарсонгарчилик ва оворагарчиликларнинг олди олинади.

Вазирлик, ташкилот ҳамда уларнинг ҳудудий идоралари ёки тармоқлари томонидан мустақил қарорлар қабул қилиниши, аввало, юқори органларнинг қуйи органлар ишларига асоссиз аралашувининг олдини олади, бюрократиядан холи бўлган либерал бошқарувни йўлга қўяди.

Энг асосийси, кераксиз ҳисоботлар талаб қилиш ва қўл остидаги шахсларга нисбатан турли жазо чоралари қўллаш барҳам топади.

— Давлат бошқаруви органлари, яъни вазирлик ва идораларнинг бир-бирига ўхшаш ваколатларни амалга ошириши, функцияларини такрорлаши, ваколатига кирмайдиган ишларни бажариши ислоҳотларни тўлиқ амалга оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани сир эмас...

— Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнининг тизимли таҳлили ва аҳоли билан мулоқот натижалари давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари  фаолиятида ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи  камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. 

Шу боис, ­давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 сентябрдаги“Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Концепцияда ижро ҳокимияти органлари (вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва бошқалар) ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегараланмагани уларнинг давлат аппаратидаги ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаётгани, айрим ижро ҳокимияти органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив характерга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли даражада эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатлари мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани назарда тутилган.

Ижро ҳокимияти органларининг ўзларига хос бўлмаган функцияларни бажариши иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг давлат томонидан ҳаддан зиёд тартибга солиш ёки назорат қилишга олиб келяпти.

Маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда вертикал бошқарув тизими ва ижро ҳокимияти органлари ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган. Давлат функция ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлашгани ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ролининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Концепцияда айрим ташкилот ва идораларнинг вазифаси фақат статистика тўплашдан иборат бўлиб қолгани, фаолиятни баҳолашнинг самарасиз тизими кўп ҳолларда жойлардаги  ҳақиқий аҳвол ва вазиятни акс эттиролмаётгани қайд этилган.

Шу боис, Мурожаатномада  ҳукуматга бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюро­кратик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси топширилди. Мазкур ишларни амалга оширишда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш  назарда тутилган.

Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида давлат бошқарувини номарказлаштириш принципи асосида “юқоридан-қуйига” қараб институционал такомиллаштириш талаб этилади. Бунда барча давлат бошқаруви органларини Вазирлар Маҳкамаси ташкил этиши, улар фаолиятини таъминлайдиган тегишли ҳужжатларни бевосита ўзи тасдиқлаши, уларнинг раҳбарлари Парламент томонидан вазифага қўйилиши изчил давом эттирилади.

Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари фақат ўзининг юқори турувчи органига бўйсуниши лозим. Айниқса, туман (шаҳар) даражасидаги идораларнинг ҳам ўзининг юқори органига, ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўйсуниши жойларда давлат бошқаруви ва ижрони ташкил этишда турлича ёндашувларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 11-моддасида давлат ҳокимият органларининг бўлиниш принципи қатъий белгилаб қўйилган.

Барча даражадаги вазирлик, идоралар, уларнинг ҳудудий тузилмалари вазифаларини аниқлаштириш ҳамда қатъий белгилаб қўйиш, бир-бирларининг функцияларини такрорламаслик йўлидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади.

— Ўрта бўғин раҳбарларининг масалани ҳал қилишда ташаббуси ва иштирокини қандай ошириш мумкин?

— Мурожаатномада давлат бошқаруви органлари ҳудудий тузилмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг жойлардаги муаммо ва масалалар ечимини топиш ва ҳал этишда  ташаббусини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз 2021 йилда давлат бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади, деб қатъий ишонч билдирди.

 2021 йилдан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Яъни юқори турувчи орган сифатида эндиликда вазирлик ва бошқа идоралар ҳар бир ҳудудда ўз ваколатига кирадиган масалаларни аниқлайди, тизимли муаммоларни топади, соҳавий қонун ҳужжатларининг қўлланишини ўрганади ва уларнинг ечимини кўрсатадиган манзилли қарорлар қабул қилади.

Қарорда кўрсатилган вазифалар ижроси бўйича масъуллар тайинланади ва шахсий ҳисобдорлик йўлга қўйилади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман, шаҳар, қишлоқ ҳамда маҳаллада амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.

Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар ўзларининг қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаб ҳамда замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун масъул бўлади.

