— Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида фаолият бошлаган Хаттотлик мактаби бугун жамоатчилик ва ёшларни қай даражада қизиқтира оляпти?

— Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатимиз, балки дунё жамоатчилиги эътиборидаги улкан мегалойиҳа. Унинг ҳузурида очилган Хаттотлик мактаби эса аждодларимиздан мерос бўлган ёзув санъатини қайта тиклаш, асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказишга хизмат қилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, хаттотлик санъати йўқолиб кетмаслиги, балки ривожланиши ва кенг оммага ўргатилиши шарт. Ана шу эзгу ғоя асосида мазкур мактаб фаолияти йўлга қўйилди.

Бугун мактабга қизиқиш катта. Расман фаолият бошлаганига ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлса-да, рўйхатдан ўтганлар сони аллақачон мингдан ошди. Улар орасида ёшлар, ўрта ёшлилар, шунингдек, катта ёшдагилар ҳам бор. Бу хаттотлик санъатига қизиқиш жамиятнинг турли қатламларини қамраб олганини кўрсатади.

— Қадимий санъатга асосланган мактаб қандай тарихий мерос ва маънавий қадриятларга таянади?

— Юртимиздан етишиб чиққан буюк хаттот ва алломалар жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Улар яратган қўлёзма ва ёзув намуналари бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, хаттотлик санъатини қайта тиклаш фақат маданий ташаббус бўлиб қолмай, тарихий хотира ва миллий ўзликни англаш билан боғлиқ муҳим жараёндир. Мактаб айнан шу бой меросни қайта жонлантириш ва тизимли равишда авлодларга етказишга хизмат қилади.

— Таълим жараёни қандай мазмун ва услубларга асосланади? Унинг ўқувчилар ҳаётига таъсири ҳақида нималарни айтиш мумкин?

— Албатта, мактабдаги таълим жараёни анъанавий ва замонавий ёндашувлар уйғунлигига асосланган. Бу ерда нафақат хат ёзиш техникаси, балки ҳуснихат маданияти, эстетик дид ва сабр-тоқат каби фазилатлар ҳам шакллантирилади. Таълимнинг бепул экани ҳам кенг жамоатчилик учун катта имкониятдир. Турли касб эгалари, айниқса, илгари бу санъатни ўрганиш имконига эга бўлмаганлар бугун ушбу дарсларда фаол иштирок этмоқда.

Айрим ҳолатлар эса мактабнинг чуқур маънавий таъсирини яққол намоён этади. Масалан, нуронийлардан бири узоқ йиллик орзусини амалга ошириш мақсадида мактабга келиб, катта ҳаяжон билан таълим жараёнига қўшилди. Бу каби мисоллар хаттотлик мактабининг инсон ҳаётида руҳий уйғониш ва маънавий қаноат манбаи бўлаётганини кўрсатади.

— Мактабнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ҳақида қандай фикр билдирасиз?

— Мактаб фаолияти халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. У халқаро хаттотлик мактаби сифатида эътироф этилиб, ўқув жараёнини хорижий мутахассислар ҳам юқори баҳолади. Айниқса, халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиши ташаббуснинг аҳамиятини янада оширди. Бу эса Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва дунё миқёсида тарғиб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини кўрсатади.

Мактабнинг очилиш маросимида иштирок этган халқаро экспертлар ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини юқори баҳолади. Жумладан, Ислом тарихи, маданияти ва санъати тадқиқотлари маркази — IRCICA директори Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотлигининг жаҳон маданиятидаги ўрни, юксак эстетик ва маънавий қимматини алоҳида таъкидлади. Туркия қўлёзмалар бошқармаси директори Жошқун Йилмаз эса Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ эканини қайд этди. Буюк Британиядаги “Ал-Фурқон” Ислом мероси жамғармаси директори Сали Шаҳсуворий ҳам темурийлар даврини ҳақиқий интеллектуал ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.

— Фаолиятни янада ривожлантириш бўйича қандай истиқболли режалар кўзда тутилган?

— Келгусида фаолият кўламини янада кенгайтириш, замонавий ва инновацион таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилган. Хусусан, онлайн таълим платформаларини ишга тушириш орқали хорижий ўқувчиларни жалб этиш мақсад қилинган. Бу орқали хаттотлик санъатини нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш имконияти ҳам янада ошади.

— Қизиқувчан ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

— “Амаллар ниятга боғлиқдир” деган ҳикматда чуқур маъно мужассам: инсоннинг келажаги унинг нияти, камоли эса амаллари билан белгиланади. Бугун юртимиздаги улкан ислоҳотлар, маънавий уйғониш ва тараққиёт жараёнлари ҳам ана шундай эзгу ниятлар самараси эканини англаш қийин эмас.

Аждодларимиз, азиз авлиёлар қолдирган бой маънавий мерос, уларнинг орзу-интилишлари ва меҳнатлари бугунги фаровон ҳаётимизга мустаҳкам замин яратди. Шу боис, ҳар биримиз ўз соҳамизда сидқидилдан меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.

Дурдона РАСУЛОВА суҳбатлашди.