Мамлакатимиз ўз олдига жуда катта мақсад ва вазифалар қўйган. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш пухта ўйланган, узоқ йилларга мўлжалланган, бир-бирини мантиқан тўлдирадиган ва ўзаро узвий боғлиқ бўлган стратегик мақсад, вазифалар сирасига киради. Бу улкан жараён, албатта. Бунинг учун билимли ва салоҳиятли кадрлар зарур.
Шу боис, давлатимиз раҳбари кун тартибига таълимнинг барча соҳасини изчил ва тубдан ислоҳ қилиш, уни комплекс ривожлантириш вазифасини қўйди. Таълим ва инсон капиталини ривожлантириш мамлакатимиз Тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши сифатида белгиланди. Қолаверса, жорий йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилганини ҳам бошланган улкан ишларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ҳам таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, кейинги олти йилда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етган. Айни пайтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш учун жадал ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларга бу борада барча зарур шарт-шароитларни яратиш таълим соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки айни пайтда мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келяпти.
Ўқувчиларда касб-ҳунарга қизиқиш уйғотиш, муайян кўникма ва малака пайдо қилиш, қобилиятини тўғри йўналтириш, бўш вақтини мазмунли ўтказишда мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги “Баркамол авлод” мактабларининг ҳам ўрни беқиёс. Бугунги кунда жойларда 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу мактабларнинг асосий вазифаси мактабдан бўш вақтини 82 турдаги тўгаракларга жалб қилган ҳолда, ўқувчиларнинг мустақил, креатив фикрлаши, қатъий позициясига эга бўлиши, касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини эгаллаши, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат. Энг асосийси, ушбу мактабларда ўғилқизлар ҳунармандликдан тортиб робототехникагача, маданиятдан тортиб спортгача, олий таълимга тайёрловдан тортиб хорижий тилларгача мустаҳкам билим ва кўникмаларни эгаллаяпти.
Биз ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Уларни ёшларимиз мукаммал ўрганиши ва амалиётга татбиқ этиши замон талаби. Шу боис, ўқувчиларда техник воситалар ва компьютер технологияларини ўргатиш ҳамда техник ижодкорликни ривожлантириш мақсадида ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ёшлари фантехника тараққиёти асрида” онлайн кўрик-танлови ташкил этилди.
Қобилиятсиз бола бўлмайди. Фақат унинг қизиқиш ва интилишларини билиш, шунга мувофиқ тўғри йўналтириш, иқтидорини кашф этиш ва рағбатлантириш лозим. Ўргатиш жараёнида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, йигитқизларда ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак фазилатларни ҳам уйғотиш зарур.
Айни шу мақсадда тўгарак аъзолари учун йил давомида 20 та кўрик-танлов ташкил этилди. Уларда 236 мингдан зиёд ўғил-қиз, қарийб 20 минг педагог иштирок этди. Болалардан 143 нафари халқаро миқёсдаги танловларда ғолибликни қўлга киритди. Бундан ташқари, “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳузурида иқтидорли болалар кенгаши ташкил этилди. Ўтган йил давомида кенгаш аъзолари ўтказган тарғибот ишлари туфайли 75 минг 236 нафар ўқувчи қамраб олинди. Улар орасидан мингдан зиёд иқтидорли болалар рўйхати шакллантирилди.
Туман марказида ташкил этилган тўгаракларга қатнаш имконига эга бўлмаган ўқувчилар учун ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғини қошида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 163 та тармоқ тўгараги фаолияти йўлга қўйилди. Имконияти чекланган болаларни қўллабқувватлаш мақсадида 58 та махсус мактаб-интернатда 346 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 7 минг 549 нафар ўқувчи жалб этилди.
Қувонарлиси, халқаро алоқаларимиз ҳам ривожланмоқда. Жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда “Баркамол авлод” болалар мактабларида ахбороткоммуникация технологиялари йўналишидаги мутахассислар малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмасини ривожлантириш учун жойларда семинарлар ташкил этилди. Бунинг натижасида замонавий турдаги дастурлаш тўгаракларини ташкил этиш имконияти пайдо бўлди. Ҳозир рақамли технологиялар ривожланган, тезкор ахборот асрида яшаяпмиз. Бугунги ўқувчилар ҳам кечагидек эмас. Уларнинг салоҳияти, имконияти ва дунёқараши ҳам илғор.
Шу маънода, Президентимизнинг ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас. Ҳозирги ўғил-қизларимиз келажак одами. Уларга зарур билимларни бериш, соҳада изчил ва туб ислоҳотларни амалга оширишда “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти бугунги кун талаблари асосида ташкил этади. Лўнда қилиб айтганда, ислоҳотларга камарбаста бўлишга интилади.