Энди ҳар бир вазирлик ва идора ҳамда уларнинг қуйи бўғинларида хизмат қилаётган барча мақомдаги ходимлар малакасини узлуксиз ошириш тизими жорий этилади. Бундан кейин барча ходим аввалгидек белгиланган маълум муддатларда эмас, балки ривожланган мамлакатларда кенг қўлланиладиган “кредит-модуль” тизимига асосланган малака ошириш тизимини ишлаб чиқади.

Бунда давлат идораларида ишлаб келаётган ходимлар мунтазам равишда ўқийди, малака оширади ва қайта тайёргарликдан ўтади. Шу орқали келажакда маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади.

Парламент Вазирлар Маҳкамаси билан бирга, 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади. Бу ҳужжатларда ҳокимлар, уларнинг ўринбосар ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланади.

Юқорида кўрсатилган барча иш ва тадбирлар ўрта бўғин раҳбарларини танлаш, вазифага қўйиш, уларнинг масъулиятини кучайтириш, ҳар қандай масалани ҳал этишда ташаббускорлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, ислоҳотлар айнан қуйи бўғинлар орқали таъминланади.

— Мурожаатномада рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳисобидан ходимлар сони ва иш жараёнларини оптималлаштириш чора-тадбирлари кўрилмаётгани танқидий баҳоланган...

— Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки келажак бошқаруви ақлли технологиялар ва инновацион бошқарув усулларига бевосита таянади.

Давлат бошқаруви органлари фаолиятида KPI (асосий ишлаш кўрсаткичи) тизимига асосланган баҳолаш ва ҳисобдорлик тизимини жорий этиш идораларнинг самарадорлигини ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга имкон беради.

KPIдан фойдаланиш муассасага нафақат бозордаги ўрнини баҳолаш, балки фаолиятининг ички механизмларини ҳам кўриб чиқиш учун шароит яратади.

Ривожланган хорижий мамлакатларда бундай тизимнинг қўлланилиши ижобий натижа бермоқда. Ходимларнинг фаолиятини KPI кўрсаткичлари асосида кўриб чиқиш ривожланиш учун яна бир қадам бўлди. KPI тизимида идора ходимлари фаолияти самарадорлиги рақамлар орқали ўлчанади.

Индикаторлар бўйича ҳисобот тайёрлангач, режалаштирилган мақсадга қанчалик даражада эришилгани, режалар қай даражада тўғри белгиланганини баҳолаш мумкин. Эришилган самарадорлик натижаси стратегик ва тактик мақсадларга тузатиш ва қўшимчалар киритишга кўмаклашади.

KPIдан фойдаланиш корхона, ташкилот, муассаса ва ходимларга нисбатан ҳам қўлланилади. У корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг мотивацияли ва самарали тизимини кўрсаткичлар воситасида кўриш имконини беради. Лекин бундай ҳолатда кўрсаткичларни ҳисоблаш имкони яратилиши зарур.  Кўрсаткичларнинг икки асосий — сифат ва миқдорий категорияси мавжуд.

Идора ва ходим фаолияти қониқарсиз ёки паст даражада, деб баҳоланган тақдирда, устама белгилаш, мукофот пули ва бошқа моддий рағбатлантиришга йўл қўйилмайди. Корхона ва ходим фаолияти самарадорлигини тизимли мониторинг қилиб бориш мақсадида муассасанинг расмий веб-сайтидаги тегишли шакл тўлдирилади ва ана шундай йўл билан улар эришаётган натижалар кўрсаткичларини электрон кўринишда кузатиш имкони пайдо бўлади.

Бошқарувга рақамли технологияларни жорий этиш ходимлар сонини қисқартириш, уларнинг ишчанлик қобилиятини баҳолаш, идора ёки корхонага қанчалик фойда келтираётганини аниқлаш, ҳужжатлар ижроси очиқлигини таъминлаш ва корхона ривожига қай даражада ҳисса қўшаётганини белгилаш имконини беради.

Ривожланган давлатлар бошқарувида рақамли технологиялар иш берувчи ва ижрочи (ходим) ўртасида бозор қонуниятларига асосланган фойдали меҳнат коэффициентини аниқлашга хизмат қилади. Бундан ташқари,  рақамли иқтисодиётнинг бир кўриниши сифатида ҳар бир ходим иши самарадорлигини баҳолаш имкониятини яратади.

Ходимнинг ишлаётган идорасида обрўсини оширадиган, меҳнатига адолатли ва муносиб маош тўланадиган, очиқ ва аниқ баҳолаш шакли саналади.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли технологияларни давлат бошқаруви органлари фаолиятида кенг жорий этиш кам сонли, ихчам ва тезкор бошқариладиган идораларни шакллантириш сари қўйилган муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Исмат ХУДОЁРОВ суҳбатлашди.