Тадбирда 150 нафарга яқин Испания вакиллари, хусусан, Валенсия ҳамжамиятидаги ҳукумат расмийлари, дипломатия корпуси, ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил ва ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ўзбек ватандошлари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниев нутқ сўзлаб, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси ва Испания Қироллиги ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда ривожланиб бораётгани ҳамда Испаниянинг Ўзбекистонда элчихонасини очиш борасидаги Испания ҳукуматининг қарори икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга туртки бўлишига умид билдирди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Йиғилганлар ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий мероси ва анъаналари, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан таништирилди.

Хусусан, мамлакатимизда туризм салоҳиятини ривожлантириш, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган кўплаб ноёб меъморий ёдгорликларни реконструкция ва реставрация қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда янги ташкил этилган «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази ва у ерда хорижий саёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотларининг намуналари  ҳам намойиш этилди.