Пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари — Элбек Зоҳиджонов ва Асилбек Суннатовнинг ота-оналари бугунги таълим ислоҳотлари мевасини кўриб турибди. Зеро, иккала ўқувчи ҳам АҚШнинг нуфузли олийгоҳларидан бири — Массачусетс технологиялар институтининг (МТИ) 100 фоизли грантини қўлга киритди. Ушбу грантнинг умумий қиймати 385 минг долларни ташкил этади.

Дунёнинг биринчи рақамли техника университети бўлган МТИ илм-фан ва инновациялар маркази сифатида танилган. Ҳар йили университетга ҳужжат топширадиган минглаб ёшларнинг қабул кўрсаткичи атиги 4 фоиз эканидан рақобатни тахмин қилаверасиз. 100 дан ортиқ Нобель мукофоти совриндори етишиб чиққан олийгоҳга ҳужжат топширишнинг ўзи ҳам шу маънода бир ютуқ, аслида. Асилбек ва Элбекнинг талабаликка қабул қилиниши эса мамлакатимиз миқёсидаги улкан натижа. Зеро, молиявий жамғармаси қарийб 25 миллиард доллар бўлган МТИ иқтидорли талабаларга йирик тадқиқотлар ўтказиши учун чексиз имкониятлар беради. Шу жиҳатдан йигитлар халқаро олийгоҳларда ўқиш орзусида юрган тенгдошлари қалбидаги учқунни алангалатган бўлса, ота-оналарнинг эса бу йўлдаги масъулиятини янада оширди. Энди профессионал таълимга йўналтирилаётган сармоя салмоғи ортса ортадики, сира камаймайди.

Кичиклигидан математикага, 7-синфдан информатикага қизиқиши ортган Асилбек Суннатов 9-10-синфларда халқаро нуфузли математика олимпиадасида икки марта кумуш медаль совриндори бўлди. Ихтисослаштирилган мактабдаги устози Камолиддин Юсупов унинг математикага қизиқишини янада оширди. Бунинг учун унга вақт ажратиб, илми ва меҳрини аямади. Чанқоқ шогирд эса SAT, IELTS имтиҳонларидан юқори натижаларни қўлга киритди. Ўтган йили халқаро информатика олимпиадасида Ўзбекистон тарихидаги биринчи кумуш медалга эришди.

— МТИга қабул натижаси чиққан пайт, тўғрисини айтсам, ўзимни салбий хабарга ҳам руҳан тайёрладим. Чунки дунёда биринчи ўринда турадиган университетга кириш имконияти жуда пастлигини биламан. Бироқ натижаларни кўрган пайтим “Табриклаймиз!” деган ёзувни ўқидим-у, кўзларимга ишонмадим. Элбек ва устозларимиз билан бирга эдик. Улар ҳам севинчдан қийқириб юборди. Бир мактабдан икки ўқувчининг қабул қилинишини кутмаганимиз учун сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ҳаяжонда қолдик. Бир-биримизни табрикладик, — дейди Асилбек Суннатов.

Ўзининг МТИга қабул қилинишидан кўп умидвор бўлмаган, мактабдоши учун қувониб турган Элбек Зоҳиджонов ҳам омади келганига дастлаб ишонмади. Зеро, ўша паллагача барибир балим етмаса керак деган ўйда эди. Шунинг учун ҳам ўзи эришган натижа уни ижобий маънода довдиратиб қўйди.

Йигитлар ўзи ўқиётган мактабда замонавий шарт-шароитлар етарлилиги баробарида ўқитувчиларининг барчаси тажрибали эканини муваффақиятининг муҳим омили деб билади. Бундай имконият халқаро университетларга ўқишга киришда катта ёрдам бергани, давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда янгича ёндашувларни таклиф қилаётгани бежиз эмаслигини алоҳида эътироф этди.

— Бундай шароитларсиз дунёга чиқишга умуман имконимиз бўлмас эди. Чунки халқаро олийгоҳларга ҳужжат топшириш учун кўрсаткичлар анча юқори бўлиши керак, — дейди Элбек Зоҳиджонов. — МТИ дунё бўйича энг кучли ўқувчиларни танлаб олади. Биз эса ана шундайлар билан беллашиш учун фақат ва фақат профессионал билим олдик. Мактабимизда дарслар бошқачароқ форматда, қийинлаштириб ўтилади. Олимпиада пайтида ана шу формат жуда асқатди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб таълими халқаро андозалар даражасига чиқяпти. Мактабда халқаро бакалавриат (International Baccalaureate)нинг ўрта йиллик (Middle Years Programme) дастури бўйича аккредитация жараёни муваффақиятли ўтди. Муассаса Ўзбекистондаги ушбу нуфузли халқаро мақомга эга илк давлат мактаби бўлди.

— Ўқувчиларимиз нуфузли ОТМга ўқишга кириб, бобомиз Муҳаммад Хоразмий ворислари эканини амалда кўрсата олди. Бу, аввало, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси. Қолаверса, агентлик тизимида яратилган шарт-шароитлар, мактабдаги педагоглар фидойилиги ва ота-оналар ишончи ўқувчиларимизни улкан натижаларга етаклаяпти, — дейди мактаб директори Фазлиддин Исмоилов. — 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган мактабимизнинг ҳар бир ютуғи нафақат ўқувчиларнинг, балки ота-оналар, устозлар ва бутун халқимизники.

Дунёнинг етакчи техника университетида таҳсил оладиган ёшларимиз йирик тадқиқотлар билан шуғулланиши аниқ. Уларнинг бу борадаги режалари ҳозирданоқ аниқ.

— Халқаро фан олимпиадасида қатнашишнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Жуда кўп китоб ўқиш, керакли маълумотларни йиғиш керак, — дейди Асилбек Суннатов. — Шунинг учун, биринчи навбатда, юртимизда олимпиада соҳасини ривожлантириш, ўзим каби ёшларга амалий ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Сабаби, бизда олимпиадаларга ­тайёргарлик кўриш учун керакли материаллар етарли эмас. Қолаверса, сунъий интеллект бўйича ҳам тадқиқотлар ўтказмоқчиман.

Бу йил мактабни тамомлаш арафасида турган Элбек эса халқаро математика олимпиадасида биринчи олтин медални Ватанимизга олиб келиш орзусида. “Чунки юртимизда ҳали ҳеч ким бу олимпиадада олтин медаль олмаган”, дейди у.

Асилбек ва Элбекка кўп ота-оналар, тенгдошлари ҳавас билан қарайди. Бу ҳавас ҳали кўплаб ўғил-қизларимизни юксак марраларга етаклаши шубҳасиз.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири